ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 15 апреля 2018 г.

Гайморит хакида..

Гайморит хакида..
Кўпчилик бош оғриғи, тумов, томоқ оғриғи, бурундан сув оқиши, кўзнинг тинмай ёшланиши каби ҳолатларни шамоллаш деб билади ва шифокорга мурожаат қилишмайди. Аммо юқорида санаб ўтилган ҳолатлар нафақат шамоллашда, балки бурун соҳасидаги касалликларнинг ҳам белгиси саналади. Аслида шамоллашнинг охиригача даволанмаслиги, гайморитнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бугунги саҳифамизда гайморит касаллигига оид саволларга жавоб
олиш мақсадида, олий тоифали шифокор, отолоринголог Наима Аюповага мурожаат қилдик.
— Гайморит қандай касаллик, унинг келиб чиқиш сабаблари нимада?
— Гайморит (ўткир синуит деб ҳам аталади) бурун атрофи ғалвирсимон бўшлиғининг яллиғланиши бўлиб, ўткир ринит, яъни шамоллаш асорати ҳисобланади. У кўпинча, эътиборсизлик натижасида оддий шамоллашнинг зўрайиши оқибатида келиб чиқади. Ҳозирги вақтда кўплаб ёшларимиз эрталаб мактаб, институт, ишга кетиш олдидан бошларини ювишади ва нам соч билан кўчага чиқишади. Бу ҳам ўз навбатида гайморит ва бош соҳасидаги бошқа жиддий касалликларга ҳам олиб келиши мумкин. Умуман гайморит тез-тез шамоллайдиган кишилар орасида кўп учрайди. Бурун суяги қийшиқроқ кишиларда ё томоқ ва қулоқ соҳасида сурункали шамоллаш бўлганда ҳам (ёндош орган бўлгани учун) гайморит касаллигига чалиниш ҳолатлари учрайди.

— Гайморит касаллигининг белгилари қандай, унинг кечиши қандай бўлади?
— Бош, пешона ҳамда бурун атрофида оғриқ, буруннинг битиши, бурундан йирингли шилимшиқ ажралмаларнинг келиши, ҳолсизлик – гайморитнинг дастлабки белгиларидир. Доимий тумов таъсирида нафас олиш қийинлашади, ҳид билиш пасаяди, тиш оғриши мумкин. Агар шу ҳолатлар кузатилганидан кейин ҳам муолажалар бошланмаса, кўнгил айниши, тана ҳароратининг кўтарилиши пайдо бўлади. Баъзида биз оддий тумов деб, антибиотиклар қабул қила бошлаймиз, аммо бу ёрдам бермайди, бу ҳам сизда гайморит бошланганини билдириши мумкин. Касалликда оғриқ аста-секин бошланади, айниқса, аксирганда ва йўталганда оғриқ кучаяди. Кечга бориб ўрта бурун йўлида шилимшиқ йирингли ажралмалар, бурун ўрта чиғаноғи олдида шиш, шиллиқ парда яллиғланиши безовта қилади.

— Гайморит фақат катта ёшдаги кишиларда учрайди дейишарди, аммо яқинда фарзандимнинг синфдоши шу касаллик билан оғриганини эшитдим. Демак, у болаларда ҳам учрар экан-да?
— 5 ёшга тўлмаган болаларда гаймор бўшлиғи ривожланмаган бўлади. Агар тумов бўлганда ўз вақтида чора кўрилмаса, бу этмейдит касаллигига олиб келади. Этмейдит бошланишида бурун илдизи олдида ва кўз косаси ички чеккасида ва бошда оғриқ пайдо бўлади. Бола инжиқланади, иштаҳаси йўқолади, ҳолсизланади, тана ҳарорати кўтарилади. Агар фарзандингизда ҳам шундай ҳолат пайдо бўлаётганини сезсангиз дарҳол лорга мурожаат қилишингиз лозим.

— Гайморитнинг тумовдан фарқи нимада?
— Оддий тумовда ҳам худди гайморитдаги каби бурун битади, бурундан сув оқади, аммо бурундан суюқ, кўкимтир ажралма келади. Гайморитда эса бурун битиши баробарида қон аралаш йирингли суюқлик келади. Бош, пешона, бурун, кўз атрофида кучли оғриқ пайдо бўлади.

— Бу касалликни даволаш чоралари ҳақида маълумот берсангиз, агар ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинмаса, даволанмаса, қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
— Гайморитни бошланғич даврда 7-8 кун ичида даволаш мумкин. Бироқ борди-ю, касаллик бошланганидан кейин анча вақт ўтса, даволаниш узоқ муддатни талаб этади. Ҳар икки ҳолатда ҳам бемор шифокор назоратида бўлиши лозим. Касаллик юзасидан ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаслик ёки уни охиригача даволамаслик гайморитни зўрайтиради ва бошқа асоратларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Шу сабабли, бурун соҳасида бирор муаммони сезаётган шахс, албатта лор хузурига бориши лозим. Бундан ташқари, нам соч билан кўчага чиқмаслик, чўмилгандан сўнг енгил уст-бош киймаслик, оёқни иссиқ тутиш, шамоллашни охиригача даволаш зарур

Комментариев нет:

Отправить комментарий