ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 7 ноября 2017 г.

Мухаммад Исмоил

Бу воқеани таниқли бастакор дўстим Мусахон Нурматов сўзлаб берганди.
Бир маъракада машхур санъаткор, устоз Таваккал Қодиров ёру-биродарлари, мухлису-мухиблари қуршовида даврани кенг олиб, чақчақлашиб ўтирган экан, шогирдларидан бири асабий, ёқатажанг келиб қолибди. Салом-аликдан кейин шогирд йиғлагудек бўлиб:
- Устоз, овозим чиқмай қолди, тўйларда ашула айтолмаяпман, авж пардаларни кўтараолмаяпман, унча-мунча билганлар устимдан кулишвораяпти, айтинг нима қилай, шарманда бўлдим, ёрдам бермасангиз бўлмайди, мени бу дарддан, бу балодан қутқаринг, устоз - дебди.

Таваккал ака, шогирдининг бу холатини аввалдан билиб, то ўзи ёрилмагунча индамай юрганми, кулиб бир қараб қўйибди-да, дастурхон атрофида уймалашиб юрган чивинлардан икки учтасини шартта ушлаб, ярми ичилмаган шўрва турган экан, чивинларни шўрвага ташлабди.
- Ма, ич буни шифо бўлади, - дебди.
- Ие, устоз чивин хам шифо бўлар эканми, бунақасини хеч эшитмагандим, мен буни ичолмайман, - дебди шогирд.
- Ичасан, - дебди Устоз.
- Жон устоз, буни ичолмайман. Ичиш тугул кўрибоқ кўнглим айниб кетди. Бир хўплам ичсам, қусиб юбораман, - дебди шогирд.
- Бир хўплам эмас хаммасини ичасан. Ичмасанг, мени бунақа шогирдим йўқ деб, хаммага эълон қиламан ва хаммани олдида қувиб юбораман. Кетасан, кейин бошқа юз кўришмаймиз, - дебди Таваккал ака.
Шогирд нима қиларини билмай, нажот сўраб, хаммага бир-бир қараб чиқибди. Хамма жим. Таваккал аканинг амрига бўйсуниб, сукутда турган эмиш.
Шогирди, кўзини юмиб, учта пашша ғимирлаб турган шўрвани шартта кўтариб, ичиб юборибди. Ичибди-ю, бўш косани дастурхонга қўйганча кўчага отилибди. Хангу-манг турган жамоа, шогирд то кўчадан қайтиб келгунча “чурқ” этмабди.
Бироздан сўнг шогирд рангги бўзариб, титраб қақшаб қайтиб келибди.
- Устоз айтдим-ку ичолмайман деб, харчанд ўзимни тутишга уринсам хам тўхтатолмадим, ичганимни хаммасини қайд қилиб ташладим, минг бор узр, устоз – дебди шогирд қўрқа писа.
Шунда Таваккал ака:
- Бор, энди бориб ашуллангни айтавер, овозинг жойига келди, энди дўрилламайсан хам, хирилламайсан хам, - дебди.
Шогирд, уйига келиб, ашула айтса овози жаранглаб чиқаётган эмиш. Ноласи паст пардада хам, авж пардада хам бирдай ёқимли экан.
Шогирд, устознинг мўъжизавий шифосидан хайратга тушибди. Таъзим бажо келтириш, миннатдорчилик билдириш ниятида, Устознинг уйига йўл олибди. Ширин-шакар сўзлар айтиб, устознинг кўнглини овлабди-да, кўрсатган кароматингизни сири нимада, қўллаган тадбирингизни нима хикмати бор? - деб сўрабди.
Таваккал ака, мехрибонлик ва дилкашлик билан жилмайиб:
- Сенинг мана бу кўкрагингда кибр балоси, манманлик иллати, катта кетиш ғурури тўпланиб қолган эди. Сен ўша шўрвани ичиб, қайд қилиб ташлаганингда, ўша иллатлар баданингдан чиқиб кетди. Мана шу иллатлар сенинг овозингни бўғиб, юрагингдаги асл нолаларни чиқармаётган эди, - деган экан.
Бу воқеа шогирдга бир умрлик сабоқ бўлибди. Қачонки, ўй хаёлида, юрагида, юриш-туришида озгина кибр пайдо бўлса, ўша воқеани эслар, чивин тушган шўрвани кўз олдига келтирар, агар юрагидан кибр кетмаса, уч-тўртта чивинни ўлдириб, ўзини ўша шўрвани ичишга мажбурлар экан.
Мухаммад Исмоил

Комментариев нет:

Отправить комментарий