Кимё фанида инқилоб қилган кашфиёт Нобел мукофотини олди
Швеция Қироллик Академияси кимё бўйича 2017 йилги Нобел мукофоти ғолиблари номини эълон қилди. Кимё соҳасидаги мукофот ҳам уч кишидан иборат олимлар гуруҳига насиб этди. Лозанна университети профессори Жак Дубоше (Швейцария), Колумбия университети профессори Йоахим Франк (АҚШ) ҳамда Молекуляр биология бўйича тиббий тадқиқотлар кенгаши лабораторияси тадқиқот институти доктори Ричард Ҳендерсон (Буюк Британия) кимё соҳасида мукофотни қўлга
киритишди.
Кимё бўйича бу йилги мукофот олимларга “эритмадаги биомолекула тузилишини юқори даражадаги аниқликда кузатиш имкони берувчи крио-электрон микроскопни такомиллаштириш борасидаги хизматлари учун” тақдим этилган. Нобел қўмитаси қайд этишича, кашфиёт биокимё соҳасида инқилоб ясаган.
Нобел лауреатларининг хизмати туфайли биомолекулаларни микроскоп ёрдамида тасвирга олиш нафақат осонлашган, балки тасвир сифати яхшиланган. Крио-электрон микроскопнинг такомиллашиши биокимё соҳасини янги даврга олиб кирган. Кимё фанида микроскопнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Моддаларнинг инсон кўзига кўринмас тасвири уларнинг моҳиятини ўрганишда асосий ўрин тутади.
Амалдаги микроскоплар тирик организмларнинг молекуляр тузилишини тўлиқ ўрганишда тушуниш қийин бўлган тасвирларни тақдим эта олгани туфайли биокимёвий тасвирлар бўшлиқдан иборат эди. Крио-электрон микроскоп технологияси эса ҳаммасини ўзгартириб юборди. Энди тадқиқотчилар бимолекулаларни ҳаракат вақтида музлатиш ва илгари кўриш имконсиз бўлган жараёнларни кузатиш имконига эга бўлишди.
Электрон микроскоплар фақатгина ўлик ҳужайрани тасвирга олиш имконини берарди. Чунки қудратли электр нурлари биологик моддани бузади. Аммо 1990 йилда Ричард Ҳендерсон электрон миксроскоп орқали протеин атомининг уч ўлчамли тасвирини олишга муваффақ бўлди. Йоахим Франк ва Жак Дубоше микроскопни такомиллаштиришга муваффақ бўлишди. 2013 йилда эса олимлар ўз мақсадларига етишди.
Кимё бўйича Нобел мукофотининг умумий қиймати 9 миллион Швеция кронасини (1,1 миллион АҚШ доллар) ташкил қилади. Мукофот уч нафар лауреат ўртасида тенг тақсимланади. Эслатиб ўтамиз, Швецияда 2 октябрдан Нобел ҳафталиги бошланди. Душанба куни тиббиёт ва физиология, сешанба куни физика бўйича лауреатлар номи эълон қилинган бўлса, пайшанба куни адабиёт ва жума куни тинчлик бўйича мукофот эгалари номи маълум бўлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий