ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 29 июля 2014 г.

ойнага каранг

Соғлигингиз қандайлигини билмоқчимисиз? Ойнага қаранг!

Соғлигимиз борасида бирор хавотир уйғонса, шифокорга югурамиз ва турли текширувлардан ўтамиз. Ёки аксинча, шифохонани ўн кўча наридан айланиб ўтишга ҳаракат қиламиз, «ўзи ўтиб кетиши»дан умидвор бўламиз. Биласизми, илк ташхисни ўзингиз қўйсангиз ҳам бўлади. Унчаки ҳар доимгидан кўра эътиборлироқ бўлиб, организмингизга қулоқ тутиб кўринг ва кўзгуга қараб, ўз «портрет»ингизга диққат билан разм солинг. Кўзгудаги юзингизга боққанингизда у ер-бу ерида ҳуснбузарлар, ажинлар кўраяпсизми? Терингиз ранги ўзгарганми? Буларнинг барчаси бизни организмдаги бузилишлардан огоҳлантиради. Ўз-ўзига ташхис қўйишнинг бир нечта оддий усуллари организм ҳолатини баҳолашда ёрдам беради. Масалан…
Соч эрта оқарса…
Сочларнинг анча эрта оқариши касаллик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агар ёшингиз 40 дан ошмаган бўлса-да, сочларингизнинг 50 фоизи оқарса, шифокорлар қандли диабетга текширувдан ўтишни маслаҳат беришади.
Қошлар камайса…
Қош толаларининг тўкилиши, шунингдек, ингичкалашиши, сочларнинг ҳам тўкилиши қалқонсимон без касалликлари белгиси бўлиши мумкин.
Бўшашган қовоқлар
Бу ёшга боғлиқ табиий жараён деб ўйлайсизми? Лекин айрим ҳолларда бу шунчаки тери қариши билан боғлиқ бўлмаслиги ёки наслий характер касб этмаслиги мумкин. Агар қовоқлар ўта осилиб қолса, кўриш қобилиятига ҳам салбий таъсир қилади.
Зич, қора доғлар
Одатда, улар табиатига кўра безиён бўлади. Наслдан-наслга ўтиши ҳам мумкин. Бироқ шундай доғлар яқинда, узоқ вақт офтобда юрганингиздан кейин пайдо бўлган бўлса, бу тери саратонининг илк аломатларидан бири бўлиши мумкин. Албатта шифокорга мурожаат қилинг.
Юзда, кўз усти ва остида шишлар пайдо бўлса…
Агар улар кўпроқ эрталаб сезилса, кўпинча буйрак хасталикларига ишора. Товон ва болдирда кечга яқин шиш кузатилса, бу юрак фаолияти билан боғлиқ муаммоларни билдиради. Кўз остидаги шиш пешоб тизимидаги турли муаммолар нишонаси бўлиши мумкин. Уларнинг жойлашувига қараб қайси аъзо кўпроқ азият чекаётганини муҳокама қилиш мумкин. Лекин бу нозик жиҳатларни фақатгина мутахассис аниқлай олади.
Кўз оқининг сарғайиши
Кўпинча бу чарчаганингиз ёки кеча кўп суюқлик ичганингизни англатади. Ёки бу шунчаки сизнинг табиий ўзига хослигингиз бўлиши ҳам мумкин. Лекин бу жигар ва ўт пуфаги касалликлари белгиси бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Лаб
Лаб, қовоқ, бурун учининг кўкимтир бўлиб қизариши — ревматизмга чалинган айрим беморлар учун характерли белги. Лаблар, баъзан тил бинафшарангга ўхшаш тусга кирса, бу сурункали темир етишмовчилиги билан боғлиқ камқонлик билан бирга кечиши мумкин. Оғиз бурчакларидаги ёриқлар кўпинча организмга В витамини ёки цинк етишмаётганини билдиради. Агар яралар анча вақтгача тузалмаса, уларга инфекция тушиши мумкин. Шунинг учун уларни албатта даволаш зарур.
Терининг сарғайиши
Бу биринчи навбатда жигар, ўт йўллари касалликларидан нишона. Бироқ кўп сабзи истеъмол қиладиганларда ҳам тери сарғайиши кузатилиши мумкин. Бу ҳолда сабзи билан бирга организмга тушган А-каротин провитамини витаминга айланишга улгурмайди ва терида йиғилиб бораверади. Бу фойдали сабзавот камроқ истеъмол қилинганда инсоннинг ташқи кўриниши вақт ўтиши билан нормаллашади. Бундай вазиятда сариқликнинг ҳақиқий сарғаймадан фарқи — фақат тери сарғаяди, кўз оқи эса сарғиш тусга кирмайди.
Ҳуснбузарлар
Одатда юзнинг пастки қисмида ҳуснбузар тошса, бу эндокрин муаммолардан нишона. Бу тухумдонлар, буйрак усти ёки қалқонсимон безлар фаолиятининг бузилиши бўлиши мумкин. Бундай бузилишлар ҳар доим ҳам жиддий касалликдан дарак беравермайди. Улар у ёки бу аъзодаги бироз зўриқиш борлигини билдиради, холос. Иякнинг учли қисмида ҳуснбузар тошиши — қалқонсимон безнинг зўриққани белгиси.
Қулоқ солинчагидаги ажинлар
Қулоқлар солинчагидаги диагонал ажинчалар 70 фоиз ҳолларда юрак билан боғлиқ муаммолар аломати бўлиши мумкин. Бунда тўқималар эластиклигини йўқотади, артерияларда ҳам худди шундай ҳолат юзага келади. Бироқ бундай жараён организмнинг қариши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
Қизил кафтлар
Кафтлар терисининг қизариши жигар фаолияти бузилишининг илк белгиларидан бири бўлиши мумкин. Имкон қадар тезроқ шифокорга кўрининг.
Тирноқлардаги «ариқча»
Эҳтимол яқинда бирор жиддий хасталикни бошдан кечиргандирсиз ёки бармоғингизни жароҳатлаб олгандирсиз. Аммо агар бундай бўлмаса-да, «ариқчалар» мунтазам пайдо бўлаверса, қондаги гемоглобин миқдори ва жигарни текширитириш лозим.
Номсиз бармоқ узун бўлса…
Агар кўрсаткич бармоғингиз номсиз бармоғингиздан калта бўлса, бу онангизда сизга ҳомиладорлигида тестостерон гормони даражаси юқори бўлганини англатади. Бироқ бу тизза бўғимлари яллиғланишига мойилликка ҳам ишора қилиши мумкин. Тизза бўғимларини ҳимояловчи оёқ мушаклари тонусини тутиб туриш учун мунтазам равишда машқлар бажариб туринг.
Шишган бўйин
Аар сизда ўткир респиратор касалликлар аломатлари бўлмаса-да, бўйиндаги шиш узоқ вақт қайтмаса, бу қалқонсимон без касалликлари аломати бўлиши мумкин.
«Товуқ бадан»
Доимий равишда этингиз увишиб, баданингиз, айниқса қўлларингизда ўз-ўзидан майда нуқтачалар кўзга ташланиб, «товуқбадан» бўлиб кетсангиз, бу одатда организмингизда кератин ҳаддан ортиқлигидан келиб чиқади ва бу ҳол мутлақо хавфли эмас.
Офтобсиз қорайиш
Агар терингиз одатдагидан бирмунча қорайган бўлса, бу — шифокорга кўриниш учун асос. Камдан-кам вазиятларда бу буйрак усти безлари фаолиятида бузилишлар борлиги нишонаси бўлиши мумкин.
Иштаҳали қорин
Айтишларича, қорин соҳасида «ортиқча қисмлар»и бўлган инсонлар қандли диабет ва юрак-қон томир касалликларига чалинишга мойилроқ бўлишаркан.
Совуқ оёқлар
Оёқ кафти ва товоннинг совуқ бўлиши томирлар билан боғлиқ касалликларнинг илк аломати ҳисобланади. Агар қўл ва оёқларингиз кафти тез-тез жуда совуқ ҳолатда бўлса, албатта шифокор билан маслаҳатлашинг.
Шунингдек…
  • Катта, бироз олдинга бўртиб чиққан кўзлар қалқонсимон без касаллиги белгиси бўлиши мумкин.
  • Ёш бўлсангиз-да, юзингизга ажин тушса, бу — эндокрин бузилишлардан дарак беради.
  • Оғизнинг хиёл очилиб туриши — аденоидлар, гайморит мавжудлигидан дарак бериши мумкин.
  • Оғиз ва кўз бурчакларининг пастга тушиши — депрессиянинг ташқи намойиши.
  • Ёрилган, қуруқ лаблар гастрит, ошқозон яраси ёки В гуруҳ витаминлар етишмовчилигидан дарак беради.
  • Синувчан сочлар модда алмашинуви бузилиши, витаминлар етишмовчилиган хабар беради.
Хуллас, организмда саломатлик борасидаги муаммолар бўлса, у албатта бу ҳақда сизга хабар беради. Ҳамма гап унинг «тили»ни тушунишда ва албатта саломатликка БЕЭЪТИБОР БЎЛМАСЛИКДА! Шунинг учун ҳам нимадир безовта қила бошласа, «менга нима бўлаяпти?», «ўзи ўтиб кетар», «шу ишим битсин, кейин борарман», «ҳеч нима қилмайди, фалончи ҳам шундай-ку, отдай юрибди» каби баҳоналарни қалаштириб ташламай, албатта мутахассис-шифокорга мурожаат қилинг. Бугун — XXI аср, тиббиёт борган сайин тараққий этиб бораяпти. Сиз айтаётган баҳоналар эса бугун ўтмишнинг гапи. Саҳифада келтирганларимиз эса шунчаки сизни ўз саломатлигингиз борасида огоҳликка чорлаш эди. Ўзингизда саҳифада тилган олинган ёки олинмаган ўзгаришларни сезсангиз, ўз вақтида малакали маслаҳат олиш ва лозим бўлса муолажа қилиш учун шифокорларга мурожаат қилинг. Соғлиғингизни асранг! Бу ўз қўлингизда!

Нилуфар ВАҲОБОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий