Кексаликда қон босими кўтарилса...
Халқимизда «Қариси бор уйнинг париси бор» деган мақол бежиз айтилмаган. Уйимиз катталарига ҳар қандай вазиятда ҳам ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни асаббузарлик ва бошқа салбий ҳолатлардан асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Баъзи беморлар ёшлигидан соғлом турмуш тарзига риоя этган
ҳолда тинч (стрессиз) умр кўришган бўлса-да, эндиликда бош
оғриғи, қулоқ шанғиллаши, қусиш аломатларидан шикоят қилишади. Бу ҳолат
кексалик гипертония (қон босимининг ошиши)си дейилиб, баъзи
инсонларнинг ёши ўтган сари табиий тарзда рўй беради.
Хафақонга чалинган кекса ёшли беморлар учун руҳий мувозанатни
тиклаш муҳим. Айниқса, оилада бўлиб турадиган жанжал ва келишмовчиликлар,
яқинларни йўқотиш, рўзғорнинг оғир-енгили, яқинларнинг қўпол, кесатиб айтилган
гаплари ёши ўтган сайин беморга оғир руҳий зарба бўлади. Бу салбий таъсирларга
жавобан, уларнинг қон босими кўтарилади. Аксинча, беморнинг аҳволи
ёмонлашганда, меҳр билан айтилган биргина сўз, кўнгил сўраш, унга тасалли бериш
ҳеч қандай дори воситаларисиз қон босими тушишига ёрдам бериши мумкин. Шундай
экан, беморда руҳий мувозанатни тиклаш учун уйда ижобий муҳит бўлишини
таъминлаш жуда муҳим.
Жисмоний фаоллик — саломатлик гарови
Эътибор берган бўлсангиз, кекса ёшли онахонларимиз овқат
тайёрламоқчи бўлган келинларига: «Ҳай, бекорчидан Худо безор, сабзавотларни
менга олиб келинг, тўғраб бераман», дейишади. Кекса отахонлар эса томорқа ёки
кичкина боғчани парваришлаш ишлари билан ўзларини банд қиладилар. Аксинча,
барча уй юмушларини ёшларга топшириб, кўпроқ ўтириш, ётишга мойил кексаларда
қон айланиши бузилиб, турли хил касалликларга тез чалинадилар. Шундай экан,
кексалар ўзларини зўриқтирмаган ҳолда жисмонан фаол бўлишлари юрак-қон томир
ишини яхшилайди, асаб тизимини тинчлантиради, кайфиятни кўтаради, танада қон
айланишини тезлаштириб, қон босимининг меъёрлашишига ёрдам беради. Бирон-бир
юмуш билан шуғулланган инсоннинг бекорчи ўй-хаёлларга вақти ҳам бўлмайди. Бу
эса тинч уйқу бағишлайди, беморларда кузатиладиган йиғлоқилик, тажанглик, аразлаш
каби хислатлардан аста-секин халос бўлишларига ёрдам беради.
Кун тартибига риоя қилиш
Артериал гипертонияга чалинган кексалар учун бу қоида ниҳоятда
муҳим. Эрталаб бир вақтда туриш, маълум вақтда нонушта, тушлик ва кечки овқатни
қабул қилиш, дам олиш зарур. Шуниси ажабланарлики, бемор учун кўп ётиш зарарли.
Ҳозирда бу фикрни дунёнинг етакчи терапевт олимлари олға
сурмоқдалар. Албатта, гипертоник хуруж пайтида бир неча соат давомида бемор
ётиши, тинчлантирувчи дори воситалари қабул қилиши шарт. Аммо ўзини яхши ҳис
қилган пайтда ўрнидан аста-секин туриб, ҳовлида сайр қилиши, енгил юмушлар
билан шуғулланиши фойдали. Тунги уйқудан кейин ўриндан тез туриб кетиш
ярамайди. Бу, айниқса, эрталаблари боши айланадиган, қон босимини туширувчи
дори воситаларини қабул қилувчи беморларга тегишли. Уйғонгандан кейин танани (аввал
қўлларни, бармоқлардан тирсаккача қиздириб олиб, сўнг бошнинг чакка, пешона
қисмларини, елка, бел қисмларигача) аста уқалаш, оёқларни
ёзиб-бирлаштириш, ётган жойда «велосипед» ва «қайчи» машқларини
бажариш танадаги қон айланишини яхшилаб, бош мия, юрак-қон томир тизимига
ижобий таъсир қилади.
Дастурхонга қаранг
Эрталаб ўрнингиздан тургандан кейин ошқозон-ичак, жигар ва
буйраклар учун ҳам «савобли» иш қилинг: наҳорга бир пиёла қайнатилган илиқ сув
ичиш организмни заҳарли хилтлардан тозалайди, эрталаб кузатиладиган беҳузурлик
ҳолатидан, кексаларга азият берувчи қабзиятдан сақлайди.
Нонуштага, албатта, қатиқ ёки творог, чой ўрнига ўрикли
дамлама, мевалар тушликка лавлагидан тайёрланган салат, кўпроқ димлаб, буғда
пиширилган таомлар истеъмол қилиш буюрилади. Нонни камроқ ейиш лозим. Овқатга
камроқ туз солиш, қовурилган, зираворли, қўй гўшти солинган овқатлардан воз
кечишга тўғри келади. Ҳафтасига 1-2 марта балиқ, товуқ гўштидан тайёрланган таомлар
тановул қилиш лозим.
Қора чой ўрнига кўк чой, гиёҳли дамламалар (кийик ўти,
арслонқуйруқ (пустырник), асарун, лимонўт кабилар)дан бирини танлаб, бир
ош қошиғига 1,5 пиёла қайноқ сув қуйиб, кун давомида чой ўрнига ичилади.
Ётишдан олдин, албатта, ҳовлида сайр қилишни одат қилинг. Ётоқхонани ҳар куни
шамоллатишни канда қилманг.
Овқатланишда тузни камайтириш ҳам ўта муҳим. Хафақонга
чалинган беморлар овқатни тайёрлаш жараёнида эмас, дастурхонга тортишдан аввал
нимтатир ҳолга келгунча тузлашга кўникишлари шарт. Кўпчилик беморлар туз ўрнига
кўкатлар, лимон шарбатидан фойдаланганларидан кейин қон босимлари пасайганининг
гувоҳи бўлишган. Билингки, даволанишда беморнинг ашаддий «душмани» унинг
нафсидир. Шундай экан, дастурхондан тўймасдан аввал туришга одатланинг.
Беморнинг таомлари фолий кислотага бой мева-сабзавотлардан иборат бўлиши лозим.
Бу витамин қон босимини туширувчи таъсирга эга. Кўк пиёз, исмалоқ, салат барги
каби кўкатлар нафақат таомларингизни безатиб туриши, балки сизнинг севимли
озуқангизга айланиши керак. Жигар, калла-поча, буйрак маҳсулотлари ҳам фолий
кислотага бой бўлади. Бемор вақти-вақти билан бу озиқ-овқат маҳсулотларини
истеъмол қилиши жуда фойдали.
Парҳезга риоя этиш юрак-қон томир хасталикларига чалиниш
ҳолатларини 4 баробар камайтиради. Бунинг учун қўй гўшти ўрнига ёғсиз мол
гўшти, вақти-вақти билан балиқ, товуқ гўшти истеъмол қилиш, пишириқлардан эса,
аксинча, воз кечиш тавсия этилади.
Даволанишни ўзбошимчалик билан тўхтатманг
Кўпинча беморлар ўзларини яхши сезишлари биланоқ даволанишдан
бош тортадилар. Бундай қилиш асло ярамайди. Негаки қон босимининг кўтарилишига
арзимаган асабийлашиш, об-ҳавонинг ўзгариши, шамоллаш ёки гриппга
чалиниш ҳолатлари туртки бўлиши мумкин. Дори воситаларни шифокор
назоратисиз ўзбошимчалик билан қабул қилиш ҳам ярамайди. Бемор
шифокор-кардиолог ёки малакали терапевт кўригидан мунтазам равишда ўтиши, ҳар
куни қон босимини ўлчаши лозим. Хафақонни даволаш шифокор ва беморнинг ўзаро
тил топишиб, мақсад сари интилишларига боғлиқ бўлади. Илк босқичларда хуружлар
юзага келмаслигининг ўзиёқ даволанишнинг самарали кечаётганлигидан дарак
беради.
Азиз мухлисларим, ўзингизни севинг, асабларингизни асранг, ҳар бир кунни
хурсандчилик ва шукроналик ҳисси билан кутиб олинг. Шундагина хафақон дардини
енгиб, тўлақонли ҳаёт кечиришингиз мумкин. Даволаш чоралари бемор бўлишингиз
эмас, балки соғайишингиз учун қўлланилишини унутманг.Бир бўлак торт ёки бошқа пишириқ оғизда 2 дақиқа, ошқозонда ярим соат, қорин ва сон соҳасида эса умрбод ёғ қатлами кўринишида сақланиб қолади.
Шифобахш гиёҳлар
Қон босимини туширувчи дори воситалар билан бирга
халқона усулларни қўллаш саломатликка ҳеч қандай зарар етказмайди, аксинча,
ёрдам беради. Шундай экан, қуйида тақдим этилаётган содда усуллардан
фойдаланишингиз мумкин:
Сабзи шарбатини бир ош қошиқ миқдорида кунига 3 маҳал
қабул қилинг ёки ҳар куни 2 дона сабзини хомлигича истеъмол қилинг.
Хурмо пишган маҳалда, ҳар куни хурмо шарбатидан ичиш
ёки кунига 2-3 дона мевасини ейиш хафақонга чалинган беморлар учун фойдали.
Картошкани пўсти билан бирга қўрда пишириб, тановул
қилиш қон босимини туширади. Шу мақсадда картошка пўчоғидан ҳам фойдаланиш
мумкин. Икки ҳовуч картошка пўчоғини сув остида яхшилаб ювиб, устига ярим литр
сув қуйилади ва 10 дақиқа ўрта оловда қайнатилади. Қайнатма бир оз тингач,
докадан ўтказиб, кунига 3-4 маҳал, 2 ош қошиқдан овқатдан олдин қабул қилинади.
Бир бош саримсоқ- пиёз майдаланиб, офтобда қуритилади
ва кукун шаклига келгунча туйилади. Саримсоқпиёз кукуни ярим чой қошиқдан
кунига 3 маҳал қабул қилинади, орқасидан кўк чой ичилади.
Қон босими кўтарилганда, пиёлага бир ош қошиқ зоғора унидан солиб,
устига қайноқ сув қуйилади. Тиндирма бир кеча тургандан кейин эрталаб устидаги
суви (пиёла остига чўккан ун аралашмасини эмас)
ичилади.Наима НАСРИДДИНОВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор, кардиолог-геронтолог