Шифокорлар қасамёди ҳали ҳам амалдами?
Агар шифокор хатога йўл қўйса, мажбуриятларига масъулиятсизлик билан ёндашса, уни Гиппократ қасамёдига зид равишда иш тутганликда айблашади. Барча хабардор бўлган, аммо унинг тўлиқ мазмуни ҳақида озчилик биладиган ўша машҳур қасамёд аслида қандай, унинг пайдо бўлиш тарихи нима билан боғлиқ? Умуман, антик давр илм-фанининг дарғаларидан бири - Гиппократ номи билан аталадиган шифокорлар қасамёди ҳозирда ҳам ўз таъсир кучига эгами?
Мозийга назар...
Маълумки, шифокор бўлишни истаган ҳар бир инсон Гиппократ қасамёдини қабул қилади. Шу боис мутахассис у ёки бу сабаб тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортса, беморлар унинг мажбуриятларини айнан шу онт орқали эслатишга уринадилар. Чунки кўпинча Гиппократ қасамёди шифокорнинг инсонларга садоқатли хизмати ва унинг инсонийлик, холислик, фидойилик ғояларига содиқлиги билан уйғун ҳолда тушунилади.