Оламларни тарбият қилувчи Аллоҳ таолога беадад
ҳамд бўлсин! Ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва унинг аҳли хонадонига
ва асҳобларига ва Унга сидқидилдан тобеъ бўлган барча издошларига салоту
саломлар бўлсин!
Инсон ўз-ўзини назорат қилмоғи лозим. Инсон
вужудининг назоратчиси бу – нафс. Инсонга вужудининг эҳтиёжини билдириш
жиҳатидан у лозимдир. Аммо бу нафсни ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ҳаддидан ошиб
кетади. Яъни шаҳавоти нафсония–нафс орзуларининг чегараси бўлмайди, давом этиб
кетаверади. Чегарадан чиқиб кетганидан кейин инсонни гуноҳларга бошлайди.
Масалан, ўғрилик қилдиради, бировнинг номусига кўз олайтиради, танбалликка
даъват этади, кўп ухлашга гирифтор қилади, бошқалар ишласин, мен текинга
яшайман, деб васвасага солади ва шунга ўхшаш бошқа гуноҳ ишларга чорлайди.