Қорин соҳасидаги оғриқ
унинг сабаб ва оқибатлари
Аппендицит бўйича дастлабки операция эрамиздан бир неча минг йил олдин
ўтказилган: фиръавнлар даврида уларнинг XI авлодларидан бирининг мўмиёланган
танаси текширилганда ўнг ёнбош соҳасида кесилган чандиқ аниқланган. Бу
операция муваффақиятли бўлдими ёки беморнинг мўмиёга айланишига сабаб бўлдими,
бу номаълум. Лекин шуниси маълумки, узоқ асрлар олдин ҳам табиблар ушбу
касаллик ҳақида маълумотга эга бўлишган ва уни "йирингли ўсма" ёки
"ўнг ёнбошдаги йирингли оқма" деб аташган.
Аммо бу хасталикни улар қандай даволашни билишмаган ва шу сабабли
касалликдан одамлар даҳшатли тарзда ўлим топишган. Ундан тузалиш эса ниҳоятда
кам кузатилган. Эрамизнинг XVI асрларига келиб маълум бўлдики, ушбу азобланишни
кўричакнинг унча катта бўлмаган ўсимтаси чақираркан. Ўсимта яллиғланиб
йиринглайди, ёрилиб йиринг қорин бўшлиғига оқиб чиқади ва қорин пардани
яллиғлантиради. Бу ўсимта чувалчангсимон кўринишда бўлиб, кўричак тубида
жойлашган ва ҳеч қайси аъзо билан боғланмаган. Шунинг учун ҳам уни аппендикс
(лотинча) – кўричакнинг ортиғи деб номлашган.
Касаллик белгилари.
Хасталик кўпинча тўсатдан қоринда оғриқ пайдо бўлиши билан бошланади. Оғриқ
қорин устидан бошланиб, унинг ҳамма ерига тарқалади, бир неча соат ўтгач эса,
ўнг ёнбош - биқин соҳасидагина муқим ўрнашади. Беморнинг ўнг биқини доимо сирқираб
оғрийди, баъзан санчиқ туради. Тана ҳолатининг ўзгартирилиши, ишлаш ёки юриш
жараёнида ҳамда бемор йўталганида оғриқ кучаяди.