ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 11 апреля 2018 г.

«Иймон келтирдик»

«Эй Пайғамбар! Оғизлари ила: «Иймон келтирдик» деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганларнинг куфрга ошиқадиганларидан хафа бўлма. Улар ёлғонни кўп эшитурлар, сенга келмаган қавмлардан ҳам эшитурлар. Сўзларни жойларидан ўзгартирурлар. Улар: «Агар сизга бу берилса, олинглар, агар бу берилмаса, ҳазир бўлинглар», дерлар. Аллоҳ кимни фитнага солишни ирода қилса, унга Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани
тўса олмассан. Аллоҳ ана ўшаларнинг қалбларини поклашни ирода қилмади. Уларга бу дунёда шармандалик бор. Уларга охиратда улкан азоб бор». («Моида» сураси, 41-оят)
Ушбу ояти каримани яхши англашимиз учун аввалам бор нозил бўлиш сабабини билиб олишимиз зарур бўлади. Муфассир уламолар бу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида икки хил сабабга ишора қилганлар.
Биринчиси: Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Яҳудийлар зино қилган бир яҳудий эркак ва бир яҳудий аёлни Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига олиб келдилар.
Шунда у Зот уларга:
«Сиздан зино қилган шахсга нима қиласизлар?» дедилар.
«Иккисининг юзига қора суртиб, урамиз», дейишди.
«Тавротда тошбўронни топмайсизларми?» дедилар.
«Унда уни топмаймиз», дейишди.

Шунда Абдуллоҳ ибн Салом:

«Ёлғон айтдингиз! Агар ростгўй бўлсангиз, Тавротни келтиринглар. Уни тиловат қилинглар», деди.

Қачонки тошбўрон ояти келганда, ўқиётган уни қўли билан тўсди. У ундан олдинги ва кейинги нарсани ўқиди. Тошбўрон оятини ўқимади. Кейин у қўлини олди.

«Бу нима?» дедилар.

Уни кўрганларидан кейин:

«Бу − тошбўрон ояти», дейишди.

Иккинчиси: имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Аллоҳ таоло бу оятларни яҳудийларнинг икки тоифаси тўғрисида нозил қилган. Жоҳилият даврида улардан бири иккинчисини енггандан сўнг ўзаро келишиб: «Агар обрўли тоифа обрўсиз тоифадан бирор кишини ўлдириб қўйса, эллик васақ хун тўлайди. Аммо обрўсиз тоифа обрўли тоифадан бирор кишини ўлдириб қўйса, юз васақ хун тўлайди», дейишган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келгунларигача мазкур шартнома асосида иш тутар эдилар. У киши келганларидан кейин обрўсиз тоифа обрўли тоифадан бир кишини ўлдириб қўйди ва орада жанжал чиқди. Обрўли тоифа ўлдирилган аъзоси хунига юз васақ хун талаб қилди. Обрўсиз тоифа эса: «Дини бир, насаби бир, юрти бир икки тоифа аъзоларидан бирининг хуни иккинчисиникидан икки баробар бўлиши қаерда бор? Биз авваллари сизнинг сиқувингиз ила, қўрққанимиздан берар эдик. Энди эса Муҳаммад келгач, бермаймиз», дедилар. Ораларида уруш чиқишига оз қолди. Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ўртага ҳакам қилишга келишдилар. Бир оздан сўнг обрўли тоифа ўзаро кенгашиб: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад улардан бизга икки баробар хун олиб бермайди. Улар рост айтишади: кўп миқдор хунни бизнинг сиқувимиз остида, биздан қўрққанларидан берар эдилар. Муҳаммадга билдирмасдан одам юборинглар, унинг фикрини билиб келсин. Агар сизлар хоҳлайдиган нарсани берадиган бўлса, уни ҳакам қиласизлар. Мабодо уни бермайдиган бўлса, ҳазир бўласизлар ва ҳакам қилмайсизлар», дейишиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига баъзи мунофиқларни пинхона юбордилар. Аллоҳ Пайғамбарига уларнинг хабарини берди ва режаларини билдириб:

«Эй, Пайғамбар! Оғизлари ила: «Иймон келтирдик» деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганларнинг куфрга ошиқадиганларидан хафа бўлма» оятини «фосиқун»гача туширди».

Энди оятни қисқача тафсир қиламиз.

Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: «Эй Расул» дея хитоб қиляпти. Бу шарафлаш ва улуғлаш хитобидир. «Оғизлари ила: «Иймон келтирдик» деб, қалблари иймон келтирмаганлар», улар мунофиқлардир. Аллоҳ азза ва жалла Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тасалли бериб, у Зотни мана шу икки тоифа, мунофиқлардан ва куфрга ошиқиб тезда унга эришадиган яҳудийлардан хафа бўлмасликка чақиряпти. «Улар ёлғонни кўп эшитурлар, сенга келмаган қавмлардан ҳам эшитурлар». Ёлғонлигини била туриб ўшани эшитурлар ва эшитишга ҳарис бўлурлар. Сенинг ҳузурингга такаббур қилиб, адоват қилиб келмаган қавмларга қулоқ солурлар. «Сўзларни жойларидан ўзгартирурлар». Яъни Тавротда келган ҳукмларни, ўзгартирурлар. Шариатларидаги ўзларига тўғри келмаган нарсани кетказиб, ўрнига хоҳлаганларини қўюрлар. «Улар: «Агар сизга бу берилса, олинглар, агар бу берилмаса, ҳазир бўлинглар», дерлар». «Муҳаммаднинг олдига боринглар. Агар осон ва бизга маъқул бўлган ҳукмни айтса, олинглар, осонини ва бизга маъқулини айтмаса, олманглар» дейдилар. Мисол, зино жазосида юзига қора суртиш ва уриш бўлса, олинглар, тошбўрон бўлса, олманглар. «Аллоҳ кимни фитнага солишни ирода қилса, унга Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани тўса олмассан». Аллоҳ кимнинг залолати ва куфрини ирода қилган бўлса, сенинг қўлингдан ҳеч нарса келмас. «Аллоҳ ана ўшаларнинг қалбларини поклашни ирода қилмади». Қилмишларига яраша Аллоҳ уларнинг қалбларини мараз ва залоатдан холи қилмас. «Уларга бу дунёда шармандалик бор. Уларга охиратда улкан азоб бор». Бу дунёнинг ўзида қилмишларига яраша хору зор бўлурлар. Охиратда эса дўзахда абадий қолурлар.

Расулига тасалли берган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин.

Аллоҳ, Ўзинг шарафлаган ва улуғлаган Расулингга саловот айтамиз, салом йўллаймиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий