ЙИГИРМА УЧ ҲИКМАТ
Дейдиларким,
Ажам мамлакати халқлари орасида ажойиб бир одат бор эди. Уларнинг ҳаётида муҳим
бир ҳодиса рўй берса, то донолар билан маслаҳатлашмагунларича иш тутмас эдилар.
Кишилар, ҳатто юз, икки юз фарсах (бир фарсах 7-8 килограммга тенг.
Таржимондан) йўл босиб, донолар ҳузурига борар, улардан маслаҳат сўрардилар.
Куни келиб мамлакатга Анушервон Одил (Эронда ҳукм сурган Сосонийлар
сулоласининг йигирманчи подшоси бўлиб, 531-579 йилларда 41 йил ҳукмронлик қилган,
579 йилда вафот этган. Таржимондан) подшоҳ бўлди ва одиллик бистарини жаҳонга
ёйди. Унинг амри билан мамлакат донолари бир ерга жам қилинди. Уларнинг ичидан
доноликда ҳам донг таратган 23 киши танлаб олинди
ва уларнинг ҳар биридан ҳаётда
энг зарур бўладиган ҳикматли сўз айтиб бериш сўралди. Натижада «23 ҳикмат»
дунёга келди. Қачонки бирор муҳим иш юз берса, Анушервон бу ҳикматларни ўқир ва
ундан хулоса чиқариб оларди. Ўша йигирма уч ҳикмат қуйидагилардир:
1. Донолар маслаҳатига амал қилинг. Ишни
шошиб, чала-чулпа қилманг, ҳар бир ишни вақтида қилинг. Ишни қилишдан олдин
унинг аввал охирини ўйлаб олинг. Синалмаган нарсага ишонманг. Кексалар сўзига қулоқ
солинг.
2. Кам озор ва раҳмдил бўлинг. Ўзингизни ҳаммадан
паст олинг. Саломатлик қадрини билинг. Ўзгалар ғамда бўлганда, Сиз хурсандчилик
қилманг. Қўлдан кетган ва йўқотилган нарсага зинҳор қайғурманг.
3. Яхшилардан ибрат олинг. Одамлар билан
муроса қилинг. Дўсту душман билан эҳтиёт бўлиб муроса қилинг. Чўнтагингизга қараб
пул сарфланг.
4. Ҳар бир ишда чегарадан чиқманг.
Одамларга ҳайру садақа қилишдан қочманг. Ҳамма ерда қўлингиз ва тилингизга эҳтиёт
бўлинг. Ёқимсиз ишлардан, ёмон улфатлардан қочинг.
5. Берафиқ сафарга чиқманг. Жоҳил ва дағал
кишилардан хафа бўлманг. Бировнинг ерига дарахт экманг.
6. Илмсиз кишиларга илм ўргатинг. Қарз
олишдан сақланинг. Ёмон одамлардан қарз олманг. Беҳиммат одамлар билан суҳбат қилманг.
Бадъасл билан дўст бўлманг. Ҳаромдан қўрқмаган одамдан қўрқинг.
7. Мол, давлат учун жон фидо қилувчи
одамларга насиҳат қилманг, насиҳат қадрини улардан юқорига қуйинг. Беркитиб овқат
еманг. Қўл остингиздаги кишиларга марҳамат кўзи билан қаранг. Бировнинг нонига
кўз олайтирманг.
8. Қорни оч одам қаршисида овқат еманг. Ўз
нонингизни ўзгаларга дастурхонида еманг. Одамларни ғийбат қилманг. Хотин ва
болаларингизни ҳеч қачон алдаманг. Ўзгалар хотинини уйингизга олиб келманг.
9. Бировнинг нарсасини ўзингизникидан ҳам эҳтиёт
қилиб сақланг. Ўзгалар уйида фармонбардорлик қилманг. Нокас одамни уйингизга
киритманг. Бойлигингизга мағрурланманг. Эр-хотин ўртасига тушманг.
10. Элдан шарм қилинг. Ўзгаларга таъма кўзи
билан қараманг. Касб-ҳунарга меҳр қўйинг. Бошқаларни ҳеч қачон ғаму кулфатда қолдирманг.
11. Меҳмонни иззат ҳурмат қилинг. Ота-онани ҳаққини
билинг ва уларни ҳурматини жойига қўйинг. Қариндошларингизни ранжитманг.
Ваъдага вафо қилинг, аҳдингизни бузманг. Айтилмаган жойга борманг. Бировнинг
сизга иши тушса,қўлингиздан келса, албатта бажаринг.
12. Кимнинг илми кўп бўлса, уни бошқалардан
кўпроқ эъзозланг. Кимки илм ўрганишдан қочса, уни одам ҳисобламанг. Жонингиз
саломатлигини тилингиздан билинг. Дўст ва душман ҳақида номуносиб гапларни ҳар
ерда гапириб юрманг.
13. Сўкишни одат қилманг. Ёмон гапга қулоқ
солманг. Маслаҳатга қулоқ солмайдиган,
дағал кишига насиҳат қилманг.
14. Яхшилар зиёратига боришни одат қилинг.
Улуғ кишиларга муҳаббат кўзи билан қаранг.
Одамларни яхшилик билан ёд этинг. Дўстларга ҳам, душманга ҳам насиҳатни аяманг. Илмга чанқоқ
бўлинг.
15. Текширмасдан ҳар кимнинг гапига
ишонаверманг. Рост гапга ҳам, ёлғон гапга ҳам қасам ичишга одатланманг. Қарилик
ғамини ёшликда енг.
16. Мард бўлинг. Бахл бўлманг. Ҳожатингизни
мард одамлардан сўранг. Одамларга қўлдан келганича яхшилик қилинг.
Дўстларингизни айбидан огоҳ қилинг.
17. Фарзандларингизни сабр – тоқатли бўлишга
ўргатинг. Ички аҳволингизни душмандан сир тутинг. Бировни сиридан огоҳ бўлишга
уринманг.
18. Улуғлар олдида жаҳл қилманг. Ўзингизга
ярашадиган гапни гапиринг. Уят ўлимдан қаттиқ эканини эсингиздан чиқарманг.
19. Вафодор дўстлардан кўнгил узманг. Бой –
бадавлат бўлган вақтингизда муҳтож дўстларингизга ёрдам қилинг, чунки вақти
келиб сизнинг ҳам уларга ишингиз тушади. Душмандан доим қўрқинг. Нодон дўстни
душмандан кучли деб билинг. Душман дўстлик қила бошласа, ундан албатта шубҳаланинг.
20. Ўз юкингизни ўзингизни кўтаринг. Керакли
кунда ёрдами тегмайдиган дўстдан воз кечинг. Хайр – эҳсони йўқ одамни ўлик одам
билан тенг билинг. Ҳақ гапни ҳурмат қилинг.
21. Донолар айтибдики, яхшилик ўн ҳислатда
намоёндир. Биринчиси – халқ билан бирор
ишда мухолофлик қилмасликда.
Иккичиси –
инсофли бўлишда.
Учинчиси –
бировларни орқасидан гапириб юрмасликда.
Тўртинчиси –
ёмонлик қилганларга яхшилик қилишда.
Бешинчиси –
гуноҳкор узр сўраса, авф этишда.
Олтинчиси – муҳтожлар
ҳожатини чиқаришда.
Еттинчиси – халқ
ғамини ейишда.
Саккизинчиси –
эл билан ҳамиша очиқ юзли бўлишда.
Ўнинчиси – ҳамма
билан ширин муомала қилишда.
22. Соғ бўлсангиз ҳам саломатлик ҳақида
ўйланг. Сабрли бўлинг. Умидвор одамни ноумид қайтарманг. Бир кўрган кишингизга
дарров ишона қолманг.
23. Бугунги ишни эртага қўйма. Ёш қизга уйланинг. Ҳар
бир ишни фикр ва андиша билан қилинг.
Ҳадисдан: 727
Қиёмат кунида
тарози палласига тушадиган савоблар ичида хушҳулқликдан оғирроғи йўқ.
Албатта хушҳулқ
киши ўзининг ҳушҳулқи билан кечалари намоз ўқиб, рўза тутган кишининг
даражасига етади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий