ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 12 октября 2017 г.

Қон босими ошишига беэътибор бўлманг!


Қон босими ошишига беэътибор бўлманг!
Қон босими ҳаммада ҳар хил бўлади. Ким учундир 100/60 қон босими ўртача ҳисобланса, бошқа бири учун эса бу жуда паст саналади. Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг нормаларига кўра, 120/80 дан 160/95 гача бўлган қон босими нормал ҳисобланади. Қон босими 140/90-160/95 чегарасида бўлса, бундай кишиларда гипертоник касалликка чалиниш хавфи юқори.
Белгилари

Қон босими ошганда беморда бош оғриб, айланади. Оғриқ асосан энса соҳасида бўлади, баъзи ҳолларда кўзлар қизариши ҳам мумкин. Беморнинг кўнгли айниб, қон босими жуда кўтарилиб кетганда қайт қилади, юрак соҳасида оғриқ сезади. Юрак тез уриши, қизиб кетиш, нафас
етишмаслигини ҳам кузатиш мумкин.

Хавф гуруҳига кимлар киради?

Ёш ўтиши билан ортиқча вазнга эга бўлган, спиртли ичимликлар ичувчиларда, чекувчиларда, шунингдек, тузлама шинавандалари ва камҳаракатли кишиларда қон босими ошиш хавфи юқори.

Билиб қўйган яхши!

Ҳар беш кишининг биттасида гипертония, яъни қон босими ошиши кузатилади. «Қон босимини туширсам бўлди, даволаниш шарт эмас», деган янглиш фикр мавжуд. Аммо «кўза кунда эмас, кунида синади...» Юқори қон босими билан йиллаб яшаш мумкин, аммо унинг ошиши оқибатида кичик артериялар шикастланади. Касаллик мия инсульти, миокард инфаркти, юрак ва буйрак фаолияти етишмовчилиги, кўз пардаси кўчиши ва ҳатто кўрликка ҳам олиб келиши мумкин. Гипертонияни тамоман даволаб бўлмагани сабабли уни доимий равишда муолажа қилиб юриш зарур.

Қон босимингиз ошса...

Ҳар бир кишининг қон босими жисмоний хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ўзгариб туради. Жисмоний меҳнат, стресс, ҳаётий ташвишлар пайтида у кўтарилса, уйқу ва дам олиш чоғида аксинча, тушади.

Баъзи-баъзида ошиб турадиган қон босими хавфли бўлиб, тўқималар бирданига тушган бу оғирликни «кўтара» олмаслиги мумкин. Ўз нормал қон босимингизни билиш учун вақти-вақти билан уни ўлчаб туринг.

Нима ейиш мумкин?

1. 40 ёшдан ошганлар ҳеч бўлмаганда ойда бир марта қон босимини ўлчаб туришлари шарт.

2. Ортиқча вазн эвазига организм зўриқиб ишлайди. Бу эса юрак ва қон томирларини ҳам зўриқтиради, қон босими ошади. Вазн ўртача ҳолга келганда, қон босими ҳам ўз нормал ҳолатини тиклайди.

3. Қон босимингиз юқори бўлса, туз истеъмолини камайтиринг. Турли тузлама ва дудланган маҳсулотларни эса умуман емаган маъқул. Туз танада суюқлик йиғилиб қолишига ва танада шиш пайдо бўлишига олиб келади.

4. Юрак мушакларини мустаҳкамлаш учун магний ва калийга бой маҳсулотлар истеъмол қилинг. Масалан, қуритилган мевалар, гречка, дуккакли ўсимликлар…

5. Шунингдек, турли ҳайвонот ёғлари истеъмолини камайтириб, улар ўрнига ўсимлик ёғлари ишлатинг. Айниқса, зиғир ёғи фойдали.

6. Жисмонан фаол бўлинг, доимий равишда жисмоний машқлар билан шуғулланинг. Аммо бу машғулотлар оғирлик (тош, гантел) кўтаришдан иборат бўлмасин.

7. Суюқлик истеъмолини назорат қилинг. Тана вазнининг 1 килосига 30 гр. суюқлик тўғри келади. Масалан, вазнингиз 70 кило бўлса, сутка давомида 2 литр сув ичишингиз мумкин. Лекин уйқуга ётишдан 2 соат аввал суюқлик ичманг.

Ёдингизда бўлсин!

Кўп асабийлашадиган одамларда қон босими ошиши кўп кузатилади. Саломатлигингиз учун муҳими: тўлақонли уйқу. Ўзингизни кўп толиқтирманг ва асабларингизни асранг.

Шунингдек, баъзи дори воситалари ҳам (масалан, орал контрацептивлар) қон босими ошишига олиб келиши мумкин. Касалликни даволамаслик умрингизни қисқартиради.

Уй шароитида…

Қон босимингиз кўтарилганда энг аввало ярим ётган ҳолда ўтиринг, бошингиз танага нисбатан баландроқда бўлсин.
Шифокор тавсия қилган дорини ичинг ва ярим соат мобайнида ўрнингиздан турманг.
Гипотензив дорилар узоқ муддатга узлуксиз қабул қилиш учун буюрилади. Шу сабабли дорини қабул қилишни ўзбошимчалик билан тўхтатманг.
Кийик ўти, аччиқ кўк чой дамлаб ичинг.
Қон босимингизни ўлчаб туринг. Агар у икки соат мобайнида тушмаса, зудлик билан «Тез ёрдам» чақиринг.
Кичик маслаҳат

Бир ой давомида эрталаб ва кечқурун қон босимингизни ўлчанг. Шунда ўртача қон босимингизни билиб оласиз. Бу маълумот шифокор сизга дори буюришида қўл келади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий