Ота кимлиги тўғрисида қоғозга фикрларингизни тушуролмаётган бўлсангиз, сизлар учун Отажонларимиз аслида қанақа инсон эканликлари тўғрисида каналга "ОТА КИМ"?деган мақолани қўяман.Ўқинг,ҳулоса ўзингиздан
ОТА КИМ?
Профессор ўзи лекция қилаётган магистрларга “Ота ким?” деган саволни ташлади. Жавоблар турлича бўлди. Ҳар кимнинг жавобидан ўз отасига бўлган муомаласи билиб олинар эди. Жавобларнинг ичида жуда чиройлилари ҳам, жуда оддийлари ҳам бор эди. Лекин профессорнинг ёдида сақланиб қолган ва унга қаттиқ, таъсир қилгани қуйидаги жавоб эди. Ота, Сен унинг туфлисини киясан. Аммо туфли катта, оёғинг эса кичик бўлгани учун ўзингни эплай олмай йиқилиб тушасан. Сен унинг кўзойнагини тақасан ва кўзойнакнинг сенга анча катта
эканлигини ҳис этасан. Сен ундан машинасининг калитини сўрайсан. Ўзингни отанг ўрнида тасаввур қилиб, машинани бошқармоқчи бўласан. Ҳаёлингга бир нарса келиб, отангга телефон қиласан. У ўз иши билан банд бўлсада, сен билан гаплашади. Уйга қайтгач, сени бағрига босиб, меҳр билан қучиб, юз-кўзларингдан ўпади.
Бироқ, сен билмайсан, ўша куни раҳбари уни койиган, танбеҳ, берган бўлиши ёки шериги дилини оғритган бўлиши ёхуд сизларнинг нафақангиз унга бироз оғирлик қилган бўлиши мумкин. У ишдан келган заҳоти сен астагина:
- “Отажон, менга пул беринг, қанд оламан” дейсан. У эса: - “қўзичоғим, эртага ишдан қайтишда ўзим олиб келаман” деб жавоб беради. Эртаси куни ишхонада тинимсиз ишлагани, иссиқда толиққани, турли одамлар билан муомала қилавериб ҳолдан тойгани учун сенинг талабингни унутиб, ишдан чарчаб келади.
Сен ундан:
- “Отажон, қанд олиб келдингизми?” деб сўрайсан. Шунда у чарчаганини ҳам унутиб, сенга қанд олиб келиш учун қалби қўри билан кўчага отланади. Бугун эса. Туфлиси эскиргани учун киймайсан. Унинг кийимларини, фикрларини, машинасини эскиргани учун, модадан қолгани учун ерга урасан.Ахир сен ўртоқларингга зўр машина билан мақтанишинг керак-ку!Унинг машинаси эса мақтанишингга арзимайди. Унинг гаплари ҳам сенга ёқмайди. Унинг қалтироқ қўллари билан қилган ҳаракатларидан жирканасан. Агар уйингга оғайниларинг меҳмонга келса, отангнинг борлиги сенга малол келади. Ишқилиб оғайниларимнинг кўзи отамга тушиб қолмасинда деган ҳадик билан ўтирасан. Кеч қолсанг, хавотир олиб, сенга қўнгироқ қилади. Отангнинг бу иши сенга сени безовта қилаётгандек, ҳалал бераётгандек, ҳоли-жонингга қўймаётгандек туюлади. Агар у сенга қайта-қайта телефон қилса, телефон гўшагини кўтармай ҳам қўяверасан. Уйга жуда кеч қайтганингда, ҳаётда масъулиятли бўлишинг учун у сени койиса (зеро, у ҳалиям сени тарбия қилишда давом этмоқда, ўз масъулиятини ҳис этмоқда, чунки, у сенга жавобгар шахсдир. Ҳар бир жавобгар шахс эса ўз қўл остидагиларга масъулдир) сен унга овозингни кўтарасан, сўзларинг билан уни қийин аҳволга солиб қўясан. У эса индамайди.Йўқ, сендан қўрққанидан эмас, сенинг муомалангдан ҳайрон бўлганидан, сендан бу оҳангдаги жавобни кутмаганидан жим бўлиб қолади. Кеча йигитлик чоғларида сени елкасига кўтариб юрар эди. Бугун эса сен ундан жуда ҳам “баланд” бўлиб кетдинг. Кеча сен зўрға-зўрға гапирар, ҳарфларда хато қилардинг. Бугун эса сени ҳеч ким жим қила олмайди, гапиришдан тўхтата олмайди. Ўша кунларни унутдингми ёки ўзингни унутганга соляпсанми эй фарзанд?! Сенга ҳар қанча қўполлик қилса ҳам, сени ҳар қанча ҳоли-жонингга қўймаса ҳам, сени ҳар қанча койиса ҳам, сен индамай тур!Ахир у сени отанг!Сени гўдаклигингда, қўрлигингда, ҳеч нарсани билмайдиган пайтингда бағрида кўтариб юрганидек, энди сен ҳам уни касаллигида, қарилигида кўтариб юр! Унга қўлингдан келган барча яхшилигингни қил! Сендан бошқалар ўтиб кетган оталарини қайта кўриш илинжида, отамни яна кўрармикинман деган орзуда яшамоқдалар.
Мендан “Кимни яхши кўрасан?” деб сўрашди. Уларга шундай деб жавоб бердим: - “Менинг туғилишимни тўққиз ой кутган, туғилганимда дунёларга сиғмай, мени катта хурсандчилик билан кутиб олган, қариб, касал бўлиб ётиб қолгунича мени тарбия қилган инсонни яхши кўраман. У шундай инсонки, унга бўлган муҳаббатим қалбимда абадий яшайди!
ОТАНГИЗНИ ҚАДРИГА ЕТИНГ АЗИЗЛАР!!!
Комментариев нет:
Отправить комментарий