АНЖУМАНЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Андижонда ижодкорлар жуда кўп. Улар бир неча тўгарак ва клубларга бирлашиб ўз анжуманларини олиб борадилар. Шулардан бугунги кунда энг фаол ва энг юқори даражада иш олиб бораётган “Нафосат” ижодкорлар клуби ўз атрофига Андижон адабий гурунгги ижодкорларини, “Эъзоз” дастаси санъаткорларини ва Чўлпон жамоат фонди
аъзоларини бирлаш-тирган. Жамоада 4-синф ўқувчиларидан тўқсон ёшни қоралаб қолган ижодкор ва санъаткорларгача бир аҳил ижодий гуруҳ бўлиб бирлашганлар. Жамоани вилоятда таниқли шоир ва носир Ғани Мажид бошқариб бормоқда. Таниқли шоир ва носир Фарид Усмон ҳам жамоа анжуманларида фаол қатнашиб жамоа аъзоларига ўз маслаҳатларини бериб келади.
Бу жамоа ўз фаолиятлари тўғрисида фотоалъбомлар тайёрлаган, анжуманлардаги қарор ва келишувларни оила аъзоларига ҳам етказиш учун оз ададда ўзига хос бюллетен-газеталарига эга. Сонма-сон “Бир шингил ижод” номли алманах тўпламлар эълон қилиб бормоқдалар. “Эъзоз” дастаси билан бирга шоирлар кўплаб меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида, мактабларда, шоир ва носирларнинг юбилейларида қатнашиб тадбирларни қизиқарли ўтишида ўз хиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Анжуманлар ҳар ойда уч маротаба ўтказилиб бу кунлари бутун вилоятдан ижодкор ва санъаткорлар оқиб келиб анжуманда ўз янги ижод намуналарини ўқиб, яратган қўшиқларини ижро этиб, бир-бирлари билан дийдорлашиб кетадилар.
Бугунги кунда “Абдулҳамид Чўлпон жамоат фондини ҳам шу жамоа юритмоқда. Уларнинг режасида “Чўлпоннинг бугунги авлодлари”, “Бугунги ижодкорлар Чўлпон ҳақида”, “Чўлпон асарлари ҳақида адабиётшунослар”, “Чўлпон библиографияси”, “Чўлпон асарлари каталоги” каби китобларни тайёрлаш, мактаб ва ўқув юртларида “Чўлпонхонлик кечалари” уюштириш, Чўлпон шеърларидан янги-янги қўшиқлар тайёрлаш каби қатор тадбирлар борки, буларни бажариш учун оз меҳнат керак бўлмайди. Лекин минг афсуски, уларни қўллаб қувватловчи бирор раҳбар ёки уларга моддий ёрдам берувчи бирор ҳомий йўқ. Жамоа раҳбари халқ қабулхоналарига икки марта мурожаат қилиб ҳам бу жамоа учун битта жой олишга эришолмагач ўз уйида Чўлпон жамоат фондининг идорасини очишга мажбур бўлди. Шунча тадбиркорларга, ночорларга жой ажратаётган давр юзлаб ижодкорларга битта хона топишда ёрдам беролмагани жуда ачинарли. Бугунги кунда бу жамоанинггина эмас Чўлпон жамоат фондининг ҳам на жойи, на маблағи бор. Ҳолбуки, улар давлат рўйҳатдан ўтган ўз низомлари, ҳисобрақамлари, ва мухрларига эга.
Бу фидоий жамоа бундай танг аҳволда ҳам бирорта анжуманини тўхтатмай мунтазам равишда кутубхона ва чойхоналарда учрашиб фаолиятини давом этмоқдалар.
Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг Андижон вилоят кенгаши ўз имкониятларидан фойдаланиб уларга анжуман ўтказиш учун залларидан фойдаланишга рухсат берди.
Яқинда жамоанинг навбатдаги анжумани бўлиб ўтди. Уни жамоа раиси Ғани Мажид олиб бораркан, аввал жамоанинг янги газетасини шарҳлаб берди, янгиликлардан қатнашчиларни хабардор қилди, эълонларни ўқиб эшиттирда ва сўзининг ниҳоясида ўзининг янги шеъридан ўқиб мушоирани бошлаб берди.
ҚИЛҒИЛ
Нафосат аҳлини кўнглим, ўзингга ошино қилғил,
Назм бирла баёнларни азиз эт, тўтиё қилғил.
Вужудингда макон топган кибрларни этиб мажруҳ,
Хайрли, яхши ниятни ки доим дилга жо қилғил.
Бирор зот ҳеч қачон ёлғиз ўзи бахтли бўлолганмас,
Тутиб дўст оқил инсонлар ўзингга раҳнамо қилғил.
Қилиб яхши амал доим, олиб кўнглини дўстларнинг,
Бари яхши одамларни ўзингдан сен ризо қилғил.
Ёмонларга ёмонлик айлабон таъсир этиб бўлмас,
Ёмонларга яхшилик-ла уялтириб жазо қилғил.
Ота-она, оилангнинг олдидаги фарзинг билиб,
Уларга жон фидо айлаб ки фарзингни адо қилғил.
Битта шеър ёзса ҳам инсон юрагида олов бордир,
Ки қадрига етиб Ғани ўзингга ошино қилғил
Абдуқодир Саттаров, рухшунос олим, профессор
Комментариев нет:
Отправить комментарий