ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 18 апреля 2018 г.

Янги кодекс 1 апрелдан кучга кирди

Янги кодекс 1 апрелдан кучга кирди
18.04.2018
2018 ЙИЛ 25 январда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Қонун билан янги кодекс тасдиқланди. 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган кодекс 5 бўлим, 37 боб ва 347 моддадан иборат. Кодекс билан иқтисодий судларда ишларни юритиш тартиби янада такомиллаштирилди. Соҳага оид қонунчилик ва амалиётдаги айрим камчиликлар бартараф этилди. Муҳими, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли
ҳимоя қилиш механизмлари мустаҳкамланди. Бу эса тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Кодексдаги муҳим янгиликлар
Қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодексда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан янада кенгроқ фойдаланишга оид норма белгиланди. Эндиликда суд мажлисларини аудио ва видеода қайд этиш янада кенгайтирилади. Бундай замонавий услубнинг кенг жорий этилиши суд мажлислари тўлиқ қонун талаблари асосида ўтишини таъминлайди. Шунингдек, суд мажлисида ёзилган аудио ёки видеоёзув билан унда қатнашган шахсларни таништириш имконияти берилмоқда. Жараённинг аҳамиятли томони шундаки, юқори судлар томонидан қуйи судларда олиб борилаётган ишлар, суд мажлисларининг қонунга мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар ўтказишда ҳам бу амалиёт қўл келади. Иш бўйича юқори инстанция судига шикоят тушганда қуйи судда кўрилган ишга оид жараённи тўлиқ қайта кўриб чиқиш, хатога йўл қўйилган бўлса, буни ҳеч қандай монеликсиз аниқлаш имконияти юзага келади.

Мутахассис суд ишида қатнашади

Амалиёт тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, суд иш юритувига турли соҳаларга оид ишлар келиб тушади. Ҳар соҳанинг, хусусан, судда кўриб чиқилаётган ҳар бир ишнинг ўзига хос томонлари бўлади. Уларга аниқлик киритиш мақсадида айрим ҳолларда экспертиза хулосаси талаб қилинади. Бу эса вақт, маблағ талаб этадиган жараёндир. Айрим низоларни ҳал қилишда эса мутахассиснинг маслаҳати (тушунтириши) етарли ҳисобланади.

Шунинг учун бу борада қулайлик яратиш, суд ишининг белгиланган муддатда кўриб чиқилишини таъминлаш учун иқтисодий суд иш юритувининг иштирокчилари рўйхатига мутахассис киритиладиган бўлди. Ўз соҳасини яхши билган мутахассисдан ишга алоқадор масалаларда маълумот олишнинг ўзиёқ масалага ойдинлик киритади. Шунинг учун ҳам бу мутахассис одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахс сифатида судда қатнашади.

Эндиликда назорат инстанцияда иш юритишни белгиловчи нормалар ҳам тубдан қайта кўриб чиқилди. Бундан буён назорат инстанциясида ишлар, нафақат Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг протести, балки назорат шикояти асосида ҳам кўриб чиқилади. Бу суд иш юритуви иштирокчиларининг юқори инстанцияга мурожаат қилиш ҳуқуқини кенгайтириб, одил судловга эришиш даражасини оширади.

Адвокатларнинг ўрни ва роли ошади

Кодексда яна бир муҳим ўзгаришлардан бири бу шартномавий (ихтиёрий) вакилларнинг рўйхати келтирилганлиги бўлди. Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин. Бу жамиятда адвокатларнинг ўрни ва роли ошишига ҳам замин яратади.

Шунингдек, коммунал тўловлар юзасидан қарздорликни ундириш бўйича ҳам ўзгартиришлар киритилди. Бунда коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганида суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қандай ҳужжатлар илова қилиниши зарурлиги аниқ белгилаб қўйилди. Чунки бу қарздорлик асоссиз ва нотўғри ҳисобланишининг олдини олади. Шу билан бирга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам кўмаклашади.

Низоларни, тарафларни ўзаро келиштириш асосида ҳал қилишга бағишланган келишув битимига оид янги боб кодексдан ўрин олди. Низоларнинг самарали ҳал қилинишини таъминлаш, тарафлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолишга қаратилган бундай меъёр аввал қонунчиликда кенг акс эттирилмаган эди. Эндиликда келишув тушунчаси, уни қандай ҳолларда тузиш мумкинлиги битта бобга қамраб олиниб, кенгроқ тушунтириб берилди.



Суғдиёна БАКИРОВА,

Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди ходими

Комментариев нет:

Отправить комментарий