Саҳарлик ва ифторлик фазилати
Рўза тутган киши учун саҳарлик ва ифторлик муҳим ўрин тутади. Саҳарликда барака бор. Саҳарликни охирги вақти – бомдод азонигача таъхир (кечиктириб) қилишни маъқул дейилган. Бунинг фойдаси шундаки, саҳарлик қилишга улгурган киши рўза тутишда қийналмайди, ўзини бардам ва тетик ҳис этади. Айрим кишилар уйқу ғолиб келганидан кечаси еган таом билан кифояланиб, саҳарлик қилишга эринадилар.
Анас розиялллоҳу анҳудан ривоят
қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака
бордир», дедилар». Аҳли китоблар рўзани саҳарлик қилмасдан тутишар экан.
Пайғамбаримиз шу жиҳатдан уларга ўхшаб қолишдан қайтарганлар. Саҳарликка
тура олмаган кишининг ишида унум бўлмайди, кун бўйи ўзини силласи қуриётгандек
лоҳас сезади. Айниқса, ёзда саҳарликнинг ўзига хос ўрни билинади. Саҳарлик
қилмаган кишига тутган рўзаси ҳам малол келиши мумкин. Чунки инсондаги барча
аъзолар етарли озуқа ва қувват олмас экан, ифтор вақтигача сабр қилиб туриш
осон бўлмайди. Ирода ва қатъият эса ҳар кимда ҳар хил. Ҳамманинг ҳам
саҳарлик қилмасдан рўза тутиши осон эмас.