15.09.2014 19:02 Иқтисодиёт
Мол-мулк ва ер солиғи тўлашни унутманг
Фуқаролар қонун билан
белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.
(Ўзбекистон
Республикаси Конституцияси, 51-модда)
Бу турдаги солиқ объектига кўчмас мулк – уй-жой, квартира, дала ҳовли, гараж ва бошқа иморатлар, иншоотлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган ер участкалари киради. Ушбу объектларнинг қиймати ва эгаллаган ер майдони солиқ солинадиган база ҳисобланади.
– Фуқаролар бу борадаги бурчларини бажаришлари билан маҳаллий бюджет даромадларини тўлдиришга ҳисса қўшади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Жисмоний шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбораси Равшан Насимов. – Бу шаҳар ва туманларни иқтисодий ривожлантириш, ободонлаштириш, аҳоли манфаатларини таъминлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик бўлган тадбирларни молиялаштиришга сарфланади.
Маълумки, солиқ ставкалари ҳар йили қайта кўриб чиқилади. Хусусан, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2014 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи 1,15, ер солиғи 1,20 бараварга индексация қилинди.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари ҳар йили 1 январь ҳолатига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган тақдим этадиган маълумотларга асосан ҳисоблаб чиқарилади. Мол-мулк ва ер солиқлари суммаси ҳамда уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномаси жисмоний шахсларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади.
Мол-мулк ва ер солиғи тўлаш борасида айрим имтиёзлар ҳам белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Солиқ кодексининг айрим моддаларига ана шундай имтиёз назарда тутилган ўзгартишлар киритилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар, пенсионерлар ҳамда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида мол-мулк солиғидан имтиёз қўлланилади. Бу ўлчам 60 квадрат метрни ташкил этиб, имтиёздан фойдаланувчи фуқаронинг эгалигидаги уй-жой ҳажми ундан ошганда у шу қисм учун белгиланган ставкада солиқ тўлайди.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, мазкур қонун билан Чернобиль АЭСидаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этган фуқаролар учун белгиланган мол-мулк солиғига оид имтиёз бекор қилинди. Яйлов чорвачилигининг чўпонлари, йилқибоқарлари, механизаторлари, ветеринария врачлари ва техниклари, бошқа мутахассислари ва ишчилари ҳамда шахсий пенсия тайинланган шахсларга тайинланган ер солиғи имтиёзи ҳам бекор қилинди.
Солиқ тўловчилар ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқларини муддатида тўламаганлик учун жавобгарлик чоралари мавжуд. Агар йиллик ҳисобланган солиқ вақтида тўланмаган тақдирда, тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.
Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ фуқаро солиқ органи томонидан солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома берилгандан кейин ўн кун ичида қарзини узмаса, мажбурий ундирув чораларини кўриш бўйича судга даъво аризаси киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғини мунтазам тўламай келган фуқароларнинг бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин. Яъни, солиқ беш йилдан кейин бўлса ҳам ундириб олинади ва бу солиқ тўлашнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
ЎзА, Н.Абдураимова
Комментариев нет:
Отправить комментарий