ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 2 июля 2014 г.

рўза тутиш


Рўза тутиш афзаллиги

Кўпчилик рўзанинг фарз амал эканини инкор қилмасалар ҳам, асл моҳиятдан бехабарлик, лоқайдлик ва ғофиллик туфайли рўза тутишда сусткашликка йўл қўядилар. Айрим одамлар рўза ойи кирганда ойнинг аввали, ўртаси ва охирида бир неча кундан оч юриб, шу билан ўзларини тўлиқ бир ой рўза тутган ҳисоблайдилар. Баъзи бировлар эса Рамазон ойи ибодатини тўлиқ адо этади, бирор кунни ҳам қолдирмай рўза тутади. Ҳамма қатори таровиҳ намозларига қатнашиб, Рамазон ойининг файз-баракасидан баҳраманд бўлишади. Улардан тутаётган рўзалари сабаби сўралса, кўп ҳолларда бир ой оч юришнинг соғлиқ учун катта фойдаси борлиги ва ўзига тиббий муолажани мақсад қилганини яширмайди. Бундай кишилар Рамазон ойида рўза тутишнинг нақадар муҳим ибодат эканини англаб етса, ҳеч қачон рўзага бу тарзда дунёвий, тиббий ёки урфий маъно бермаган бўлар эдилар.

Имом Ғаззолий рўза тутишнинг уч даражаси борлигини шундай изоҳлайди:
1) авом рўзаси – қорни ва фаржини еб ичиш ва жимоъ қилишдан сақлайди. Бу энг қуйи мартабадир.
2) хослар рўзаси – дилни Ҳақ таолонинг фикри-ёдидан бошқа нарсадан сақламоқ. Бунга зоҳиран ва ботинан Ҳақ таолога қурбат ҳосил қилиш билан эришилади.
3) сиддиқлар рўзаси – Ҳақ таолонинг фикри ва зикридан бошқа нарсани ўйласа ва дунё билан боғлиқ мубоҳ ишларга шуруъ қилса, рўзаси ботил бўлади.
Рўза ибодати инсоннинг очлик ҳолатини муайян муддат бошидан кечириш билан боғлиқ. Очлик ҳолатидан қўрқмаслик керак. Салафлардан бири шундай деган: "Очлик охират калити ва зуҳд эшигидир. Тўқлик эса дунё калити ва рағбат эшигидир". Термизий ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Рўза сабрнинг ярмидир", деганлар. Ибн Масъуддан келтирилган ривоятда эса: "Сабр иймоннинг ярмидир", деганлар. Бу икки ҳадис хусусида чуқурроқ мулоҳаза юритилса, бошқа-бошқа киши томонидан нақл қилинган ҳадис бир-бирининг маъносини тўлдириб келганини англаб олиш мушкул эмас. Рўза сабрнинг ярми бўлса, сабр иймоннинг ярми. Шу икки ҳадис кўзгуси орқали нафсимиз ва рўза ойидаги амалларимизга қаралса, тақво ва иймонимиз даражаси билиниб қолади. Бу даражадан кўнглимиз таскин топармикан? Рўзадор сабр-тоқатли, чидамли бўлса, кўзлаган мақсадига эришади. Шундай бўлгач, рўза сабрнинг ярми бўлиши табиий. Сабрсиз киши рўза ибодатини тўлиқ уддалай олмайди. Умуман олганда, инсоният бошига тушган жуда кўп мусибат ва кулфатлар ана шу сабрсизлик оқибатида келиб чиқади. Бу ҳақиқатни англаш учун жуда катта ақл эгаси бўлиш шарт эмас.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади: "Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас" (Раъд, 11-оят).
Имом Ғаззолий бу оятни шундай шарҳлайди: "Тағаййур (ўзгартириш) шаҳват (истак-хоҳиш)ларни синдиришдан иборатдир. У шаҳват эса шайтоннинг экинзори ва яйловидир". Демак, кимки ўзининг истак-хоҳишига қарши бориб, ўзини унга бўйсунишдан қайтара олмас экан, у шайтоннинг қули ва хизматкорига айланганини сезмай қолади. Бундай одам нафақат бошқа пайтда, балки рўза ойида ҳам шайтон хизматидан чиқолмайди, шайтонга қулликни тарк эта билмайди.
Инсон ўз мақомини англаб олмагунча шайтоннинг тузоғи, ҳийла ва найрангларидан халос бўлиш йўлини тополмайди. Ҳайвон ҳам инсондек ейди, ичади, жимоъ қилади. Агар инсоннинг мақсади ҳайвон каби фақат еб-ичиш ва жимоъ қилишдан иборат бўлса, унинг ҳайвондан асло фарқи қолмас эди. Шунингдек, Аллоҳ таоло унинг елкасига масъулият ва амал юкини юкламаган бўлар эди. Баъзан ҳайвонларни масхара қилиб, тубан қилиқларидан куламиз-у, ўзимиз улардан ҳам тубанлашиб қолганимизни ҳеч ўйлаб кўрмаймиз. Рўзанинг афзал жиҳати шундаки, биз ана шу фарз амал туфайли ҳайвонлардан юқори туришимизни исботлаймиз. Рўза ибодати ана шу фарқли тафовутни зоҳирда очиқ-ойдин кўрсатиб беради. Биз ақл юритиб, амал қилиш орқали инсон деган шарафли номга лойиқ эканимизни намойиш этамиз.
Манбаларга қараганда, инсон мақоми фаришталар билан ҳайвонлар мақоми оралиғида жойлашган. Кимки бу оламда яшашдан мақсад фақат еб-ичиш, жимоъ ва бошқа кўнгли тусаган амалларни қилишдан иборат деб ўйласа, у инсоний мақомдан ҳайвоний мақомга тушади. Бу эса инсоннинг ўз-ўзини хорлаши, таҳқирлаши ва пастга уришдан бошқа нарса эмас. Демак, ҳайвоний мақомга тушган киши ўзининг инсонийлик қадр-қимматини тубан жонзотлар қаторига қўйган бўлади. Кимки буни тўғри англаб, ўзининг инсоний мақомида барқарор турса, мақомлар фарқига бир назар солсин. Агар инсон ўз мақомининг юксак ва улуғ эканини англаб олмаса, нафс маъқул кўрган ҳайвоний мақом даражасига тушиб яшайверади. Рўза ибодати инсонга ўзлигини танитади, инсонийлик мақомда мустаҳкам туришга кўникма ҳосил қилади ва ундан паст тушиб кетишга йўл қўймайди. Зеро, Аллоҳ таоло ўз қадр-қиммати ва даражасини сақлай олганлар учун оқибатда беҳисоб ажр ва савоблар ато этишини ваъда қилади: "Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур" (Зумар, 10-оят).
Демак, ўз қадр-қиммати ва даражасини билган инсон рўза тутишнинг афзал жиҳатларини англашга ҳаракат қилади. Шу боис рўза энг афзал ва энг улуғ ибодатлар қаторидан ўрин олган. Рўза тутишнинг энг катта афзаллиги шундаки, рўзадорга берилажак савоб муайян адад билан чекланмаган. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадики: "Аллоҳ таоло дейди: Одам фарзандининг рўзадан бошқа ҳар бир амали ўзи учундир. Рўза Мен учун бўлганидан уни ўзим мукофотлайман" (Мутафақун алайҳ).
Демак, муайян бир амални қилаётган киши ундан ўз манфаати ва фойдасини кўзламасдан иложи йўқ. Фақат рўза тутганда амалнинг холис Аллоҳ учун бўлиши биринчи ўринда туради. Чунки рўза тутиш нафс истакларига қарши бориш демакдир. Шу учун ҳам зоҳиран қарайдиган бўлсак, рўза тутишдан рўзадорга ҳеч қандай нафсоний фойда кўринмайди. Шунингдек, рўзани бошқа амалларга қиёсланганда холислик ва табиийлик мавжуд. Рўзадорнинг амали бирдан кўзга ташланмайди. Шу боис Аллоҳ таоло уни ўзи мукофотлашини билдирди. Шунда ҳар бир кишининг рўза тутишга нисбатан рағбати янада ошиб, нафсига малол келадиган қийинчиликларни енгиб ўтишда дадиллашади. Қолаверса, ҳар бир солиҳ амалнинг ажри ўнтадан етмиш савобгача кўпайиб борса, рўзадорнинг савоби муайян бир сон билан белгиланмаган.
Рўза тутиш моҳиятига назар солинса, унда Аллоҳ таолога итоат қилишда сабрли бўлиш, ҳаром амалларга сабр этиш, очлик, ташналик, бадан ва нафс заифлигига сабр қилишдан иборат уч хил сабр ҳам мавжуд. Шунга кўра рўза сабрнинг ярмидир, дейилгани бежиз эмас.
Рўзанинг бошқа бир афзаллиги шуки, бу ибодат соҳибини қалқон каби лағв ва бошқа турли беадабликлардан тўсиб туради. Жобир розийаллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Набий алайҳиссалом: "Рўза қалқондир, банда у билан дўзахдан сақланади", деганлар. Инсон бу дунёда тинч-хотиржам яшаши учун ҳар доим ўзини хавф-хатарлардан сақлашга интилади, ҳар хил чора-тадбирларни ўйлаб топади. Натижада бу дунёда то паймонаси тўлгунча ўзи учун зарурий шарт-шароит яратишни кўзлайди. Бунга оддий мисол келтирадиган бўлсак, салгина касалга чалинган одам дарҳол табибга боради, ундан касалига ташхис қўйишни ва дарднинг давосини сўрайди. Сўнгра у табиб буюрган тартибда дори истеъмол қилади ва шу тариқа соғлигини тиклайди. Пайғамбарлар инсоният дарди ва касалини даволаш учун юборилган табиблар бўлиб, ҳадис шу касалга қўйилган ташхис сўзларидир. Кимки бунга аҳамият бериб, ўз дардига даво изласа, охират уйига борганда қийналиб қолмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам рўзани қалқонга ўхшатиш орқали инсоният учун унинг қанчалик зарур қурол эканини билдирганлар ва бу қуролни амалда қўллай олиш натижасида энг катта ва оғир мусибат – дўзахдан сақланишни маълум қилмоқдалар. Чунки бу дунёда инсонга илашган қанчадан-қанча моддий ва маънавий касаллик, иллатлар мавжудки, улардан сақланиш, уларни енгиб ўтишга инсон қўллаган чора-тадбирлар фойда бермайди. Инсонлар буни тўғри англай олса, жамиятда соғлом, руҳан тетик ва бақувват кишилар кўпчиликни ташкил қиларди. Ҳаётда кўриб турибмизки, моддий жиҳатдан ниҳоятда тўла-тўкис ва фаровон яшаётган юртларда ҳам муаммо ва ташвишлар кўп. Бунга чора излаш ва ҳар хил тадбирлар қўллаш ҳам кўзланган натижани бераётгани йўқ.
Рўза тутишнинг яна бир афзаллиги шуки, рўзадор учун икки қувонч мавжуд. Бири – оғиз очадиган ифтор пайтидаги қувонч, иккинчиси – Аллоҳ таолога учрагандаги қувонч. Аввалги қувонч Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган ейиш-ичиш ва жимоъ қилиш амалларидан муайян вақт тийилгандан сўнг унга етишиш, ўша неъматлардан баҳраманд бўлиш хурсандчилигидир. Кейинги қувонч – қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурига борганда ҳаёти дунёда тутган рўзасининг ажр-савобини жуда оғир ва қийин бир шароитда, ажр-савобга муҳтож бўлиб турган бир пайтда тўлиқ ва зиёда ҳолда берилганини кўрганидаги қувонч. (Бундай қувончга ҳаммамизни ҳам муяссар этсин). Ўшанда рўзадорларга нидо қилиниб, улардан бошқа ҳеч ким кира олмайдиган Раййон деган эшикдан жаннатга киришлари кутиб турилади.
Рўза тутишнинг яна бир афзаллиги шуки, рўзадорни тутган рўзаси қиёмат куни шафоат қилади. Абдуллоҳ ибн Умар келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: «Рўза ва Қуръон бандани қиёмат куни шафоат қилади. Рўза: «Эй Раббим! Мен уни таом ва шаҳватдан тўсган эдим, мени деб уни шафоат қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечаси уйқудан тўсган эдим. Мени деб уни шафоат қил», дейди. Бас, иккови шафоат қилади», деганлар. Демак, рўза ва Қуръон шафоатига ноил бўламан, деган кишилар, албатта, бунга жиддий қарашлари керак. Рўза фазилатларини санаб адоғига етмоқ қийин. Бу ўринда фақат асосий ва муҳим жиҳатлар билан кифояландик, холос.

 

Бобомурод Эрали

Комментариев нет:

Отправить комментарий