ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 12 июля 2014 г.

сахарлик

Саҳарлик ва ифторлик фазилати

Рўза тутган киши учун саҳарлик ва ифторлик муҳим ўрин тутади. Саҳарликда барака бор. Саҳарликни охирги вақти – бомдод азонигача таъхир (кечиктириб) қилишни маъқул дейилган. Бунинг фойдаси шундаки, саҳарлик қилишга улгурган киши рўза тутишда қийналмайди, ўзини бардам ва тетик ҳис этади. Айрим кишилар уйқу ғолиб келганидан кечаси еган таом билан кифояланиб, саҳарлик қилишга эринадилар.
Анас розиялллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир», дедилар». Аҳли китоблар рўзани саҳарлик қилмасдан тутишар экан. Пайғамбаримиз шу жиҳатдан уларга ўхшаб қолишдан қайтарганлар. Саҳарликка тура олмаган кишининг ишида унум бўлмайди, кун бўйи ўзини силласи қуриётгандек лоҳас сезади. Айниқса, ёзда саҳарликнинг ўзига хос ўрни билинади. Саҳарлик қилмаган кишига тутган рўзаси ҳам малол келиши мумкин. Чунки инсондаги барча аъзолар етарли озуқа ва қувват олмас экан, ифтор вақтигача сабр қилиб туриш осон бўлмайди. Ирода ва қатъият эса ҳар кимда ҳар хил. Ҳамманинг ҳам саҳарлик қилмасдан рўза тутиши осон эмас.

Кимки саҳарлик қилишга улгурса ҳам, улгурмаса ҳам оғиз ёпиш вақтида: «Рамазон рўзасини субҳдан шомгача Аллоҳ таоло учун холис тутишга ният қилдим» деган дуони ўқиб, оғзини ёпиб олади ва бирон нарса емайди ва ичмайди. Саҳарликка турадиган киши уйқуга вақтлироқ ётиб, саҳарликни ўтказиб юбормаслик чорасини кўргани афзал.
Ифторликнинг саҳарликдан фарқи шундаки, ифторлик таъжил (шошилиш) билан адо этишни тақозо этади. Ифторлик – рўзадор наздидаги энг қувончли вақт. Кун бўйи бирон нарса емай-ичмай юрган кишининг ифторлик дастурхонига ўтирганда, албатта қувониши табиий ҳол. Ифтор вақти кирганда энг аввал оғиз очиш дуоси қуйидагича ўқилади: «Эй Парвардигор, Сен учун рўза тутдим, сенга иймон келтирдим, Сенга таваккал қилдим, Сен берган ризқ билан рўзамни очдим. Менинг аввлгию кейинги гуноҳларимни кечиргин». Ифтор вақтидаги дуонинг ижобат бўлишида шубҳа йўқ. Пайғамбаримиз ёз ойларида сув билан ва қиш ойларида хурмо билан оғиз очганлар. Шунингдек, ифтор вақтини чўзиб юбормасдан еб-ичиш билан кифояланиш дуруст. Бу вақтда қоринни ҳаддан ташқари тўйдириб олиш ҳам ошқозонга оғирлик қилади. Шунингдек, рўзадор кундузи кўп ухламаслиги керак. Чунки кўп ухлаган кишининг қорни тез очқайди. Рўзасини очган киши ифторликдан кейин рўзаси мақбул бўлишини тилаб дуо қилиши лозим. Қорин тўйгандан кейин нафс уйқуни хоҳлайди. Шу боис хуфтон ва таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ўқиб олишнинг савоби жуда катта. Рамазон ойининг сабр ойи деб номланиши ҳам айнан шу муборак кечаларни ибодат ва истиғфор билан ўтказишни назарда тутади. Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган Рамазон ойини саҳарликда оғзини ёпиб, ифторликда оғзини очишдан иборат деб тушуниш ғофиллик аломатидир. Имом Ғаззолий айтганидек: «Бас, кимки нафсга шикаст етказса, фариштага ўхшагандирки, фаришталар шу сабабдан Аллоҳ таолога яқин туради. Кимки бу сифатга эга бўлса, Ҳақ таолога яқинлашади. Аммо кимки нафс хоҳиши билан таом еса, шаҳвати зиёда бўлади. Руҳга нур ҳосил бўлмас».
Рамазон ойининг яна бир ўзига хос гашти ва завқи шундаки, бу ойда яқин қариндош ва дўст биродарларга ифторлик қилиб бериш билан ажр-савоб олинади. Бир мўмин-мусулмон кишининг кўнглини олиш ва хурсанд қилишнинг савоби жуда улуғ. Имом Ғаззолий бу ҳолни шундай таърифлаган: «Бас, дўстларни меҳмон қилмоқ кўп садақа беришдан афзал. Хабарларда келадики, уч нарсадан – ифторда еган, дўстлар билан еган ва саҳарликда еган таомдан қиёмат куни ҳисоб олмаслар».
Демак, саҳарлик ва ифторлик вақтида ейилган таомдан бандалар қиёмат куни ҳисоб беришмас экан. Шунинг ўзидан ҳам саҳарлик ва ифторлик вақтлари нақадар улуғ экани кўриниб турибди.
Нақл қилишларича, халифа Сулаймон ибн Абдулмалик бир куни бу олам неъматларидан қанча баҳраманд бўлдим, қиёматда ҳолим не кечади, дея фикридан ўтказди. Шунда олим ва зоҳид Абу Ҳозим Маккийни эслади. Халифа бир кишини унинг олдига жўнатиб, ифтор қиладиган таомидан бирон нарса бериб юборишини сўради. Абу Ҳозим Маккий халифага бир ҳовуч қуриган кепакни юборди ва шу билан ифтор қилишини маълум қилди. Сулаймон у юборган кепакни кўриб кўп йиғлади ва кўнглида ўз ҳолига ачиниш пайдо бўлди. Сўнг уч кун ифтор қилмасдан рўза тутди. Учинчи куни эса шу кепак билан ифторлик қилди. Айтибдиларки, у кечаси хотини билан қовушади. Шундан ўғли халифа Абдулазиз дунёга келган экан ва бу ўғлидан Умар ибн Абдулазиз дунёга келган эканки, ҳар бири ўз замонида ягонаи жаҳон бўлишди. Халифаи азизнинг адолат ва фазлу камоллари у таом баракотидан дебдилар.
Демак, саҳарлик ва ифторлик Аллоҳ таоло барака ва файз ато этган вақтлар бўлиб, бу пайтларда бандалар хурсанд бўлади, ҳамду сано ва шукрлар айтади.

 
Бобомурод Эрали


Комментариев нет:

Отправить комментарий