ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 8 ноября 2017 г.

фармон

Шавкат Мирзиёев аҳолини арзон дори билан таъминлашни янги босқичга кўтарувчи фармонни имзолади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзАга таянган ҳолда Daryo.uz хабар бермоқда.
Қайд этишларича, ушбу қарор «тармоқдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари билан таъминлаш тизимини янги босқичга кўтариш мақсадида» қабул
қилинган.

Президентнинг 2016 йил 31 октябрдаги қарори билан ташкил этилган Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашни назорат қилиш республика комиссияси унинг функцияларини Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклаган ҳолда тугатилди.

Эндиликда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари учун қатъий нархлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Фармонда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш, нархини белгилаш тартибини такомиллаштириш, қонунчиликка «ин булк» маҳсулотнинг аниқ белгиланган тушунчасини киритиш, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг қатъий нархини белгилаш тартибига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини уларнинг халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш мезонлари, шунингдек, давлат соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда давлат мулкида бўлган бўш турган бошқа бино ва иншоотлар негизида ижтимоий дорихоналарнинг жойлашуви тасдиқланади.

«Умуман олганда, мазкур Фармон фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, шу жумладан маҳаллий дори воситаларининг халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилишини изчил йўлга қўйиш, асл фармацевтика ишланмаларини кўпайтириш, шунингдек, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг арзон ва сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжининг тўлиқ қаноатлантирилишини таъминлайди», — дейилади фармон шарҳида.

Комментариев нет:

Отправить комментарий