ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 1 августа 2014 г.

инфаркт


ФАКТЛАР ёки БИЛАСИЗМИЛАР


 Олтмиш ёшдан ўтган одам оддий амбулатор текширувдан ўтса, унда камида учта касаллик аниқланади.
Танамиздаги ҳужайралар мустаҳкамлигининг биологик захираси 210 йилга етар экан! Биз эса бу муддатнинг ҳатто ярмидан ҳам фойдаланмаймиз…
    Юрак беморлигидан токай чекарман фиғон,
Ҳеч ким дучор бўлмасин юрак дардига ёмон.
Эй юрагим зорини инкор қилгувчи, келгил,
Сийнамга қўй қулоғинг, зорини тингла бир он.
Абдураҳмон Жомий


ИНФАРКТ ВА ИНСУЛЬТНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН
АГАР БАД ОДАТЛАРДАН ВОЗ КЕЧИЛСА
 Бутун дунёда юрак-қон томир касалликлари ўлимга олиб келувчи энг асосий сабаблардан бири саналади. Бу дардлардан ҳар йили минглаб эмас, миллионлаб одамлар вафот этяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тахминига кўра, 2030 йилга бориб бу борадаги кўрсаткич йилига 23,6 миллионни ташкил этиши мумкин! Шифокорларнинг таъкидлашича, юрак-қон томир касалликлари бизнинг нотўғри турмуш тарзимиз оқибатидир. Демак, уларнинг олдини олса бўлади!

Қўққисдан эмас…
Баъзан миокард инфаркти ва инсультни қўққисдан, яъни кутилмаганда хуруж қиладиган касаллик деб аташади. Аслида ҳам шунадайми? Бундай кўнгилсиз оқибатларга олиб келадиган ўзгаришлар организмда йиллар давомида содир бўлади, бемор эса қон босимининг мунтазам ошиши, нафас қисиши, жисмоний ёхуд руҳий зўриқиш пайтида кўкрак қафасидаги сиқилиш ва шу каби хавфли белгиларга эътибор бермай юраверади. Ваҳоланки, организмнинг ана шу сигналларини эътиборсиз қолдирмаслик керак!
Хавф борми?
Сизга келажакда юрак-қон томир касалликлари хавф солиш-солмаслигини билиб олишингиз қийин эмас. Бунинг учун қуйидаги саволларга холисона жавоб беринг.
Ортиқча вазнингиз борми?
Чекасизми?
Кўп ичасизми?
Қон босимингиз ошиб турадими?
Қонингизда холестерин кўпайганми?
Қонингизда глюкоза кўпайганми?
Холестеринга бой, яъни ёғли овқатларни кўп, ўсимлик клетчаткаси серб бўлган маҳсулотларни (мева-сабзавотлар) камроқ тановул қиласизми?
Ўзингизни жисмонан нофаол деб айта оласизми? Масалан, ҳар доим лифтдан фойдаланасиз, ҳеч қачон пиёда юрмайсиз, дам олиш деганда телевизор томоша қилишни тушунасиз.
Буларнинг бари тиббиётда «хатар омиллари» деб аталади. Ана шу омиллардан ҳатто биттасини бартараф этсангиз, касаллик хавфини анча-мунча ортга чекинтирган бўласиз. Саволларга «ҳа» жавоби қанча кўп бўлса, демак, инфаркт ёки инсультга шунчалар яқинсиз.  
Такрорланиши мумкинми?
Айтайлик, киши юрак-қон томир дардига чалиниб қолди. Тиббиёт ходимлари бор маҳоратларини ишга солиб, унинг ҳаётини асраб қолишди. Бемор оёққа туриб кетиши учун узоқ давом этадиган реабилитация жараёнини ўтказиши лозим.
Касаллик қайталаши мумкин? Афсуски, ҳа. Кузатувларда аниқланишича, инсультни бошидан кечирган беморларнинг тахминан 14 фоизи яна шу дардга дуч келади. Миокард инфарктининг қайталаш хавфи ҳам кам эмас. Билиб қўйинг, касаллик қайталамаслиги учун энг аввало қимматбаҳо дориларга югуриш эмас, юқорида тилга олинган хавфли омилларни бартараф этиш керак. Айтиш керакки, кўпгина беморлар ҳаётларига соя солиб турган бўлса-да, спиртли ичимликлар ичиш, чекиш, ёғли ва ширин таом тановул қилиш сингари зарарли одатлардан воз кечмайдилар.
Назоратга оламиз
Тўғри, профилактика ҳар доим керак, лекин реабилитация даврида дори препаратларисиз иш битмайди.
Маълумки, инфаркт ва инсульт касалликлари томирларга тромб тиқилиб қолишидан келиб чиқади. Миокард инфарктида тромблар тож (коронар) артерияда, ишемик инсультда эса мия томирига тиқилган бўлади. Тромб қон лахтаси бўлиб, томир деворига ёпишиб олади. У мия ёки юрак томирларини тиқилтириб, маълум бир қисмини қондан маҳрум қилади. 
Ҳаммага маълум аспирин тромбларга қарши энг кўп қўлланиладиган дорилардан биридир. Мутахассисларнинг айтишича, аспирин қабул қилиш аёлларда инфаркт қайталаши хавфини 25 фоизга, такрорий инсульт хавфини эса 22 фоизга (эркакларда 19% ва 17%) камайтиради.
Статинлар гуруҳидаги дорилар ҳам юрак-қон томир касалликларига қарши кенг ишлатилади. Улар организмда холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам беради.

                                                                                                             Аброр Машарипов тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий