Серобчилик – увол дегани эмас
Бир ҳамюртимиз Японияга борганида ажиб бир
ҳолнинг устидан чиқибди. Шаҳар марказида кета туриб, бир дўконда тумонат одам
навбат кутиб турганининг устидан чиқиб қолибди. Одамлар нима учун бунчалик
навбат кутиб туришганини сўрабди. Қаранг, шунча одам юрак дармондориси, яъни,
ўрикнинг туршагига навбатга туришган экан. Юртдошимиз ҳайрон бўлиб,
таажжубланибди: «Шундай қудратли юртда оддийгина туршакка навбатми?!»
Ҳа, юртдошимиз ҳайратлангани бежиз эмас.
Чунки бизда туршакдан сероб нарса йўқ. Бозорларимиз, ҳовлию боғ-роғларимиз
сархил мева-чевага тўла. Шу боис бундай ҳол бизга таажжубли туюлиши табиий.
Яратганнинг назари тушган юртимизда мева-чеванинг
ҳар тури, шириндан-шакар навлари етиштирилади. Бу йил, айниқса, ўрик мўл бўлди.
Шунданми, бозорларимиз ўрикка тўйинди: арзимас пулга бир қоп сотиб олиш мумкин.
Мўл-кўлчилик халқимизнинг дуосида доимо
айтиладиган калом. Элимиз учун фаровонлик белгиси бу. Бироқ бир ҳолат кишини
бироз ўйлантириб қўяди: серҳосил дарахтлар шохидаги мева шамол ғир этса, ерга
дувва-дувва тўкилади.
Ҳозир нима кўп – йўллар четида мевали дарахт кўп.
Қуёш тафтидан ҳил-ҳил пишган бу мевалар бир эпкин тегиши ҳамон ер билан битта
бўлади: уни машина, одам, жониворлар бемалол босиб ўтаверади. Мевани териб,
рўзғорига олиб боришга ёки мевасини ёйиб қуритиб, туршак қилишга, ҳечқурса
бозорга чиқариб, пуллаб, ҳам кам-кустини бутлаб, ҳам мевани уволдан сақлашга
ҳафсала қиладиганлар негадир кам. Нега?
Балки, кўз олдимизда ошиб-тошиб ётган
неъматларнинг кўплигидан, эҳтимолки, назаримиз тўқлиги учун шундайдир. Бироқ
ҳамма нарсанинг исрофи уволдир. Серобчилик – уволга айланиб қолмаслиги керак...
«Увол ва исроф тушунчаси жуда камёб ҳозирги
замонда, – дейди бир ҳамкасбим. – Бу, айниқса, болаларда ўткир муаммога айланган.
Мева тугул, ҳатто, ерда ётган нонни олиб қўй десангиз, сизга ғалати қарайди,
ғаши келади, оғринади...»
Аслида болаларни айблаб ҳам бўлмайди. Айб бизда –
катталарда. Қуш уясида кўрганини қилади! Эсимда, отам дастурхонга фотиҳа
ўқигач, онам ушоқларни териб қушларга ташлашни буюрарди, ҳозир ҳам шундай.
Қишлоққа пишиқчилик пайти борганда кўпчилик бўлиб машоқ теримига чиқардик,
буғдойзорда комбайндан қолган буғдой машоғини қанор халталарга йиғардик.
Раҳматли бобом эса ҳар биримизнинг қулоғимизга увол тушунчасини қуйган: «Бир
бошоқ дон – бир сават нон».
Дарҳақиқат, увол нима-ю, савоб нима, исроф
нима-ю, гуноҳ нима – барчаси болаликдан қулоққа қуйилиб, кўнгилга жойланса,
ҳаёт бошқача бўлади. Увол бўлади деб, ҳосилни териб олиб, қишга ғамлаб қўядиган
одамлар кўпаярди. Фарзандларимиз йўлга, йўл четига тўкилган меваларни териб
қўйишни уят санамасди.
Бугун оёқ остимизда эзилган неъмат қаерлардадир
бениҳоя тансиқ эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Фалон сўм сарфлаб унга
етишиш учун қайсидир юртда, кимлардир турнақатор навбатда турган бўлиши
мумкин...
Жасур КЕНГБОЕВ,
«Оила даврасида» мухбири
Комментариев нет:
Отправить комментарий