ТАНИШИНГ: ҚАНДЛИ ДИАБЕТНИНГ «ЖИЯНИ» — ҚАНДСИЗ ДИАБЕТ!
Нефроген қандсиз диабет — ўта ноодатий ҳолатнинг узун номи. Аксарият кишилар қандли диабет билан қандсизи бир-бирига ўхшаш деб ўйлайди. Аслида эса қандсиз диабетнинг юзага келиш сабаби буйракдаги муаммолар ҳисобланади. Бу хасталик ҳам қандли диабет каби сурункали дард бўлса-да, жуда кенг тарқалмаган. Хўш, биз бу хасталик ҳақида нималарни биламиз.
Касаллик ҳақида
Организмда сув-туз моддалари алмашинувига таъсир қилувчи гормонлар бир нечта. Улардан бири бу — вазопрессин (ёки антидиуретик гормон — АДГ) бўлиб, бу гормон инсон бош миясида жойлашган гипоталамус нейроэндокрин безидан ишлаб чиқарилади ва гипофиз безида сақланади. Бу гормон ишлаб чиқарилгач, буйраклар дистал каналчаларида жойлашган сезувчан рецепторлар (яъни оқсиллар) билан боғланиб, организмда сувни ушлаб қолади. Шу билан бирга инсон қонини суюлтириш, артериал қон босимни бошқаришда иштирок этади.
Нефроген қандсиз диабет (буйрак шакли) – бу қандсиз диабетни бир тури ҳисобланади. Бу касалликда вазопрессин ишлаб чиқарилаверади, лекин у бирикиши керак бўлган буйраклардаги рецепторлар сезувчанлиги пасаяди. Натижада организмдан суюқлик кўп чиқиб кета бошлайди (яъни пешобга чиқиш тезлашади) ва инсон танаси сувсизланади.
Белгилари
Чанқоқ;
Полиурия (пешобнинг тез-тез ва кўп миқдорда ажарилиши);
Сабабсиз чарчоқ;
Қувватсизлик;
Мушаклардаги оғриқ;
Пешобни ушлаб туролмаслик;
Чарчоқ, оғиз қўриши, сўлакнинг кам ишлаб чиқарилиши (пешоб билан бирга азот ва фосфор ажралишинатижасида);
Вазннинг кескин равишда камайиши (семириш камдан-кам ҳолатларда кузатилади);
никтурия (кечаси пешобнинг янада тезлашиши);
Асабийлик.
Сабаблари
Кичик ёшдаги болаларда диабетнинг бу тури наслий мойиллик сабаб юзага келади. Катта ёшли беморларда эса орттирилган хасталик саналади. Бунинг сабаблари асосан буйрак хасталикларидир. Уларга гидронефроз, поликистоз, уропатиялар, сурункали пиелонефрит киради. Қонда кальций миқдорининг ошиши (гиперкальцемия) ва калийнинг камайиши (гипокалиемия) ҳам қандсиз диабет буйрак шакли ривожланишига олиб келувчи сабаблардир. Жуда кам ҳолларда қандсиз диабет буйрак шаклини оилавий турлари учраб туради.
Даволаш
Қандсиз диабетни даволаш осон кечмаслиги мумкин. Негаки, организмда сув балансини ушлаб турувчи гормон АДГнибуйракдаги рецепторлар қисман сезмай қолади. Аввало хасталикининг сабаби аниқланади. Касаллик илдизи даволанмагунга қадар, унинг асорати сифатида юзага келган қандсиз диабетни тўхтатиш амри маҳол. Дори-дармонларни қабул қилиш билан бирга таркибида туз ва оқсил моддалари кам бўлган озиқ-овқатлардан ташкил топган парҳезга риоя қилиш фойдали.
Қандсиз диабетни даволашнинг асосий шартларидан яна бири — организмни керакли миқдордаги суюқлик билан таъминлаш. Организмда электролит дисбаланс юзага келмаслиги учун суюқлик қабул қилишни тартиб билан амалга ошириш лозим. Кўп миқдорда сув ичишдан ташқари турли хил мевалар ва поливитаминлар қабул қилиш тавсия этилади. Ва албатта, агар фарзандингиз ёки яқинларингизда юқорида кўрсатилган белгилар пайдо бўлса, дарҳол кечиктирмай нефролог ва эндокринолог кўригига боришни унутманг! Касаллик қанча эрта аниқланса, унинг даволаш осонроқ кечади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий