Ўғил болалар хасталиклари ёхуд бўлажак эр йигитларни
бепуштликдан асранг!
Ўғил болаларнинг жинсий аъзоларидаги баъзи хасталикларни
ота-оналар гоҳо сезмаслиги, шифокорга мурожаат этмаслиги мумкин. Аксарият
ҳолларда вақт бой берилиб, касаллик ривожланишда давом этади. Оқибати эса
маълум: оила қурилгач, бепуштликдан азият чекилади.
Масалан, орхитни олайлик. Болаликда орттирилган дардлардан
бири бўлиб, у кўпинча, ўғил бола йиқилганида ёки бирор жойга урилиб, жинсий
аъзолари лат егач, келиб чиқади. Қаттиқ жароҳатланиш туфайли мояк эзилиши
мумкин. Орхит хасталигида моякнинг бир томони қизариб оғрийди, шишади, боланинг
тана ҳарорати кўтарилади. Мояк ёрилганида бир томони шишиб, кўкимтир тусга
киради, оғриқ тобора зўраяверади.