Рамазон ойининг
фазилати
Аллоҳ таоло айтади: “(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб, ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган” (Бақара, 185).
Рамазони шарифнинг фазилатлари кўп. Ўша фазилатларнинг энг улуғи Аллоҳ
таоло Ўз Каломини мана шу муборак ойда нозил қилганидир. Ўн икки ой ичидан
Қуръон нозил қилиниши учун Рамазони шариф танланиши, нафақат Қуръони карим,
балки Иброҳим алайҳис-саломга тушган саҳифалар ҳам, Таврот ҳам, инжил ҳам мана
шу ойда туширилгани ҳақиқатан ҳам бу ой Аллоҳ севган ой эканига очиқ
далолатдир.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар Рамазон (ойи) келса,
жаннат эшиклари очилади” (Бухорий ривояти).
Бу ривоятдан маълум бўладики, Рамазон ойида жаннат эшиклари очилади.
Бошқа ривоятларда бу батафсилроқ баён қилинган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ
رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:
إِذَا دَخَلَ شَهْرُ رَمَضَانَ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ السَّمَاءِ وَغُلِّقَتْ
أَبْوَابُ جَهَنَّمَ وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِينُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан ривоят қилади: “Агар
Рамазон ойи кирса, осмон эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва
шайтонлар кишанланади” (Бухорий, Муслим, Насоий, Аҳмад, Ибн Хузайма
ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Насоий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда Набий
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойи келса, раҳмат эшиклари очилади,
жаҳаннам эшиклари беркитилади ва шайтонлар кишанланади”, дейилган.
Ушбу ривоят шарҳида “Рамазонда бандалар ўзларининг жаннатга киришларига
сабаб бўладиган амалларни қилишга кўпроқ рағбат қиладилар, жаҳаннамга олиб
борувчи ишлардан, бошқа ойлардагига нисбатан, кўпроқ сақланадилар. Шайтонлар бу
ойда бандаларни йўлдан ура олмайди, уларга шаҳватларни зийнатлаб кўрсата
олмайди”, дейилган (“Ҳошиятус-суютий”).
Турбаштий ҳадисдаги “осмон эшиклари очилиши” раҳмат нозил бўлиши,
бандалар амаллари ҳусни қабул қилинишидан, “жаҳаннам эшикларининг ёпилиши”
рўзадорларнинг фаҳш ва мункар ишлардан тийилишлари, шаҳватларини сақлашларидан
киноя эканини айтган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ
قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا كَانَ أَوَّلُ
لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ صُفِّدَتْ الشَّيَاطِينُ وَمَرَدَةُ الْجِنِّ
وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ فَلَمْ يُفْتَحْ مِنْهَا بَابٌ وَفُتِّحَتْ
أَبْوَابُ الْجَنَّةِ فَلَمْ يُغْلَقْ مِنْهَا بَابٌ وَيُنَادِي مُنَادٍ: يَا
بَاغِيَ الْخَيْرِ أَقْبِلْ وَيَا بَاغِيَ الشَّرِّ أَقْصِرْ وَللهِ عُتَقَاءُ
مِنْ النَّارِ وَذَلكَ كُلُّ لَيْلَةٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ
وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан ривоят қилади: “Агар
Рамазон ойининг биринчи туни бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади,
дўзах эшиклари ёпилади. Улардан биронтаси очиқ қолмайди. (Шунингдек,) жаннат эшиклари очилади, улардан биронтаси ёпиқ
қолмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй, яхшилик истовчи, кел! Эй, ёмонлик истовчи, бас
қил!” дейди. Ва (унда) Аллоҳнинг
дўзахдан озод қилинадиган (банда)лари
бўлади. Бу ҳар кечада бўлади” (Термизий, Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақий ва
Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Демак, Рамазон ойининг биринчи тунидан бошлаб Аллоҳнинг раҳмати нозил
бўлади, жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади, васваса қилувчи
шайтон ва ўзбошимча жинлар кишанланади, улар мўминларга азият беролмайди. Шу
сабаб мўминлар солиҳ амалларни кўпроқ бажаришга ҳаракат қиладилар.
Баъзи уламолар ҳадисдаги “шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади”
жумласини далил қилиб, ҳамма шайтон ва жинлар ҳам кишанланавермайди, уларнинг
энг ашаддийлари Рамазон ойида кишанланади. Шу сабаб бу ойда гуноҳ-маъсият ишлар
камаяди”, дейишган.
Ҳадисдаги “нидо қилувчи” “Туҳфатул-аҳвазий” китобида: “Бу бир фаришта
томонидан айтилиши ёки Аллоҳ яхшиликка йўллашни хоҳлаган бандаси қалбига илқо
қилиниши мумкин”, дейилган.
“Эй, яхшилик истовчи, кел!” жумласи “1. Эй, солиҳ амаллар қилиш билан
савобга эга бўлишни истайдиган банда, Аллоҳнинг тоатига қаттиқ кириш, бу қулай
фурсатдир. Бунда оз амал учун ҳам жуда кўп савоблар берилади; 2. Эй, Биздан ва
тоатимидан юз ўгирган яхшилик умидидаги банда, Биз томонга юзлан ва тоатимизга
кириш. Зеро, барча яхшилик Бизнинг қудратимиз ва иродамиз остидадир”, деб
шарҳланган (“Туҳфатул-аҳвазий”).
Демак, Рамазоннинг биринчи тунидан охирги кунигача фазилатга тўла ҳолда
ўтаркан. Бу муборак ойда нафслар ҳам сокин тортар, банданинг солиҳ амалларни
қилишга рағбати ортиб, гуноҳлардан тийилиши осонроқ бўлар экан. Демак, банда бу
ойни ғанимат билиб, жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб амалларни қилиб қолиши, ҳар
бир сониядан унумли фойдаланиши керак.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ
قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَتَاكُمْ رَمَضَانُ
شَهْرٌ مُبَارَكٌ فَرَضَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ تُفْتَحُ فِيهِ
أَبْوَابُ السَّمَاءِ وَتُغْلَقُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَحِيمِ وَتُغَلُّ فِيهِ
مَرَدَةُ الشَّيَاطِينِ للهِ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ مَنْ
حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ
وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَعَبْدُ بْنُ
حُمَيْدٍ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан
ривоят қилади: “Сизларга муборак
Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Унда
осмон эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, ўзбошимча шайтонлар унда
занжирбанд қилинади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир.
Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, бас, маҳрум бўлибди” (Насоий,
Аҳмад, Байҳақий, Табароний, Ибн Абу Шайба ва Абд ибн Ҳумайд ривояти. Ривоят
санади саҳиҳ).
Бу фазилатларнинг барчаси Рамазон ойи нақадар улуғ ой эканига далолат
қилади. Сабаби Рамазондан бошқа фазилатли ойлар ҳам бор. Аммо улар Рамазон
ойининг даражасига ета олмайди. Уламолар бежизга бу ойни ўн бир ойнинг султони
деб васф қилишмаган.
Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:
1. Рамазоннинг муборак ой экани.
2. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини бандаларига фарз қилгани.
3. Рамазон ойида жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилиши ва
унда ўзбошимча шайтонлар кишанланиши.
4. Рамазонда бир фазилатли тун, яъни Лайлатул қадр кечаси борлиги. Ким
бу туннинг яхшилигидан маҳрум бўлса, жуда кўп нарсадан маҳрум бўлиши.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ
أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَقَى الْمِنْبَرَ فَقَالَ:
آمِينَ آمِينَ آمِينَ قِيلَ لَهُ: يَا رَسُولَ اللهِ مَا كُنْتَ تَصْنَعُ هَذَا
فَقَالَ: قَالَ لِي جِبْرِيلُ: رَغِمَ أَنْفُ عَبْدٍ أَدْرَكَ أَبَوَيْهِ أَوْ
أَحَدَهُمَا لَمْ يُدْخِلْهُ الْجَنَّةَ قُلْتُ: آمِينَ ثُمَّ قَالَ: رَغِمَ
أَنْفُ عَبْدٍ دَخَلَ عَلَيْهِ رَمَضَانُ لَمْ يُغْفَرْ لَهُ فَقُلْتُ: آمِينَ
ثُمَّ قَالَ: رَغِمَ أَنْفُ امْرِئٍ ذُكِرْتَ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْكَ فَقُلْتُ:
آمِينَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَسَنَدُهُ
حَسَنٌ صَحِيحٌ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга
кўтарилиб, “омийн, омийн, омийн!” дедилар. У зотга: “Эй Расулуллоҳ, қилган бу
ишингизни нима?” дейилди. У зот: “Жаброил менга: “Ота-онасидан икковини ёки
бирини топиб, жаннатга кира олмаган банданинг бурни ерга ишқалансин!” деди.
Мен: “Омийн!” дедим. Кейин у: “Рамазонга етиб, (гуноҳи) мағфират қилинмаган банданинг бурни ерга
ишқалансин!” деди. Мен: “Омийн!” дедим. Кейин у: “Унинг олдида сиз зикр
қилинганингизда сизга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалансин!” деди.
Мен: “Омийн!” дедим”, дедилар (Бухорий[1], Ибн Ҳиббон ва Ибн Хузайма ривояти.
Ривоят санади саҳиҳ).
Ҳадиси шарифларда Рамазон ойида имон ва савоб умидида рўза тутган,
кечаларини қоим қилган ва бошқа солиҳ амалларни бажарган бандалар гуноҳлари
мағфират қилиниши айтилган. Демак, мўмин бандалар Рамазон ойида солиҳ амалларга
қаттиқ киришиб, гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб ишларни бажаришлари керак.
Акс ҳолда ким шундай қулай фурсатни қўлдан чиқарса, бу кимса Набий соллаллоҳу
алайҳи ва салламнинг “бурни ерга ишқалансин!” деб айтган тоифалар қаторига
қўшилиб қолиши мумкин.
Арабларда “бурни ерга ишқалансин!” деганда “хор бўлсин” маъноси ирода
қилинади. Бошқа ривоятларда “ҳалок бўлсин!” деб келган. Демак, муборак Рамазон
ойидан унумли фойдалана олмаслик, бу ойда солиҳ амалларга эътиборсизлик яхшилик
аломати эмас экан.
عَنْ كَعْبِ بن
عُجْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَرَجَ يَوْمًا
إِلَى الْمِنْبَرِ فَقَالَ حِينَ ارْتَقَى دَرَجَةً: آمِينَ ثُمَّ ارْتَقَى
الأُخْرَى فَقَالَ: آمِينَ ثُمَّ ارْتَقَى الثَّالِثَةَ فَقَالَ: آمِينَ فَلَمَّا
نَزَلَ عَنِ الْمِنْبَرِ وَفَرَغَ قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ لَقَدْ سَمِعْنَا
مِنْكَ كَلامًا الْيَوْمَ مَا كُنَّا نَسْمَعُهُ قَبْلَ الْيَوْمِ قَالَ:
وَسَمِعْتُمُوهُ قَالُوا: نَعَمْ قَالَ: إِنَّ جِبْرِيلَ عَلَيْهِ الَسَلامَ
عَرَضَ لِي حِينَ ارْتَقَيْتُ دَرَجَةً فَقَالَ: بَعُدَ مَنْ أَدْرَكَ أَبَوَيْهِ
عِنْدَ الْكِبَرِ أَوْ أَحَدَهُمَا لَمْ يُدْخِلاهُ الْجَنَّةَ قَالَ: قُلْتُ:
آمِينَ وَقَالَ: بَعُدَ مَنْ ذُكِرْتَ عِنْدَهُ وَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْكَ فَقُلْتُ:
آمِينَ ثُمَّ قَالَ: بَعُدَ مَنْ أَدْرَكَ رَمَضَانَ فَلَمْ يُغْفَرْ لَهُ
فَقُلْتُ: آمِينَ. رَوَاهُ الْحَاكِمُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ
وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Каъб ибн Ужра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир
куни минбарга чиқиб, биринчи поғонага кўтарилганларида “Омийн!” дедилар. Кейин
иккинчи поғонага кўтарилдилар ва: “Омийн!” дедилар. Кейин учинчи поғонага
кўтарилдилар ва: “Омийн!” дедилар. У зот минбардан тушиб, фориғ бўлганларида:
“Биз бугун сиздан аввалда эшитмаган бир сўзни эшитдик?” дедик. У зот:
“Эшитдингизларми?” дедилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. Шунда у зот: “Мен биринчи
поғонага кўтарилганимда Жаброил менга ориз бўлиб, “ота-онасининг икковини ёки
бирларини кексалигида топиб, улар сабабидан жаннатга кира олмаган (кимса) ҳалок бўлсин!” деди. Мен: “Омийн!” дедим. У:
“Олдида сиз зикр қилинганингизда сизга салавот айтмаган (кимса) ҳалок бўлсин!” деди. Мен: “Омийн!”, дедим.
Кейин у: “Рамазонга етиб, (гуноҳлари) мағфират қилинмаган (кимса) ҳалок бўлсин!” деди. Мен: “Омийн!” дедим”, дедилар (Ҳоким, Ибн
Ҳиббон ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ерда юқоридаги ривоят бошқа сийғада нақл қилинмоқда.
عَنْ عُمَرَ بْنِ
الْخَطَّابِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ذَاكِرُ
اللهِ فِي رَمَضَانَ مَغْفُورٌ لَهُ وَسَائِلُ اللهِ فِيهِ لاَ يُخَيَّبُ. رَوَاهُ
الْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламдан ривоят қилади: “Рамазонда
Аллоҳни зикр қилувчи(нинг гуноҳлари) мағфират қилинади. (Рамазонда) Аллоҳдан сўровчи ноумид қилинмайди” (Байҳақий ва Табароний
ривояти. Ҳадис санади заиф).
Бу ерда Рамазон ойида рўзадорнинг Аллоҳни зикр қилиши ва У Зотга дуо
қилиши фазилатли экани айтилмоқда. Зеро, рўзадор ҳолда Аллоҳни зикр қилган
банданинг гуноҳлари мағфират қилинади, мартабаси янада кўтарилади. Рамазон
ойида рўзадор ҳолида Аллоҳга дуо қилган банданинг кўтарилган қўли бўш қайтарилмайди,
балки унинг дуоси ижобат бўлади, иншааллоҳ!
Зиёвуддин Раҳим
тайёрлади
Манба: www.muxlis.uz
Комментариев нет:
Отправить комментарий