ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 8 октября 2017 г.

Грин кард ҳақида билишингиз зарур бўлган барча маълумот: йўриқнома, имконият ва фирибгарликлар

Abduqadir Sattarov, [09.10.17 05:53]

Грин кард ҳақида билишингиз зарур бўлган барча маълумот: йўриқнома, имконият ва фирибгарликлар
манба  KUN.UZ
Ҳар йили, АҚШ ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси – DV» дастури доирасида 50000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Унинг кўриниши яшил карта шаклида бўлгани учун бутун дунёда, хусусан Ўзбекистонда “Яшил карта” (Гринкард) номи билан машҳур. Визалар сўнгги беш йил ичидаги АҚШга иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда АҚШга
иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ виза миқдори белгиланади. Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.

Грин кардда иштирок этишнинг талаблари

Лотереяда иштирок этишнинг илк шарти: вакиллари дастурда қатнашиши мумкин бўлган давлатларда туғилган шахслар рўйхатдан ўтишга ҳақли бўлиши мумкин. ​​Масалан, сўнгги беш йил давомида бу давлатларда туғилган умумий сони 50000дан ортиқ шахс АҚШга иммиграция қилгани аниқланса ёки АҚШ ташқи сиёсатига кўра тақиққа учраган мамлакат аҳолиси (ўша жойда туғилганлар) Гринкард имкониятидан фойдалана олмайди.

Шунингдек, номзод энг камида ўрта таълимни тамомлаган бўлиши ёхуд сўнгги беш йил давомида икки йиллик тайёрлов ёки тажриба талаб қилувчи фаолиятда икки йиллик иш тажрибага эга бўлиши сўралади. Жорий йилда Гринкард дастурига аризалар электрон шаклда www.dvlottery.state.gov веб-саҳифасида 7 октябрдан 7 ноябрга қадар қабул қилинади. Қонун рўйхатга олиш даврида ҳар бир шахс томонидан ёки унинг номидан фақат битта ариза топширилишига рухсат беради. Ариза тўлдирилгандан сўнг, тасдиқлов рақами ёки бошқача қилиб айтганда, Аризачи Мақомини Текшириш Функцияси (Entrant Status Check)га оид маълумотни чоп этиб олишингиз зарур. Бу қоғоздаги маълумот зинҳор ташлаб юборманг, зеро бу дастур натижасини текшириб кўришнинг ягона имконияти. Дастурда имкониятга эга бўлган номзодларнинг рўйхати расман 2018 йилнинг 1 май куни эълон қилинади. Давлат Департаменти биттадан ортиқ киритилган аризаларни аниқлаш учун мураккаб технологиялардан фойдаланади. Мурожаатчининг биттадан ортиқ топширган аризалари дастурдан четлатилади.

Гринкардни ютиб олиш, кишига қандай имкониятларни тақдим этади?

Бу саволга жавобни олдиндан аниқ билиб олиш зарур, чунки кўпчилик лоторея иштирокчилари ушбу дастурда ғолиб бўлиб, АҚШда кафолатланган виза, иш ўрни ва бошпана билан таъминланмаслигини, билиши лозим. Ваҳоланки, дастур мансуб иммигрантлар визаси учун ташкил этилган экан, ғолибнинг қўлга киритиши мумкин бўлган энг катта ютуғи - АҚШда яшаш резидентлигига эга бўлиш.

Шунингдек, Гринкард орқали АҚШга ташриф буюрган иммигрантлар маҳаллий аҳолига тақдим этилган имтиёз ва шароитлардан бирдек фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади, аммо улар сиёсий сайловларда иштирок этмайди. Бундан ташқари айрим масалаларда миллий хавфсизлик нуқтаи назардан келиб чиқиб, иммигрантларнинг кенг имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланиши мумкин.

Гринкард эгаси 18-25 ёшдаги йигит бўлса, АҚШ Ҳарбий хизмат рўйхатига қайд этилиши сўралади.

Ўзбекистонда Гринкардни энг кўп қўлга киритган ғолиблар Самарқанддан

Юртимизда ушбу лотереяни самарқандликлар кўпроқ ютиши ҳақида ўринли фикрлар мавжуд. Ҳақиқатдан ҳам фуқароларимиздан йилига 5000 нафарига яқинига ушбу лотереяда омад кулиб боқса, унинг салкам 3500 нафари самарқандлик фуқаролар бўлиб чиқади.

Аввало, Самарқандда гринкард лотереясида иштирок этиш учун анкеталарни саводли қилиб тўлдириб берадиган фирмалар жуда кўп. Ҳар қандай интернет-клуб, электрон тўлов шохобчаларида маълум бир тўлов эвазига бундай хизматдан фойдаланишингиз мумкин. Ҳаттоки ёш йигитчалар қўлларида фотоаппарат билан уйма-уй, маҳаллама-маҳалла, корхонама-корхона юриб, анкеталар учун маълумотлар йиғиб чиқишганига ўзим гувоҳ бўлганман.

Гринкард атрофида қандай фирибгарликлар амалга оширилади?

Энг ҳайратланарли жойи — улар анкета учун маълумотларни ёзиб олишади, бунинг учун арзимас пул ҳам талаб қилишади (киши бошига 10 мингдан 25 минг сўмгача). Қўлингизга ҳаттоки хизмат кўрсатилгани ҳақида шартнома ҳам беришади — гўёки қилиб юрган ишлари қонунийдек. Ўзлари эса номингиздан электрон почта очиб, текшириш кодларини унга тушириб олишади, уни ҳеч қачон сизга кўрсатмай, май ойи келгач — лотерея жавоблари чиққанидан сўнг, лотереяда ютган-ютмаганингизни битталаб текшириб чиқишади. Ана шунда гринкард ютганларга кодлар катта пулга пулланади. Энг камида 1000 АҚШ долларига. Энг камида! Киши бошига! Яъни оилангизда 5 та инсон бўлса 5 минг доллар тўлашингиз керак.

Шундай воқеани ҳам учратганманки, IELTS тестидан ўтиб, АҚШда ўқиш ҳуқуқини қўлга киритган ёшлардан бири АҚШ элчихонасига бориб, гринкард лотереясида ҳам ғолиб чиққанини билиб қолган. У дугоналари билан ана шундай гринкард учун анкета тўлдирувчиларга маълумотини бериб, кейинчалик бу воқеани унутиб юборган. Бу орада эса унга ютуқ чиққан. Телефон рақамлари алмашиб кетганлиги сабабли «анкетачилар» уни топа олишмаган.

Маълум бир кишига ютуқ чиқариш учун уни турли фонларда ва соч турмаги билан суратга олиш, фамилияси ва исмидаги ҳарфларни турли-туман ёзиб кўриш билан комбинация қилиб (масалан, «О» ни «А» га алмаштириб), бир киши учун 10-15 хил вариантда анкета тўлдириш ҳоллари ҳам учрайди. Мабодо вариантлардан бирига ютуқ чиққудек бўлса, паспортдаги фамилия ёки исм ўшандай қилиб алмаштирилади. Бу вариантдан кўпинча бўйдоқ йигитлар фойдаланишади.

Энг хавфли томони — анкета тўлдирувчилар сизнинг маълумотларингизни қўлга киритиб олгач, келгуси йил ҳам сиздан бесўроқ анкета тўлдиришлари мумкин. Мабодо бу томондан ўзингиз ҳам тўлдирсангиз — маълумотларингизнинг ҳар иккиси компьютер томонидан бекор қилиниши аниқ.

Самарқандда бир неча йиллардан бери соатдек бахато ишлаётган гринкард схемаси мана шундай оддийгина йўл билан яшаб келмоқда. Албатта, моҳиятан ноқонуний пул топиш усули бўлган бу «хизмат»да турли фирибгарликларга кенг ўрин ажратилган. «Биз анкетасини тўлдириб берганларнинг ҳаммаси ҳозир Америкада», «Фалон доллар берсангиз, гаплашаман, лотереяда аниқ ютасиз», «АҚШ элчихонасидагилар код учун мана шунча пора сўрашаяпти, улар ҳам биздан ўрганиб олишган» деган важ-корсонлар билан фуқароларни «соғиш» ҳақида гапирмай қўяқолай.

Нима бўлганда ҳам, қадимий шаҳарда бундай фирмаларнинг ва йигитларнинг хизматларига талаб асло камаймаяпти. Чунки Гринкард анкетасини инглиз тилида тўлдириш керак. Кўпчилик инглиз тилини билмайди. Тўғри суратга тушишни билмайди. Лекин аксарият инсонларнинг Америкада бориб яшагиси келади. Чунки бориб олганлар кам бўлишаётгани йўқ — ўзлари тирик гувоҳ бўлиб туришибди. Ҳар қандай реклама бу ерда ортиқча.

Ҳамюртларимизга яна бир карра эслатиб ўтамиз: бундай ҳолатларда асло ўзингизга тегишли маълумотларни сиз танимайдиган, номаълум кимсаларга бериб юборишингиз ярамайди!

Шуҳрат Шокиржонов,
Алишер Рўзиохунов

Комментариев нет:

Отправить комментарий