“Ўтиб кетмаётган” дард
Қандли диабет — бугун дунёда энг кенг
тарқалган хасталиклардан бири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига
кўра, дунёда қандли диабет хасталигига чалинувчилар, унинг оқибатида меҳнат
қобилиятини йўқотаётган, бир умрга ногирон бўлиб қолаётганлар йилдан-йилга
кўпайиб бормоқда.
Ушбу касалликнинг олдини олиш йўллари, унинг
инсон саломатлигига таъсири хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази
диабет нефропатияси бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Дурдона ҚАЮМОВАга
мурожаат қилдик.
— Қандли диабет — организмда инсулин танқислиги
ва моддалар алмашинуви бузилиши натижасида келиб чиқадиган касалликдир. Буюк
табиб Абу Али ибн Сино бу дарднинг давосига тўхталар экан: «Беморга совуқ
мижозли суюқликлар ичир, совуқ жомга сол, нордон айрон ичир, мевалар бер, ялпиз
дамлаб ичир, яъни беморни ҳўлла, совут», дейди. Шундан ҳам билишимиз мумкинки,
касаллик одам баданида иссиқликнинг ошиб кетиши туфайли пайдо бўлади. Аниқроқ
қилиб айтганда, ошқозоности бези ишлаб чиқарадиган инсулин, яъни қонда қанд
моддасининг кўпайишига тўсқинлик қиладиган гормоннинг етишмаслиги ёки инсулинга
бўлган тўқималар сезгирлигининг пасайиши натижасида ушбу хасталик келиб чиқади.
Қондаги қанд миқдорининг сурункали меъёридан юқори кўрсаткичларда бўлиши
хасталикнинг юзага келганини билдиради.