Оламларни тарбият қилувчи Аллоҳ таолога беадад
ҳамд бўлсин! Ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва унинг аҳли хонадонига
ва асҳобларига ва Унга сидқидилдан тобеъ бўлган барча издошларига салоту
саломлар бўлсин!
Инсон ўз-ўзини назорат қилмоғи лозим. Инсон
вужудининг назоратчиси бу – нафс. Инсонга вужудининг эҳтиёжини билдириш
жиҳатидан у лозимдир. Аммо бу нафсни ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ҳаддидан ошиб
кетади. Яъни шаҳавоти нафсония–нафс орзуларининг чегараси бўлмайди, давом этиб
кетаверади. Чегарадан чиқиб кетганидан кейин инсонни гуноҳларга бошлайди.
Масалан, ўғрилик қилдиради, бировнинг номусига кўз олайтиради, танбалликка
даъват этади, кўп ухлашга гирифтор қилади, бошқалар ишласин, мен текинга
яшайман, деб васвасага солади ва шунга ўхшаш бошқа гуноҳ ишларга чорлайди.
Нафснинг ушбу ҳолатига нафси аммора деб аталади. У шундай нафски, инсонларни
ёмонликка амр қилади... Инсон нафси тарбияланмадими, у албатта, разолатга
бошлайди, жаҳолатга буюради. Юсуф сураси 53-оятида: “Чунки нафс–агар
Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса–албатта барча ёмонликларга буюргувчидир”,
деган оят бор.
Нафснинг ҳаддан ошиб кетаётган орзуларини
тўхтатиш лозим! Ким тўхтатади? Болани отаси тўхтатади: “Футбол ўйнама! Кинога
борма! Ўтир, дарсингни қил! Тур, ухлама!..” ва шунга ўхшаш. Кимдир уни бошқариб
туради.
Хўп, бола улғайиб кучли-қувватли бола бўлади,
ўз-ўзидан буйруқ берадиган бўлиб қолган бўлса, уни ким идора этади?.. У инсоннинг
нафсини ким бошқаради, тарбия қилади? Инсоннинг нафси тарбияга муҳтож! Агар
нафс тарбия қилинса, инсон нажот топади. Қайси далилга кўра, қайси ҳужжатга
кўра қутилади? Аллоҳ таоло бунга жавобан Қуръони каримда шундай буюради: “Дарҳақиқат
уни (яъни ўз нафсини – жонини иймон ва тақво билан) поклаган
киши нажот топди. Ва у (жонини фисқ-фужур билан) кўмиб
хорлаган кимса номурод бўлди”. Нафсни тарбиялаб поклаган, ислоҳ қилган
қутилади. Нафсини тарбия қилмаган, эзгуликдан маҳрум қолади, залолатга кетади,
пушаймон ейди, дунёю охирати куяди. Шунинг учун ҳам нафс тарбияси, бу мўъмин
киши аҳамият берадиган энг муҳим ишдир. Чунки, тасаввуф бу – тарбияланган нафс
устига қурилган бино. Инсоннинг нафси тарбияланган бўлиши лозим!.. Нафси
тарбияланган одам комил инсон бўлади.
Шурайҳ ҳазратлари ўзлари қози эканлар. Бир куни
маҳкамага икки киши кириб келибди. Бири – мусулмон, иккинчиси – насроний эди.
Шунда у кишининг юраги бир жиз этди ва “Иншааллоҳ, мусулмон ҳақлидир”- дедилар.
Кўнгиллари тарафкашлик қилди. Қаранг, даъволарини айтиш учун даъвогарлар
қозининг ҳузурига келдилар. Қозининг кўнгли эса мусулмон кишига мойил этди.
Мусулмонни севди, чунки у диндоши, йўлдоши, ҳамзикри эди.
Келганларнинг арзини эшитгач, бахтга қарши,
мусулмон ҳақсиз, насроний ҳақ бўлиб чиқди.
Қози Шурайҳ даъвони битирдилар, аммо умрларининг
охиригача изтиробда яшадилар: “Нега қалбим мендан адолат сўраб келган икки
кишининг биринчисига олдинроқ майл этди?”-деб ўзларини айблаб юрдилар. Қаранг,
инсоннинг нафси тарбиялангандан кейин ўз-ўзини қандай жиддий назорат қилади.
Демак, нафс тарбияланиши керак! Нафсни тарбия
қилишнинг йўлларидан бири бу – рўза тутиш. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бир оз
эмас, балки бир ой давомида мусулмонга машқ қилдиради, кўникма хосил қилдиради.
Аллоҳ таоло бир ой нафс орзуларини тўхтатиш ва жиловлаш машқларини бажартиради.
Бизнинг нафсимиз нимани хоҳлайди?.. Ейиш, ичиш,
уйланиш, ўйнаш каби нарсаларни хоҳлайди. Аммо Рамазонда Аллоҳ таоло нима
демоқда: “Тонгдан то шом намозигача овқат емайсизлар!”.
“Бу овқатларни ейиш ҳаромми? – йўқ, ҳалол”.
“Овқат ҳалол бўлса ҳам шу вақтдан шу вақтгача
танаввул қилмайсан!” – деб айтмоқда.
“Сув ҳам ичмайсиз!..”
“Сув ҳаромми?..”
“Сув ҳаром эмас, ичкилик эмас у, аммо шу вақтдан
шу вақтгача сув ичмайсизлар!” – деб буюрган.
Бу икки нарса бизга жуда ҳам лозим! Сув ҳам,
овқат ҳам жуда лозим! Бу икки зарурий моддани Аллоҳ таоло олдимизга суриб, “Бу
нарсаларни емайсиз!”- деб амр қилмоқда.
Нима қиламиз энди? Жуда ҳам хоҳлаб турибмиз. Ёзни
машаққатли, ҳавонинг иссиқ кунида чанқаган жон сувни истаб турибди.
Рамазонда ўттиз кун биз ўзимизга жуда ҳам лозим
бўлган нарсаларни бажариш билан, ҳалол бўлган неъматлардан бир муддат ўзимизни
тийиш орқали нафсимизга ҳоким бўлишни ўрганамиз. Замонавий таъбир билан
айтганда, университет дарсларини тушуна оладиган даражада иродамизни чиниқтириш
сабоғидан таълим оламиз. Бу билан биз ўзимизни тутишни, вужудимизни бошқаришни
ўрганамиз ва руҳан баркамол инсон ҳолига келамиз.
ЎМИ кутубхона бош мутахассиси
Муроджон Ғуломов
Комментариев нет:
Отправить комментарий