Саккиз яшар қизча сабоғи
Муаллиф hordiq.uz -
Ҳали-ҳануз ўша воқеа эсимга тушса, ҳаёт қонуниятининг бешафқатлиги, яшаш учун берилган умрнинг нечоғли қийматга эгалигига ич-ичимдан иқрор бўламан. Шунинг баробарида, вақти келса, ёш бола ҳам сенга сабоқ бериши, мураккаб воқеаларга ёшига хос самимият билан ечим топиши сабаб фақат болаларга ярашадиган буюклик олдида таъзим қилгим келаверади. Ўша воқеа саккиз ёшли сингилчам билан ёзнинг сўнгги шомида юз берган эди. Орадан бир неча йил ўтган бўлса-да, ўша иқрор, хулоса, тушуниш ва англаш ҳаётимни
бошқариб бораётганини ҳис қиламан. Гоҳи кунлари, шу жажжи синглимнинг теран мулоҳазаси, содда фалсафаси ва ҳаёт ҳақидаги буюк хулосасига ҳайрон ҳам қоламан. Хаёлимга «Бола — буюк донишманд» деган жумла келади. Бунга жудаям ишонаман шундай дамларда.
Ёзнинг сўнгги шоми эди ўшанда…
Мен ҳамма нарсадан — еру осмондан, яхши-ёмондан, жамики яратиқлардан, бари-баридан хафа ва аламзада эдим. Ҳаммага қувонч, севинч, бахт улашадиган сахий қисмат менга келганда хасислик қилгандай, аввал неъматини бериб, кейин рашкими, қаҳрими келиб, бешафқатларча тортиб олгандай ёки мени туби кўринмас қудуққа ташлаб юборгандай эди. Кўксимда қўрғошин қуйилган-у, у лаҳза сайин вужудимни куйдирар, оғриқ бутун танамга тарқалар, «Дод!» деб тошларга бошимни уриб ёргим, дарахтларни илдизи билан суғуриб олгим, катагига қамалиб ётган товуқларни тирқиратиб қувгим, қуриллаб уйқусини урадиган мушугу кучукларни таёқ билан солгим келарди. «Нега?», «Нима учун?» деган саволлар томоғимга тиқилиб қолгандай эди гўё.
Атрофимдаги одамлар беғам ва беҳис эдики, бу ҳолат мени ақлдан оздириши ҳеч гап эмасди. Мендан калтак еб юрган синфдошларим шунчалик бахтиёр эдики, мактабда барча фандан уч баҳо оладиган, ҳатто жисмоний тарбия дарсини эплаб топширолмайдиган жўраларим ҳам тақдирдан хурсанд, қисматидан мамнун эди ўшанда. Гўё баланд тоғ чўққиси елкаларимга кўчиб тушгандек, тошқин дарё фақат менинг боғимни оқизиб кетгандек, кучли бўрон уйимни вайрон қилгандек, ҳатто ёмғиру қор ҳам ёлғиз менинг бошимга ёғилаётгандек. Ҳаммага ҳамма нарса бор-у, биргина менинг умидим кесилган, юраги зардобга тўла эдим ўшанда.
Ўшанда бор-йўғи беш ойгина яшаган қизалоғим оламдан ўтган эди.
Юз йилдан ортиқ умр кўрса бўладиган дунёда бир ҳайқириқдай келиб-кетган қизалоғимнинг доғида адо бўлаёзгандим ўша кезлари.
— Шох кетса-кетсин, бутоқ кетмасин, — деб онам мени юпатган бўлади. Ўзининг ҳам биринчи фарзанди ўлганини, юраги тешилганини айтиб, йиғлайди муштипарим. — Агар сенга бир гап бўлса, нима қиламан, қаерга бораман? Менга ҳам раҳминг келсин, — дейди кўз ёши юзини ювиб.
— Мени жин урармиди?! Юрибман-ку, дунёга келиб «дада» деёлмаган, «она» деёлмаган, қиқир-қиқир кулолмаган қизимни тупроққа кўмиб келиб, балодай юрибман-ку! Юрибман-ку!
— Худонинг қаҳри келади, болам! Берган ҳам У, олган ҳам Ўзи… — дейди саксон ёшни қоралаган момом. — У бир қуш эди, учди-кетди… Нима ҳам қилардик…
— Олар экан, нега беради? — деган оловдек ҳайқириқ бўғзимни куйдиради.
— Тавба қил, тавба қил-э! — дейди отин холам. — У дунёда ёш бола жаннат эшигининг олдида йиғлаб тураркан. «Сен киравер, сенинг гуноҳинг йўқ», деган фаришталарга қараб: «Аввал ота-онам кирсин, кейин кираман. Менга у дунёни бермадинг, нега энди бу дунёда — жаннатда ота-онам билан бирга бўлмас эканман?» деб зорланиб йиғларкан…
— Э, гапирманг. Бу дунёда шунча ёняпман-ку… У…
Онам юзимга тарсаки туширади. Кейин ёш боладай ҳўнграб йиғлайди. Йиғлайверади. Ўрнимдан туриб кетаман. Кучукни таёқ билан солиб қоламан, мушукни тепаман, товуққа калтак отаман, юрагимдаги олов пасаймайди. Куйдираверади, куйдираверади…
* * *
Қўрада олтита озғин қўзичоқ бор. Баъзисининг онаси ўлган, айрими ўсмай қолган. Ўпкаси соб бўлган: йўталгани-йўталган. Чўпонлар бошимизга бало бўлмасин, деб ташлаб кетган. Шу дардисарлар бошга битган бало, гоҳ отам, гоҳ онам боқади. Боғимизнинг тепасида адирлик бор — шу ерда қорни тўяди жониворларнинг.
Ўша куни, билмайман, қандайдир юмуш билан отам шаҳарга тушган, укам бундан 4-5 ой олдин ном-нишонсиз, бедарак йўқолган ҳўкизларни излаб даштга кетган. Онам ўша йиғлаганида қон босими ошибдими, ётибди: момом, холам, хотиним атрофида мусичадек тизилиб турибди. Фақат жажжи сингилчам ҳўнг-ҳўнг йиғлайди.
— Бир ўзим қандай боқаман, тепада илон бор, қўрқаман, — дейди менга қараб яна йиғига зўр бераркан.
— Сен қол, ўзим… — дея таёқни қўлга оламан.
Онам бошини кўтариб, «Бирга бор», деб ишора қилади, жони оғриётганини-да унутиб. «Ўзини бир бало қилиб қўймасин», деб хавотирланади. Синглим менга эргашади. У таёқни қўлимдан олди, қўзиларни тушириб қолишимдан қўрқади-да.
Адирга чиқамиз. Қўзилар сарғайган ўтларга ўзини жон ҳолатда уришади. Секин еса тўймаётгандай югургилаб ўтлайди. Синглим гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга чопади.
Қўлимни бошимга ёстиқ қилиб табиатни ҳиссиз кузатаман: қуёш қизариб ботяпти, салқин шабада димоққа нарироқдаги балчиқнинг ҳидини олиб келади. Қишлоқнинг дарё томонидан чанг-тўзон кўтариб пода қайтяпти. Рўпарамиздаги қирда яккам-дуккам моллар ўтлаб юрибди. Камар бошида ўндан ортиқ кўк каптар қўниб турибди. Сал пастда болалар кураш тушяпти. Қишлоқдаги ошхоналардан тутун кўтарилади: кечки овқатга қозон осилган. Яна кимларнингдир ҳовли супураётгани, дарвоза олдида беш-олтита хотиннинг суҳбатлашаётгани, қизларнинг сувга навбат кутиб қалдирғочлардай тизилиб ўтиргани ҳам яққол кўзга ташланади. Қишлоқнинг пастки томони — чинор шохидаги қушларнинг шовқини ҳам шу ерга аниқ эшитилиб турарди. Уч томондан келаётган уч дарё ноз билан соч ўраётган қизни эслатади. Кимдир даштдан бир эшак ўтин олиб келяпти. Ортидан боласи отасига етолмай деярли югургилаяпти. Баландликдаги уйнинг дарвозаси олдида бир жувон икки боласи билан тик турибди, афтидан, эрини кутяпти.
— Ака, ака, қаранг, анави қушни қаранг! — деди синглим ҳаяжонланганча. У бармоғини нуқиб турган томонга — икки қирнинг ўртасида сойликда бир катта қуш осмонга кўтарилолмай лапангларди. Атрофини юздан ортиқ қарғалар ўраб олган, яқин боролмай қағиллашар, шўрлик қуш қўрққанидан ўзини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга уради. Қамалдан қутулиб кетолмайди. «Қаердан келди бу махлуқ? Қизиқ, бургутмикин, йўқ, бургут бўлиши мумкин эмас…»
— Ана уларни қаранг, — деди синглим осмонга тикилиб.
Осмонда юзга яқин махлуқсифат йиртқичлар учарди. Баъзилари қанотини қоқмай, бир неча сония турар, сўнг шиддат билан гоҳ тепага учар, гоҳ пастга шўнғирди.
— Улар дўстини қутқаргани келди-я? — деди синглим соддалик билан.
Мен ўрнимдан туриб, уларни кузатардим.
«Ҳа, — деб ўйлардим қушларга боқиб. — Булар ўлаксахўрлар. Тасқара ҳам дейишади уларни. Айтишларича, қаерда ҳайвон ўлганини бир кеча олдин тушида кўришар экан. Қушлар ҳам туш кўрар экан-да?! Табиатда қанча яратиқ бўлса, шундан минг баробар ортиқ сир-синоат борлигини эшитгандим, демак, рост экан…»
Мен зўр қизиқиш ва ҳадик билан бўлаётган воқеани кузатардим. Синглим бўлса, тинимсиз савол берар, «Нега?», «Нима учун?» деб чуғурларди.
Қизиқ, катта кўчадан айни шу пайтда биттаям одам ўтмасди. Мен шошиб йўл бошига қарадим. Ҳеч зоғ йўқ эди. Ҳайратим ошди.
Пастдаги қуш ҳамон қуршовда. Қарғалар унинг устига бостириб борар, ҳатто тепишарди ҳам. Тасқара бўлса, улкан қанотини ёйиб лапанглар, ҳар қанот қоққанида қарғалар ундан узоқлашар, у худди шу пайт ўн қулоч қирга қараб учарди. Қарғалар яна ёппасига ҳужумга ўтар, у эса бошини қанотининг орасига қисиб оларди. Кўкдаги шериклари айлана ҳосил қилиб учар, бироқ ерга тушиб, уни кўтариб кетишолмасди. Беўхшов овоз чиқаришарди, холос.
Тасқара яна қанотини кенг ёйди. Қарғаларни ҳуркитиб тепага кўтарилди. У энди қирнинг ярмида эди. Қарғалар унинг тўрт томонини ўраб олишди. Улар шунчалик яқин келишдики, шўрлик тасқара қанот қоқса, бемалол қарғаларга тегарди. У бошини қанотининг орасига янада қисиб олди. Энди қарғалар уни аёвсиз чўқишарди. У пастга сирпаниб кетди.
— Ака, жон ака, қарғаларни ҳайданг, у учиб кетсин, — деб йиғларди синглим.
Мен борсамми, бормасамми, дея иккиланиб тургандим, шунда синглим:
— Борманг, зўр бўлса, ўзи учиб кетсин, — деди ёшига хос бўлмаган бир оҳангда.
Мен жойимда қотиб қолдим. Бор-йўғи саккиз ёшли қиздан шундай ўктам сўз чиқса-я. Синглимга қарадим, у киприк қоқмай қушларга тикилар, унинг жажжи қўллари мушт эди…
Кўкдаги тасқаралар пастлади. Дарё ёқасидаги теракларнинг бўйи қадар пастлашди. Лекин негадир ерга қўнишга шошилмасди. Энди уларнинг овози даҳшатли эдики, ҳозир нимадир рўй берадигандай гўё.
Ёлғиз тасқара яна қанот қоқди. У сўнгги кучини йиғиб, ҳайқириб жангга кирган баҳодирни эслатди менга. Тахминан ўттиз метр баландликка кўтарилди ва тепада кўриниб турган қояни кўзлаб парвоз қилди. Қоя устидаги каптарлар қаёққадир ғойиб бўлишганди. Қарғалар қағиллаб унинг йўлини тўсишга уринди. Тепадаги қушлар ҳам қоя томон уча бошлади. Ёлғиз тасқара қанотини узун сермар, унинг учиши шериклариникига ўхшамас, унинг парвозида ўктамлик, салобат бор эди. У қояга яқинлашиб қолди. Қарғалар йўлини тўсар, у эса парво қилмай учарди. Мана, қояга етишига икки қанот қоқим қолди. Агар манзилга етса, кейин дамини олиб, бемалол осмону фалакка кўтарилса бўлади… Шу пайт икки юздан ортиқ қарға ердан чиқдими, кўкдан тушдими, бирдан пайдо бўлди ва бари қояга қўнди. Мен шошиб чинорга қарадим: у ерда биттаям қуш йўқ эди. Тасқара тек қотди. Лаҳзалар ичида қанот қоқмади. Қарғалар бўрондай унга ёпирилди. У пастга қулади. Қулар экан, худди моҳир, чапдаст полвондай бир айланиб, яна парвоз қила бошлади. Мен қувончдан титраб кетдим. Синглим қичқириб юборди. Бироқ қуш энди тепага қараб эмас, пастга — қишлоқнинг қуйруқ томони, эски қабристонни кўзлаб учарди. Унинг бир қаноти осилган, ўша биргина парвоз уни худди денгизда оҳиста сузиб бораётган кемадай манзили томон етакларди. Қарғалар эргашди. Калхат қишлоқнинг устидан ўктам сузиб ўтди. Қаноти чинорга урилди ва эски қаровсиз, эгаси ўлиб кетган боққа қулади.
Осмондаги қушлар борган сари юқорилар, юқорилайверарди.
Бора-бора нуқтага айланиб кетди улар.
Қоп-қора нуқтага…
— Бечора… Агар камарга қарғалар келмаганда у учиб кетарди, тўғрими? — деди синглим.
Унинг сўзларида шу қадар ачиниш мужассам эдики, мен ҳалигача унинг сўзидек ўкинчли нидони эшитганим йўқ.
Тақдирми, дейман, қисматми, дейман, нима дейишни-да, билолмайман. Ўн дақиқа орасида рўй берган бу даҳшатли воқеа дунёимни остин-устун қилиб юборди. «Нега шу вақт оралиғида йўлдан биттаям одам ўтмади? — дейман. — Ана, одамлар кўчани тўлдириб даштдан қайтишмоқда. Тепада курашаётган болалар ҳам камарга чиқиб олибди. Нега шулар сал олдинроқ келишмади, нима учун ўзим бормадим? Синглим ҳам ачинаркан-ку, борсам бўлмасмиди? Агар болалар камарга олдинроқ келганда, одамлар ҳам сал аввал кўриниш берганда, қарғалар қочиб кетар, у тирик қолармиди?! Агар… Агар… Воҳ, хомкалла, ҳамма гап шу агарда. Шунда…»
Тушундимки — тақдирга тадбир йўқ.
Яна билдимки — қисмати шундай эди қушнинг.
Тавба қилдимки — менга сабоқ берилди.
Бошқа ҳеч қандай гап йўқ.
Яратувчи У. Қандай хоҳласа, шундай бўлади.
Қорни тўйган қўзиларни уйга ҳайдай бошладик.
— Ака, эртага байрамимиз, қайси шеърни айтай, — деб сўрайди синглим ва бир қанча шеърни ўқиб ташлайди.
— Ҳаммасини айт, — дейман тўлқинланиб.
У менга тикилиб қолади.
— Эртага сенинг байрамингдан кейин Тошкентга кетаман янганг билан, — дейман.
У суюнчи олгани онамнинг олдига югуради. Мен бўлсам қўзиларни эндириб келаман.
Санжар ТУРСУНОВ
(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)
Комментариев нет:
Отправить комментарий