ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 20 апреля 2018 г.

ИЖОД АҲЛИГА ЭЪТИБОР


ИЖОД АҲЛИГА ЭЪТИБОР
Президентимизнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, уюшманинг вилоят бўлими фаолияти учун барча шароитларни яратиб бериш, вилоятда яшаб, ижод қилаётган адибларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Муҳаммад Юсуф номидаги ўзбек тили ва адабиёти фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Анжуманни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов очди. Қарорда белгиланган ҳар бир
банд бўйича вилоятда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Уюшманинг вилоят бўлими учун замонавий талабларга мос янги бино ажратиш ва бўлимнинг моддий техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Уюшма аъзолари Фарид Усмон, Замира Рўзиева, Абдумутал Абдуллаев, Омина Тожибоевалар сўзга чиқиб, Президентимиз қабул қилган қарорнинг долзарблиги, ҳар жиҳатдан мукаммаллиги ҳақида гапирдилар ҳамда бундай юксак эътибор ва ғамхўрликлар ижод аҳлини руҳлантириш билан бирга, уларнинг адабиёт олдидаги масъулиятини янада ошириши ҳақида сўз юритдилар. Миллий адабиётимиз ривожига хизмат қиладиган асарлар яратиш, маънавият тарғиботига беминнат ҳисса қўшиш, ёш истеъдодларни излаб топиб, уларга жиддий эътибор қаратиш муҳим вазифалар эканлигига тўхталдилар.
Шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган адабий тўгараклар раҳбарларини ойлик маоши билан таъминлаш, уларга етарли шароитлар яратиб бериш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали ёш ижодкорлар сафини янада кенгайтиришга эришиш мумкин. Кекса адибларнинг тиббий профилактикасига эътибор қаратиш, уларга нафақахўрлар учун жорий қилинган дам олиш масканларига йўлланмалар бериш ҳам муҳим вазифалардандир. Шунингдек, учрашувда олимлар Дилмурод Қуронов, Ҳалим Карим, ёзувчи Матлуба Юсупова ва бошқалар ҳам сўзга чиқдилар.
Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳам вилоят ижодкорлари, ёш қаламкашлар, ўқувчилар, турли ёшдаги китобхонлар иштирокида адабий анжуман ўтказилди.
Анжуманда Президентимизнинг янги қарори ҳақида фикр юритилди. Андижон адабий муҳитининг янада гуллаб-яшнаши адабиётга кириб келаётган ёшларни ҳар тамонлама етук, салоҳиятли бўлиб етишишларига ҳам боғлиқлиги таъкидланди. Ижодкорлар Омина Тожибоева, Нусрат Абдусалом, Рўзихон Иминова, Ғани Мажид, Дурбек Қўлдошевлар вилоятда фаолият олиб бораётган “Бобур издошлари”, “Ёғду”, “Муҳаммад Юсуф издошлари”, “Орзу”, “Нафосат” каби адабий тўгараклар фаолиятини ривожлантириш борасида сўз юритдилар.
Анжуман доирасида шоир Фарид Усмоннинг “Вақтичоғлик гуллари” номли шеърлар тўплами ва “Парвозга шайланган қалб” номли публицистик китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси чоп этган шеърий тўпламига шоир янги шеърларини ва ғазалларини жамлаган. Ёшларни ватанпарварликка, инсонпарварликка чорловчи шеърлари анжуман иштирокчилари бўлган ўқувчилар томонидан ўқилди. Сўзга чиққанлар таниқли режисёр Толибҳожи Ҳамидов ҳақидаги публицистик асар содда, самимий тилда, ҳаққоний ёзувчилик нигоҳи билан ёзилганлиги эътиборга лойиқ эканини таъкидладилар.
Андижон шаҳридаги 35-давлат ихтисослаштирилган мактабида “Китоб, менинг дўстимсан!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Мактаб ўқитувчилари, ўқувчилар, ота-оналар иштирокидаги ушбу анжуманда адиблар, ёш ижодкорлар ҳам иштирок этдилар. Ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий композициялар, саҳна кўринишлари, китобхонлик беллашуви, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Бобур издошлари” адабий тўгараги аъзоси, ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчиси Робияхон Жўраева ўқиган шеърлар тадбир қатнашчиларининг олқишига сазовор бўлди.
Анжуман сўнгида мактаб директори Раънохон Мўйдинова мана шундай тадбирлар таълим-тарбия жараёнида ижобий самаралар бераётгани, мактаб ўқувчиларининг ютуқлари, фан олимпиадаларидаги муваффақиятлари ҳақида сўзлади.
Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театрида адиблар, санъаткорлар, рассомлар, миллий адабиётимиз ва санъатимиз ривожи йўлида хизмат қилаётган фидойи юртдошларимиз иштирокида анжуман ўтказилди. Анжуманни вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоилов очди. Сўзга чиққанлар соҳага оид ислоҳотлар, Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорларнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида сўз юритдилар. Янги истеъдодларни ахтариб топиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун таниқли устозларнинг маҳорат дарсларини ташкил этиш муҳим вазифа экани, бундай эзгу ишларга баҳолиқудрат ҳисса қўшаётган устозлар рағбатлантирилиб борилишига Президентимиз алоҳида эътибор қаратаётгани ишлар самарадорлиги ошишига асос бўлиши таъкидланди.
Анжуман сўнгида Назиржон Саидов, Маннон Ҳамидов, Тўлқин Қўлдошев каби маънавиятимизнинг жонкуяр тарғиботчилари қатори Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиба Омина Тожибоева ҳам вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.

Хуршида Қўчқорова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Андижон вилояти бўлими раҳбари

тадбирдан лавхалар








Комментариев нет:

Отправить комментарий