ПАХТАКОР
Чин бахтни меҳнатдан излаган халқим,
Айтган сўзинг аҳд-у, дилингда паймон!
Сен тўккан терларнинг хосиласидан
Не тонг, самолар-ла бўйлашса хирмон!
Ерни севиш сенга азалий мерос,
Асли жон томиринг заминда сенинг.
Оқ яктакни кийиб баҳордан то куз,
Оқ пахтадек оппоқ ниятда эдинг!
Хокисор дилингда нашида, сурур,
Далалар олмоқда енгил бир нафас,
Беминнат боқасан кўзинг тўла нур,
Кўкда юлдузлар ҳам қилади ҳавас.
Ғалла бошоқлари ризқи-рўз бўлса,
Оқ пахта – пок иқбол деҳқонга, элга,
Қўлинг қадоғига момиқ пахтани
Босмоқни йил бўйи боғладинг дилга.
Ёзнинг чилласига юрагинг меҳри
Баробар келди-ю, гуллади пахта.
Сен очиққўл эдинг сахий куз каби,
Кўсакларнинг кўнгли очилди шахдам.
Роҳатни чин аҳддан излаган элим,
Имконинг – пок виждон, иймондан нишон.
Пахтадек оппоқдир танлаган йўлинг,
Пахтадек пок, чексиз тилагим, ишон.
Комментариев нет:
Отправить комментарий