ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 20 сентября 2014 г.

кандли диабет


“Ўтиб кетмаётган” дард

Қандли диабет — бугун дунёда энг кенг тарқалган хасталиклардан бири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё­да қандли диабет хасталигига чалинувчилар, унинг оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотаётган, бир умрга ногирон бўлиб қолаётганлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Ушбу касалликнинг олдини олиш йўллари, унинг инсон саломатлигига таъсири хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабет нефропатияси бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Дурдона ҚАЮМОВАга мурожаат қилдик.
— Қандли диабет — организмда инсулин танқислиги ва моддалар алмашинуви бузилиши натижасида келиб чиқадиган касалликдир. Буюк табиб Абу Али ибн Сино бу дарднинг давосига тўхталар экан: «Беморга совуқ мижозли суюқликлар ичир, совуқ жомга сол, нордон айрон ичир, мевалар бер, ялпиз дамлаб ичир, яъни беморни ҳўлла, совут», дейди. Шундан ҳам билишимиз мумкинки, касаллик одам баданида иссиқликнинг ошиб кетиши туфайли пайдо бўлади. Аниқроқ қилиб айтганда, ошқозоности бези ишлаб чиқарадиган инсулин, яъни қонда қанд моддасининг кўпайишига тўсқинлик қиладиган гормоннинг етишмаслиги ёки инсулинга бўлган тўқималар сезгирлигининг пасайиши натижасида ушбу хасталик келиб чиқади. Қондаги қанд миқдорининг сурункали меъёридан юқори кўрсаткичларда бўлиши хасталикнинг юзага келганини билдиради.

— Ушбу хасталикнинг қандай турлари бор?
— Касалликнинг бир нечта тури бўлиб, энг кўп учрайдигани биринчи ва иккинчи туридир. Қандли диабетнинг биринчи тури ошқозоности бези ишлаб чиқарадиган инсулин гормонининг етишмовчилиги натижасида келиб чиқиб, кўпинча болалар, ўсмирлар, 30-35 ёшгача бўлган кишилар орасида учрайди. Иккинчи турдаги қанд­ли диабет эса асосан 30-35 ёшдан юқори бўлганларда кузатилади.
Соғлом одамларда қондаги қанд миқдори қорин оч ҳолатда таҳлил этилганда, 3,3 дан 5,5 миллимоль (қанд миқдорининг қон таркибидаги меъёрий нисбати), овқатлангач эса икки соат давомида аниқланганда 7,8 миллимолгача оралиқни ташкил этади.
«Диабет» сўзи биринчи бўлиб милодий I асрда яшаган каппадокиялик (Қадимги Юнонистон) Аретаус томонидан қўлланилган. Ушбу ибора «ўтаман», «ўтиб кетаман» деган маъноларни
ифодалайди.
Агар кишининг қонидаги қанд миқдори юқори эканлиги қон таҳлилида бир неча бор аниқланса, қандли диабет ташхиси қўйилади.
— Қандли диабетни келтириб чиқарувчи асосий омиллар нима? Хасталик белгиларини қандай аниқлаш мумкин?
— Қандли диабетнинг биринчи тури вирусли инфекциялар орқали келиб чиқади. Шунингдек, мавсумий касалликлар — грипп, сувчечак, қизамиқ ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Хасталикнинг иккинчи тури эса асосан вазни оғир, семиз кишиларда учрайди. Улар кам­ҳаракатлилик, бетартиб равишда ва меъёридан ортиқ овқатланиш, юқори калорияга эга бўлган озиқ моддаларини кўп истеъмол қилиши сабабли бундай касалликка чалинади.
Хасталик белгилари унинг турига қараб аниқланади. Биринчи тур қандли диабет жуда тез вақт оралиғида намоён бўлса, касалликнинг иккинчи тури бир неча ой ва бир неча йил оралиғида белги бериши мумкин. Биринчи тур қанд­ли диабет жуда тез, яъни 3-4 кундан бир ҳафта ёки бир неча ҳафтагача бўлган вақтда юзага келади. Унда асосан, оғиз қуриши, чанқаш, кўп сув ичиш, тана вазнининг кескин камайиб кетиши, тез-тез пешобга чиқиш, баданда йирингли яралар пайдо бўлиши каби клиник белгилар билан юзага келади.
Иккинчи тур қандли диабетга кўп ҳолларда 5-6 йил кечиктирилиб ташхис қўйилади. Чунки касалликнинг иккинчи тури бошланғич даврида ўзининг клиник белгиларини намоён қилмайди. Шу сабаб кўпинча беморлар милкларнинг қонаши, тишларнинг ўз-ўзидан туша бошлаши, баданга йирингли яраларнинг тошиши юзасидан бошқа-бошқа мутахассисларга мурожаат қилиб юраверади. Барча текширувлар умумлаштирилган ҳолдагина беморда қандли диабет хасталиги аниқланиши мумкин.
— Қандли диабетнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
— Бу касалликка чалинмаслик учун киши соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этиши лозим. Бемор эса ҳаёт тарзини ва овқатланиш тартибини тўғри ташкил қилиши керак бўлади. Юқори калорияга эга бўлган ва ёғли овқатлардан, шунингдек, бугун кенг тар­қалган тез тайёр бўладиган, яримтайёр­ озиқ-овқатлар истеъмолидан тийилиш лозим. Аммо сабзавот, мева ва кўкатларни кўпроқ ейиш тавсия этилади. Мунтазам жисмоний ҳаракатда бўлиш ва уч маҳал овқатланишдан сўнг, 30-40 дақиқа давомида очиқ ҳавода юриш орқали қондаги қанд миқдорини меъё­рий кўрсаткичда бўлишига эришиш мумкин. Бундан ташқари, қанд миқдорини пасайтирувчи дори воситалари мунтазам ва ўз вақтида қабул қилинса, бемор организмидаги қанд миқдори меъёрида бўлади. Акс ҳолда, қанд миқдори ошиб, қон томирларига зиён етказади. Бу эса биринчи навбатда кўриш қобилияти пасайишига сабаб бўлади, шунингдек, буйрак, бош мия, юрак қон-томирларида ва оёқдаги йирик қон-томирларда салбий ўзгаришларни юзага келтиради. Натижада инсульт, миокард инфаркти каби оғир хас­таликлар келиб чиқиши мумкин. Шундай экан, ҳеч бир инсон ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслиги керак. Соғлом турмуш тарзига риоя қилинса, киши ҳар қандай хасталикдан йироқ бўлади.
Касаллик тарихига оид далиллар
Қандли деабет VI асрда ҳинд физиги Сушрута томонидан аниқланган. Олим бу хасталик семириш жараёни билан бирга кечишини таъкидлаган.
Бу соҳада муҳим  изланишларни амалга оширган йирик тарихий шахс Абу Али ибн Синодир. У қанд касаллигини жуда аниқ илмий асослар билан тушунтирган ва биринчи бўлиб диабетнинг икки тури мавжудлигини аниқлаган.
Бу соҳада канадалик соҳа билимдонларининг изланишлари энг самарали бўлган. Улардан Фредерик Грант Бантинг ва Чарлз Герберт Бест 1921 йилда Торонто университети лабораториясида қандли диабетга қарши модда — инсулинни ҳайвон­(ит)ларнинг ошқозоности безидан соф ҳолда ажратиб олишга эришадилар. 1922 йилда инсулин ёрдамида даволанган бемор ўзини яхши ҳис эта бошлайди. Соҳадаги улкан хизматлари учун Ф.Г.Бантинг ва лаборатория директори Маклеад 1923 йилда халқаро Нобел мукофотига муносиб топилган.


Гўзал СОЛИЕВА

ёзиб олди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий