ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

понедельник, 6 мая 2019 г.

АНДИЖОН ИЖОДКОРЛАРИ ОРАСИДА МОТАМ

АНДИЖОН ИЖОДКОРЛАРИ ОРАСИДА МОТАМ

  Андижон адабий гурунггининг кекса ижодкорларидан бири, шоир, кўп йиллар мактабларда устозлик қилган мураббий, фаол жамоатчи мухбир Комилжонхожи Ҳакимов 85 ёшида оғир ҳасталикдан вафот этди.
  У Андижон ижодкорларининг гурунгларида, тадбирларида
доим фаол қатнашиб барчага ибратли сўзлари билан насиҳатлар қилиб ҳаммаларининг катта ҳурматини қозонган эди. У умрининг сўнгида ҳам ўзининг дўстларига фидоийлигига содиқ қолиб ўзининг “гап” навбатини кейинроққа қолдиришга ҳам кўнмай, ўз ўлимини билгандай, ўзи боролмаса ҳам фарзандларига тайинлаб бўлса ҳам дўстларни меҳмон қилгани ҳаммани ҳайрон қолдирди. 
  Комилжон ҳожи Ҳакимов юртимизда бўладиган ҳар қандай байрам, тантана ёки бошқа тадбирларга жуда ҳозиржавоблик билан жавоб берар, тездан мақола, шеър ёки лавҳалар ёзиб ўз муносабатини билдирарди. У ҳатто ижодкорларнинг туғилган кун ёки юбилей санасига муносабат билдиришни ҳам ҳеч қачон канда қилмасди.
  Кекса ижодкоримизнинг ўлими биз андижонлик ижодкорларни чуқур қайғуга солди. Мен бир неча ижодкорлар билан эшитган куннинг эртасигаёқ марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдириб келиб ҳам кўнглим нотинчлиги босилмади. Унинг гаплари, муомаласи, анжуманларда дуо қилишлари кўз олдимдан ўтаверди. Таъзия билдириб келибоқ юрагимдаги туйғуларни қоғозга туширишга киришдим.
       УСТОЗ  КОМИЛХОЖИ 
ҲАКИМОВГА  МАРСИЯ
Вафот  этди устоз шоир Комил бобо,
Ажиб инсон, хушсухандан бўлдик жудо,
Ёнимизда тургандайин бўлар гўё,
Унутмаймиз биз у зотни ҳеч ҳам асло.

Оддий эди, фаол эди, ўта камтар,
Бажарарди қандай ваъда берса агар,
Анжумандан қолмас эди у бир сафар,
Унутмаймиз биз у зотни ҳеч ҳам асло.

Фарзандидай кўрар эди ҳаммамизни,
Яқинидай билар эди ҳаммамизни,
Жуда ҳурмат қилар эди ҳаммамизни,
Унутмаймиз биз у зотни ҳеч ҳам асло.

Таратганди кўп йил ишлаб илму зиё,
Юзимизга айтмас эди қилсак хато,
Анжуманда қилар эди доим дуо,
Унутмаймиз биз у зотни ҳеч ҳам асло.

Боладайин содда эди, кўп беғубор,
Берган эмас эди бирор зотга озор,
Дилозорла суҳбатдан ҳам қиларди ор,
Унутмаймиз биз у зотни ҳеч ҳам асло.

Жойи жаннат бўлсин қўлла ўзинг Оллоҳ!
Ўзинг кечир қилган бўлса қанча гуноҳ!
Виждонли, чин инсонлиги бўлсин паноҳ!
Унутмаймиз биз у зотни ҳеч ҳам асло.

Комилжон аканинг ўлими менга ижодкорларимиз ҳаётига боғлиқ  режаларимизни кечиктирмай тезроқ қилишимиз керакли-гини, ҳар бир кунимиз ғанимат эканини яна бир карра уқтиргандай бўлди.
    Ғани МАЖИД    🌷  Сайтда👉 www.malhamuz.blogspot.com                                                                                                                                                                                                                                                        телеграмда👉
 @malhamuz

Комментариев нет:

Отправить комментарий