Мастопатия
Бу касалликни ўз
вақтида даволатмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
Кўкрак бези касалликлари орасида энг кўп учрайдигани
мастопатия хасталигидир. Статистик маълумотларга қараганда, бу касаллик 50-80 фоиз аёлларда учрайди ва 20-25 ёшдан 45-50
ёшгача бўлган аёлларда кузатилади.
Мастопатия ёки бошқача қилиб айтганда, кўкрак безининг фиброз-кистоз касаллиги натижасида кўкрак бези тўқимасида бир қатор ўзгаришлар юзага келади. Мастопатия касаллигини тиббий тилда кўкрак бези тўқимасининг дисгормонал гиперплазияси деб айтиш мумкин. Яъни, аёл
кишининг организмида рўй берган гормонал номутаносибликлар натижасида
кўкрак безида фиброз тўқиманинг ўсиши кузатилади.
Мастопатия
касаллигининг келиб чиқишида асосий роль ўйнайдиган омилларга қуйидагилар киради:
хасталикка наслий мойиллик, аёл организмидаги гормонал ўзгаришлар, асаб
тизимининг ҳолати, атроф-муҳит, экология ва албатта овқатланиш тарзи.
Кўкрак бези
тўқимасидаги ўзгаришлар аёл кишидаги мавжуд бўлган гинекологик касалликлар
билан узвий боғлиқдир. Булардан узоқ вақт давом этган тухумдон ва бачадондаги
яллиғланиш жараёнлари, кўп марта амалга оширилган сунъий абортлар мастопатия
касаллигининг келиб чиқишига асосий сабаб бўлиши мумкин. Жинсий ҳаётнинг
мунтазам тарзда бўлмаслиги ҳам баъзи ҳолларда мастопатия касаллигининг юзага
келишига сабаб бўлади.
Мастопатия
касаллигининг биринчи белгиси – оғриқдир. Оғриқ одатда ҳайз кўришдан бир
ҳафта-ўн кун олдин бошланади. Баъзи ҳолларда қўлтиқ остига ва елка соҳасига
тарқалади. Кўкрак безлари шишади, оғирлашиб, қаттиқлашиб қолади. Ҳайз келиши
билан бу ҳолат ўтиб кетади. Кўкрак безидаги бу ўзгаришлар мастопатия
касаллигининг бошланғич белгиларидир.