ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

понедельник, 13 апреля 2020 г.

Ўзбек ҳукмдолари...

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
2.IV. Ўзбек ҳукмдолари...
...-davomi... boshi oldingi sahifalarda
Халил Султон
 (1384–1411) (1405-1409)
Темурийлардан бўлган Мовароуннаҳр ҳукмдори. Амир Темурнинг набираси. Мироншоҳнинг ўғли, уни Сарой Мулкхоним (Бибихоним) тарбия қилган деб айтилади, 15 ёшли Халил Султон Соҳибқироннинг Ҳиндистонга қилган
юришида (1399-1400) қатнашиб жасорат кўрсатган.
Раққоса Шодимулкка уйланиши билан Амир Термурнинг ғазабига учраган, сўнг кечирилган. 
Соҳибқироннинг Хитойга қилган юришида Халил Султон қўшиннинг ўнг қаноти бошлиғи этиб тайинланган. Аммо  Амир Темурнинг васиятига мувофиқ Пирмуҳаммадни тахтга ўтқизиш тарафдорлари кучли бўлса-да, бироқ 1405 йилнинг 18-мартида Самарқандни эгаллаб, ўзини "Мовароуннаҳр" нинг олий ҳукмдори деб эълон қилади. Бу унинг бобосининг иродасига нисбатан биринчи хиёнати эди.
У гарчи бобосидан қолган хазиналар воситасида Соҳибқироннинг нуфузи аъён ва киборларидан маълум қисмини ўз тарафига оғдириб "Мовароуннаҳр" тахтини эгаллаб олган бўлса-да, аммо кўп вақт ўтмай у Амир Темурнинг садоқатли амирлари, вилоят ноиблари ва шаҳзодаларнинг кучли норозилиги ва исёнига дуч келади. 
Биринчи бўлиб, Туркистон ҳамда Фарғонанинг ҳокими амир Худайдод билан Шайх Нуриддин Халил Султонга қарши исён кўтарадилар, ҳатто унинг ўз укаси Мирзо Султон Ҳусайн Амударёнинг чап соҳили вилоятларида ўз ҳокимиятини ўрнатмоқ ниятида акасига қарши бош кўтаради. Ўз навбатида Амир Темур тахтининг асосий валиаҳди Пирмуҳаммад Амударёдан кечиб ўтиб, Халил Султонга қарши Насафга томон аскар тортади. Амир Худайдод Ўратепа ва Шоҳруҳия шаҳарларини осонгина қўлга киритиб, Самарқанд томонга аскар тортади. Шероз яқинида Зарафшон дарёси бўйида содир бўлган жангда Халил Султон қўшини мағлубиятга учрайди, ўзи эса асирга олинади.
Халил Султон давлат хазинасини беҳуда сарфлаб, ҳокимиятни бошқаришда хотинининг сўзларига амал қилган, худбин бошқарувчига айланган эди, Саройдаги катта мансабларга форспараст тасодифий кишилар тайинланган. Бу бошқа темурийларнинг қаттиқ норозилигига учраган. Хуросон ҳукмдори Шоҳруҳ катта қўшин билан Мовароуннаҳрга юриш қилиб, Самарқандни эгаллаган. Шоҳруҳ билан тузилган шартнома (1409) натижасида Мовароуннаҳрдан воз кечган. Халил Султонга Рай берилган. Умрининг охиригача шу ерда яшаган. Халил Султон вафот этгач, Шодимулк ҳам ўзини ўлдирган.

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
Шоҳрух
Амирзода Шоҳрух, Мирзо Шоҳрух, Шоҳрух мирзо, Хоқони саъид, Абу Наср Шоҳрух Баҳодир султон (1377 йил 20-август, Самарқанд – 1447 йил 19-март, Рай)(Рай шаҳри  мусулмонлар томонидан форслар таслим қилингач  Махмуд Ғазнавий томонидаг қайта асос солинган ҳозирги Эрон ҳудудидаги шаҳар) 
Амир Темурнинг 4-ўғли, Темурийлар ҳукмдори, унинг ёшлик йиллари Самарқандда ўтган, шу ерда дунёвий ва диний таълим олган. Амир Темур 1390-91 йиллар Дашти Қипчоққа ва 1392 йил ҳарбий мамлакатларга 5 йиллик юришлари чоғида Шоҳрухни мамлакатни бошқаришга тайинлаб қолдирган. Кўп ўтмай, Амир Темур Шоҳрухни ўз ёнига чақириб олади ва 17 ёшли Шоҳрух жанговар ҳаракатларда қатнаша бошлайди. Амир Темур уни лашкарнинг манғлай важуванғор қисмларига тайинлайди, кейинроқ эса, Самарқандга қайтариб, пойтахтни бошқариб туришни топширади. Амир Темур 1396 йил Шоҳрухга Хуросон ўлкасини суюрғол қилади ва тегишли қўшин ҳамда элат билан бирга уни ўз мулкига жўнатади. 
Шоҳрух Амир Темурнинг 7 йиллик юришида, хусусан, Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашган, лашкарнинг илғор, манғлай, жуванғор қисмларини бошқарган; жангларда шахсий дов-юраклик ва маҳорат намойиш этган. Уни адолатпарвар, раият тинчлигини кўзловчи шахс сифатида билганлар; қамалда қолган шаҳарлар аҳолиси аксари ҳолларда сулҳ таклифи билан Шоҳрухга мурожаат қилганлар ва у ҳам ўз ёрдамини аямаган. Баъзи ҳолларда, Амир Темур Шоҳрухни лашкарнинг ўғруқ қисмини қўриқлашга мутасадди қилган. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома”да ёзишича, Амир Темур ҳаётининг кейинги йилларида Шоҳрухнинг давлатдорлик сифатларига алоҳида эътибор берган. Чунончи, Хитойга юриши чоғида, салтанат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, ҳарбий ўлкаларни идора этиш каби катта масъулиятни Шоҳрух зиммасига юкланган эди ва уни туркий аскарларни форспаратларнинг аёрона қутқуларидан  сақлаш учун Хуросонда қолдиради. Соҳибқирон 1391-92 йиллар мўғуллар босқини даврида бутунлай хароб қилинган Банокат шаҳри ўрнига янги шаҳар барпо этиб, у ерга атроф ерлардан аҳолини кўчириб обод қилади ҳамда уни Шоҳрухга суюрғол қилади ва бу шаҳар Шоҳрухия номи билан шуҳрат топади.
Амир Темур вафотидан сўнг, 1405 йил мартда Шоҳрух расмий равишда Темурийлар салтанати ҳукмдори сифатида Хуросон тахтига ўтирди ва ўз номидан хутба ўқитиб, пул (танга) зарб қилдирди, бироқ Шоҳрух ҳукмдорлигининг дастлабки йилларида Темурийлар салтанатида кучли тарқоқлик юзага келиб, салтанатнинг турли қисмларида яккаҳокимлик учун кураш бошланиб кетди. 
Мовароуннаҳр ҳудудида дастлаб,  Самарқанд тахтини Халил Султон эгаллади, ҳозирги Озарбайжон ҳудудларида ва Ажам (араб бўлмаган)Ироқини Қора Юсуф, Араб Ироқи ҳудудини Султон Аҳмад ўз қўлига киритди. 
Форс заминида темурий шаҳзодалар ўзаро низолашардилар, Мозандарон, Балх, Ғур ва бошқа вилоятларда ҳам исёнлар юзага келди. Шоҳрух салтанатда вужудга келган низолар, исёнлар, яккаҳокимлик учун чиқишларни теран қобилиятими, ёки маҳоратими, тафаккур билан олиб борган сиёсати туфайли бирин-кетин исёнларни бостиришга муваффақ бўлди.
Шоҳрух ўз ҳукмдорлиги чоғида Темурийлар салтанатининг ҳудудий кенглиги, ҳарбий салоҳияти, кучли иқтисодий мавқеини сақлашга интилди. Бунинг учун Мовароуннаҳр, Форслар юртига, Озарбайжонга юришлар қилиб ғалаба қозонди; 1429 йил Шоҳрух Озарбайжон ҳудудида хавфли кучга айланган амир Искандар ибн Қора Юсуф устига деярли бутун салтанати ҳудудидан лашкар йиғиб юриш қилади. Салмос чўлида иккала томон ўртасида қаттиқ жанг бўлади; Шоҳрух ўғиллари Мирзо Бойсунғурни лашкарнинг жуванғорини, Иброҳим Султонни баранғорини бошқаришга белгилайди; Муҳаммад Жўгийни эса ўзига тегишли бўлган ғул қисмда қолдиради. Шиддатли жангдан сўнг Шоҳрухнинг лашкари зафар қучади. Шоҳрух Сейистон ва Бадахшонга лашкар жўнатиб, у ерлардаги исёнларга чек қўяди.

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
1405 йилдан 7 йил давомида Хоразмни забт этиб турган Дашти Қипчоқ амирларига қарши Шоҳрух катта лашкар жўнатади ва ғолиб келиб, Хоразмни Темурий шахзадалар бошқарадиган салтанат таркибига киритади ҳамда вилоятни бошқаришга саркарда амир Шоҳмаликни белгилайди. Шоҳрух кўпгина низоларни сулҳ йўли билан бартараф қилган ва бунда таниқли давлат арбоблари ва шайхлар хизматидан кенг фойдаланган. Умуман, Шоҳрух ҳукмронлиги даврида шарқда Мўғулистондан тортиб ғарбда Миср ва Рум ерларигача, жанубда Ҳиндистоннинг марказий қисмидан бошлаб шимолдан то Дашти Қипчоқ чегараларигача бўлган жойлар Темурий шахзодалар салтанати таркибига кирган.
Салтанатни суюрғол тизими бўйича бошқарган; мамлакат ҳудудини ўғиллари, неваралари, қариндошлари, хизмат кўрсатган садоқатли амирларига суюрғол қилиб берган. Тарихчи Ҳофизи Абрунинг “Зубдат ат-таворих” асарида ёзилишича, Шоҳрух 1443- йил Миср подшосига элчи йўллаб Каъба уйига ёпинчиқ кийгазишни сўрайди ва розилик олади. 
Шу асосда 1444-1445 йил каъбапўш тайёрлатиб, уни шайх Нуриддин Муҳаммад ал-Муршидий ва мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Абҳарий воситасида Маккага жўнатади; улар каъбапўшни муқаддас Каъба уйига ёпиб қайтадилар. 
Шоҳрух подшоҳлик девонида кундалик ишларни доим назорат қилиб борган; қарорлар қабул қилишда кенгаш ва маслаҳатга кенг ўрин ажратган, кўпчилик фикрини инобатга олган ҳолда адолатли ҳукмлар чиқарган. Шунингдек, девонда диний ва дунёвий масалалар юзасидан етук алломалар иштирокида суҳбатлар, фиқҳ, тиб, нужум, география, тилшунослик ва бошқа фан соҳалари бўйича баҳс-мунозаралар ташкил қилган, ўзи ҳам уларда фаол қатнашган. Шоҳрух салтанати ҳудудида бунёдкорлик фаолияти учун катта имкониятлар юзага келди. Шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, савдо, деҳқончилик, илм-фан, маданият тез суръатлар билан ривожланди. 
Шоҳрух бунёдкорлик ишларига, хусусан, шаҳарлар ободончилиги ва суғориш тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб Ҳирот (1405 йил), Балх (1407 йил) шаҳарларини тиклашга олий фармон берган. Чингизхон юриши чоғида хароб қилинган (1220 йил) Марв шаҳрини қайта барпо этилиб, унга Мурғоб дарёсидан ариқ қаздириб сув келтирилди. Суғориш тизими яхшиланди, янги ерлар ўзлаштирилди, экин майдонлари кенгайди. Шаҳарларда ҳунармандчилик ва савдо ривожланди, кўплаб маданий-маънавий муассасалар — мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар қурилди. Шоҳрух илм-фан ривожига алоҳида эътибор берди. Ҳирот, Самарқанд, Бухоро, Машҳад, Шероз ва бошқа шаҳарларда илм-фан кенг ривож топди. 
Мовароуннаҳрда Мирзо Улуғбек расадхона барпо этиб аниқ фанлар ривожланиши бошлади,  Нақшбандия таълимоти ёзма мерос тарзида шаклланди ва шу йўналишда бир қанча асарлар ёзилди. Ҳирот ва Шероз шаҳарларида тарихнависликка катта эътибор қаратилди. Амир Темур ва темурийлар тарихига оид бир қанча йирик асарлар яратилди. Темурийлар салтанатида китобат ва миниатюра санъати юксалди. 
Ҳиротда Мирзо Бойсунғур ва Шерозда Иброҳим Султон бу соҳаларнинг ривожига катта ҳисса қўшдилар.
Шоҳрух ҳукмронлиги даврида Темурий шахзодалар салтанатининг халқаро миқёсдаги нуфузи ортди,  давлатлар ўртасидаги элчилик муносабатларига Шоҳрух жуда катта эътибор берган. Унинг ҳузурига Хитой, Ҳиндистон, Миср, Шом, Рум, Европа, Дашти Қипчоқ ҳукмдорларидан элчилар келгани ва Шоҳрух ҳам ўз элчиларини жўнатгани ҳақида Темурийлар даври тарихий манбаларида маълумотлар қайд этилган ва иккита элчилик ҳақида мукаммал кундалик ҳам ёзилган. 1419-1422 йиллар Хитойга бориб келган сафар хотиротлари, унда бевосита қатнашган Ғиёсиддин Наққошнинг кундалиги ҳамда 1442-1444 йиллар Жанубий Ҳиндистонга бориб қайтган элчиларнинг сафар тафсилотлари, уни бошқарган Абдураззоқ Самарқандийнинг сафарномасида акс этган. Шоҳрухнинг элчилар воситасида йўллаган мактубларида савдо йўллари хавф-сизлигини таъминлаш ва халқаро савдо-сотиқни ривожлантириш алоҳида таъкидланган. Буюк ипак йўли орқали савдо ва элчилик карвонлари мунтазам қатнаб турган. Шоҳрух ўзининг халқаро сиёсатида давлатлараро тинч-тотувлик ва дўстона муносабатлар таъминланишини устувор йўналиш деб билган.

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
Шоҳрухнинг Ўзбек давлатчилик сиёсатида бунёдкорлик ишларига катта эътибори натижасида илм-фан ва маданият ривожида ўзига хос уйғониш (ренессанс) бўлди ва бу ХV асрнинг 2-ярмида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий даврида Хуросонда илм-фаннинг юксак ривожланиши учун замин яратди.
Мирзо Улуғбек
Муҳаммад Тарағай(1394 йил 22 март, Султония шаҳри, Форс Озарбайжони — 1449 йил 27 октябр, Самарқанд)(1409-1449)
Улуғбек ўзбек халқи тарихида буюк астроном ва математик, давлат арбоби сифатида из қолдирган. Шоҳрухнинг ўғли, Амир Темурнинг набирасидир Соҳибқироннинг “беш йиллик юриш”ида (1392-96) Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилиш чоғида туғилган. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида ёзишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади. Унинг ўз набирасига Муҳаммад Тарағай ва Улуғбек деб исм қўйганини ҳам мунажжимларнинг юқоридаги башорати билан боғлаш мумкин. 
Амир Темур Улуғбек тарбиясига алоҳида эътибор берган ва уни давлат аҳамиятига молик тадбирларда қатнаштирган. Клавихонинг қайд этишича, Улуғбек бобосининг хорижий элчиларни қабул қилиш маросимларида иштирок этган. 
1404 йил Конигилда ўтказилган тантаналарда Амир Темур олтита набирасининг (жумладан, Улуғбекнинг) никоҳ тўйларини ўтказган. Тўйда Соҳибқирон Улуғбекка Тошкент, Сайрам, Янги (ҳоз. Тароз), Ашпара ва Мўғулистонни то Хитой ҳудудигача суюрғол қилиб берган. 
Амир Темур Ўтрорда вафот этган чоғда Улуғбек ҳам ўша ерда бўлган.
Афсуски Темурийлар ўртасида тожу тахт учун кураш бошланган.
Ўтрордан қайтган Шоҳрух фарзандлари — Улуғбек ва Иброҳим Султонни амирлар пойтахт Самарқандга киритмайдилар, улар Бухородан паноҳ топишган. Самарқанд тахтини Халил Султон эгаллаган. Хуросонни бошқариб турган Шоҳрух Улуғбекка дастлаб Андхўй билан Шибирғонни, кейинчалик Хуросоннинг Тус, Хабушон, Калот, Бовард, Насо, Ёзир, Сабзавор ва Нишопурдан иборат қисмини бошқаришни топширган. 1410 йил Шоҳрух Мовароуннаҳрни ўз тасарруфига киритгач, уни идора этишни Туркистон вилояти билан бирга Улуғбекка топшириб, Соҳибқирон васиятини қайта тиклаган. Улуғбек ёш (15 ёш) бўлгани сабабли амир Шоҳмалик унга ҳомий этиб белгиланган. Лекин Шоҳмаликнинг рақиби — Ўтрордаги Шайх Нуриддин ва Муҳаммад Жаҳонгирнинг Ҳисордаги волийлари 1410- йил баҳорида Улуғбек ва Шоҳмаликка қарши чиққанлар. 
Шу йилнинг ёзида Шоҳрух иштирокида бўлган жангда Шоҳмалик ва Улуғбек ғалаба қилганлар. 1411 йил сентабрда Шоҳрух Самарқандга келиб, Шоҳмаликни ўзи билан Ҳиротга олиб кетган ва кейинчалик Хоразмга ҳоким қилиб юборган (1413).
Шу вақтдан бошлаб Улуғбек Мовароуннаҳрни мустақил идора этишга киришган. Шоҳрух Мовароуннаҳрда бошқа темурий шаҳзодаларга ҳам мулк ажратган эди. Чунончи, Ҳисори Шодмонни Муҳаммад Султоннинг ўғли Муҳаммад Жаҳонгир мирзога, Ўзганд вилоятини Умаршайхнинг ўғли Амирак Аҳмадга суюрғол қилган эди. Бироқ улар Улуғбекка тобе эдилар. 1414-15 йил улар ўртасида ихтилоф чиқиб, Улуғбек Амирак Аҳмад устига қўшин тортган ва уни енгган. Шоҳрух Амирак Аҳмадни Хуросонга чақиртириб олган; Қашғар ҳам то 1428 йилгача Улуғбекка тегишли бўлган. Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилган. Биринчисида 1425 йил Мўғулистон хони Шермуҳаммад ўғлон (1421-1425) ўзини мустақил хон деб эълон қилганда, Улуғбек унга қарши юриш қилиб зафар қозонган. Улуғбекнинг 2-юриши Сиғноқ шаҳри томон бўлган. Сирдарёнинг қуйи ҳавзаси Улуғбек тасарруфида эди. Улуғбек 1427 йил Сиғноқ яқинида унинг мулкига таҳдид қилган Бароқ ўғлон билан тўқнашган ва мағлубиятга учраган. Душман Улуғбекни таъқиб қилиб, Самарқанд остоналаригача келган. Мовароуннаҳр хавф остида қолганлиги туфайли Шоҳрух Хуросондан катта лашкар тортиб келиб хавфни бартараф этади.
Шоҳрух вафоти (1447, 12 март)дан кейин Улуғбекнинг катта ўғли Абдуллатиф ворис сифатида Темурийлар ҳукмдори бўлиб қолади. Лекин Шоҳрухнинг қаттиққўл хотини Гавҳаршод бегим бу ҳақда ўз фикрига эга эди.

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
У Шоҳрух даврида Темурийларнинг пойтахти бўлиб қолган Ҳирот тахтига марҳумнинг 3-ўғли бўлмиш Бойсунғур мирзонинг ўғли ва суюкли набираси Алоуддавла мирзони ўтқазиш тарафдори эди. Гавҳаршод бегим Ҳирот тахтига Алоуддавлани ўтқазганини Улуғбекка нисбатан исён деб қаралмоғи керак эди. 
Шунинг учун Улуғбек 1448 йил баҳорида Абдуллатиф билан биргаликда 90 минг аскар билан Хуросонга келиб, Ҳирот яқинида бўлган жангда Алоуддавлани тор-мор қилади. Ғалаба Абдуллатифнинг шахсий шижоати ва лашкарбошилик истеъдоди туфайли эришилган бўлса ҳам, Улуғбек фатҳномани кичик ўғли Абдулазиз номидан эълон қилади. Ундан ташқари, бобоси Шоҳрух томонидан Абдуллатифга васият қилинган Ҳиротдаги Ихтиёриддин қалъаси ва унинг ичидаги бойликларини ҳам Улуғбек Абдулазизга беради. Шундан сўнг Улуғбек билан Абдуллатиф ўртасидаги муносабат очиқ душманлик тусини олади. Улуғбек Самарқандда Абдулазизни қолдириб, лашкар билан катта ўғлига қарши жангга юради.
Абдуллатиф ҳам ўз лашкари билан Амударё ёқасига келиб туради. Иккала лашкар ҳам дарёнинг 2 соҳилида узоқ муддат туриб, сувни кечиб ўтишга ботинмайди. Бу орада Улуғбек, Абдулазиз лашкардаги амирларнинг оилаларини таъқиб этаётир, — деган хабарни эшитиб, Самарқандга қайтиб келишга мажбур бўлади ва шаҳар аҳолисининг Абдулазизга қарши исён кўтарганининг гувоҳи бўлади. Тезда шаҳарни тартибга келтириб, яна Абдуллатифга қарши жангга йўлланади, лекин Самарқанд яқинида ундан мағлубиятга учрайди.
(Ҳозир бизга етиб келган адабиётларда Мирзо Улуғбекни ўзининг ўғли Абдуллатиф томонидан буёруқ беригани эътироф этилади, лекин бу ўрганиладиган мавзу сифатида таклифлар қайта юзага чиқмоқда) 
Ҳуллас орадан кўп ўтмай, Улуғбек Абдуллатиф буйруғи билан қатл этилади. Унинг жасади Гўри Амир мақбарасига дафн этилган.
Улуғбек отаси Шоҳрух даврида сиёсий ҳукмдор сифатида ички ва ташқи сиёсат бобида бирмунча мустақил бўлган. Бошқа давлатлар билан бевосита савдо ва элчилик муносабатлари олиб борган. Улуғбек даврида Самарқанд шаҳри янада равнақ топган. Шаҳарда ҳунармандчилик, меъморлик, адабиёт, умуман илм-фан юксалди, савдо тараққий этди. Бухорода (1417), Самарқандда (1420), Ғиждувонда (1432-33) мадрасалар ва Марвда хайрия муассасалари қурилди. Мадрасаларда диний фанлар билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилди, кўпроқ аниқ фанларга аҳамият берилди. Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ва Регистон мажмуалари қурилишлари поёнига этказилди. Бундан ташқари, мамлакатда кўплаб жамоат иншоотлари (карвонсарой), тим, чорсу, ҳаммомлар ва бошқа ҳам бунёд этилган. Улуғбек Ўрта Осиё халқлари илм-фани ва маданиятини ўрта аср шароитида дунё фанининг энг юқори поғонасига олиб чиқди. Унинг қилган энг буюк иши — Самарқанд илмий мактабини ўша давр академиясини барпо этганлиги бўлди. Бу илмий мактабда 200 дан ортиқ олимлар фаолият олиб борган. Улар орасида энг йириклари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший эди. Улуғбекнинг илмий мактаби ўз фаолиятида ўртаосиёлик машҳур олимлар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Берунийлар бошлаб берган илмий анъанага асосланар эди. Улуғбек Самарқанд яқинида расадхона барпо қилди.
Улуғбек академиясидаги йирик олим — Али Қушчини Улуғбек “Зижи”нинг сўзбошисида “фарзанди аржуманд”, яъни “азиз фарзандим” дейди. Аслида у Улуғбекнинг садоқатли шогирди бўлиб, “Зиж” устида ишлар поёнига етказилгунига қадар устозига ёрдам берган. 
Улуғбек Самарқандда 2 та мадраса: бири — Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо қилган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, “Зиж” устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Улуғбекнинг яна бир математик асари “Рисолаи Улуғбек” деб аталади ва унинг 1-нусхаси Ҳиндистонда Алигарх университети кутубхонасида сақланади, ҳали ўрганилмаган. Фан ва маданият тарихида сўнмас из қолдирган Улуғбекнинг илмий мероси унинг “Зиж”идир. Бу асар сайёралар, Қуёш ва Ой ҳаракатини талқин қилиш, юлдузлар каталоги ва унда қўлланилган математик усуллари бўйича ўрта асрлардаги астрономик асарларнинг энг мукаммали бўлганлиги учун авваламбор у мусулмон мамлакатларидаги олимларнинг диққатини жалб қилган. “Зиж”га илк шарҳни Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи “Чарҳи Зижи Улуғбек” номи билан ёзган. Ўша ХV асрнинг ўзида қоҳиралик мунажжим Шамсиддин Муҳаммад ас-Сўфий ал-Мисрий “Ташил Зижи Улуғбек” (“Улуғбек “Зиж”ини осонлаштириш”) номли асар ёзиб, унда Улуғбек жадвалларини Қоҳиранинг географик кенглигига мослаштирди. Улуғбек “Зиж”ига ёзилган энг мукаммал шарҳ Самарқанд илмий мактабининг энг сўнгги намояндаси Низомиддин Абдул Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Биржандийнинг 1523 йил ёзиб тугатилган “Шарҳи Зижи Улуғбек” асаридир. Улуғбекнинг номи Европада ва умуман Ғарб мамлакатларида буюк бобоси Амир Темурнинг шуҳрати туфайли анча илгари маълум бўлган. Европа Амир Темур ва унинг оила аъзолари ҳақида 1-бўлиб Самарқандга 1403-1405 йиллар саёҳат қилган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавиходан эшитган. Клавихонинг “Кундаликлар”и 1582 йил Севиляда ва 1607 йил Парижда нашр этилганидан сўнг европаликлар дарҳол Амир Темур ва унинг оила аъзолари билан қизиққанлар. Улуғбек номи ХVII аср бошиданоқ (1601 йилдан) Амир Темурга бағишланган драматик асарларда эслатилади. Бевосита Улуғбекка бағишланган Европадаги 1-нашр инглиз астрономи Жон Гривс (1602-52) қаламига оид. Унинг 1648 йил нашр этилган асарида Улуғбек юлдузлар жадвалининг бир қисми (98 та юлдуз) илова қилинган. 1665 йил яна бир инглиз олими Томас Хайд (1636-1703) Гривс билан боғланмаган ҳолда “Зиж”даги юлдузлар жадвалини форсий ва лотинча таржимада нашр этган.
1690 йил Гданскда поляк астрономи Ян Гевелий чоп эттирган “Юлдузлар осмонининг атласи”даги иккита гравюрада ўша даврнинг машҳур астрономлари орасидан Улуғбекка фахрли ўрин берган, унда Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вилгелм IV ва ўзининг жадваллари билан солиштирган.

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
1711 йил Оксфордда Улуғбекнинг географик жадвали 3-марта нашр этилган. 1807 йил ўша ерда бу жадвал янги грек тилида ҳам нашр этилган. 1725 йил инглиз астрономи Д. Флеметид (1646-1719) Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вилгелм ИВ, Ян Гевелий ва ўзининг жадваллари билан бирга нашр этган. 1908-09 йиллар В.Л. Вяткин Улуғбек расадхонасининг харобаларини ва унинг асосий асбоби — квадрантини кавлаб топгандан сўнг, Самарқанд олимларининг фаолиятига янгидан қизиқиш бошланади. Натижада 1918 йил В. В. Бартолднинг “Улуғбек ва унинг даври” асари нашр этилган. Совет даврида Улуғбекнинг ҳаёти ва ижоди билан мамлакат жамоатчилигини таништириш бўйича Т.Н. Қори-Ниёзий кўп саъй-ҳаракат қилган. Улуғбек ижодини тарғиб қилишда Ғ. Жалолов ва В. П. Шчегловларнинг нашрлари ҳам диққатга сазовордир. ХХ асрнинг 80 йиллари бошига келиб Улуғбек “Зиж”ининг тўлиқ ва мукаммал ҳолда, илмий изоҳлар билан таъминланган таржимасини А. Аҳмедов 1994 йил амалга ошириб, нашр эттирди. Яқин йилларгача Улуғбек фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра бўлиб, у тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар “Тарихи Рашидий” асарида “Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд (ва) “Тўрт улус” (тарихи)ни (ҳам) ёзиб қолдирган эди”, деб ёзган. Улуғбекнинг туркийда ёзган “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асари Чингизхон босиб олган мамлакатларнинг XIII-ХIV асрлар 1-ярмидаги сиёсий ҳаётини ўрганишда муҳим манбадир. Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарларида ҳам унинг шеърларидан намуналар келтирилган. Унинг даврида кўпгина асарлар араб тилидан эски ўзбек тилига таржима қилинган. Улуғбек ташкил этган бой кутубхонада турли фанларга оид 15 мингдан ортиқ жилдли китоб бўлган. Улуғбек ёшлигидан ўзга фанлар қатори мусиқа илмидан сабоқ олиб, бир қатор куй ва усуллар яратган, бу соҳага оид 5 та рисола ҳам ёзган. “Рисола дар илми мусиқа” номли асари мусиқа тарихига бағишланиб, унда “12 мақом баёни”га доир махсус боби ҳам бўлган. Улуғбек “булужий”, “шодиёна”, “ахлоқий”, “табризий”, “усули равон” ва “усули отлиг” куйларини ижод қилади.
Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги 1994 йил апрелда Парижда, октабрда Тошкент ва Самарқандда тантанали равишда нишонланди ва халқаро конференсиялар ўтказилди. Шу йили Тошкентда Улуғбекка ҳайкал ўрнатилди. 
Улуғбек сиймоси Пулково расадхонаси, Москва университети конференс-залларида дунёдаги машҳур олимларнинг портретлари қаторидан жой олган. Самарқандда Улуғбекнинг мемориал музейи ташкил этилган. Тошкентда Ўзбекистон миллий университети, туман, кўча, маҳалла, метро стансияси, истироҳат боғи, шаҳарча Улуғбек номи билан аталади. Фарғона педагогика университетига, Самарқанд архитектура-қурилиш институтига, Китоб халқаро кенглик стансиясига, қишлоқ, мактаб ва бошқага Улуғбек номи берилган. Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида песа (М. Шайхзода, “Мирзо Улуғбек” трагедияси), роман (О. Ёқубов, “Улуғбек хазинаси”; С. Бородин, “Самарқанд осмонида юлдузлар”), опера (А. Козловский, “Улуғбек”), поема (М. Бобоев, “Улуғбек”), балет (М. Бафоев, “Улуғбек буржи”), филм (Реж. Латиф Файзиев, “Улуғбек юлдузи”, 1965) ва бошқа яратилган.
Абдуллатиф
 (1423–1450) (1449-1450)
Мовароуннаҳрда 1449-1450 йилларда ҳукмронлик темурий ҳукмдор. Улуғбекнинг ўғли. Шоҳрух саройида тарбия олган, ҳарбий юришларда қўшиннинг ўнг қанотига қўмондонлик қилган. Гавҳаршод бегим ва тархон амирлар Шоҳрух ўлимидан сўнг (1447) Абдулатифни олий бош қўмондонликка тайинлаб, унинг амакиваччаси Алоуддавлани тахтга ўтқазишган. 
Бу қарордан норози бўлган Абдулатиф Алоуддавлага қарши уруш очган, лекин Нишопур яқинидаги жангда (1447) енгилиб, ҳибсга олинган. Улуғбек фарзанди ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Алоуддавла билан сулҳ тузишга мажбур бўлган. Унга кўра, Алоуддавла Хуросон ҳукмдори деб тан олиниб, Абдулатифга Балх улуси берилган.

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
Абдулатиф Улуғбекнинг 1448 йил илк баҳоридан ёзигача Алоуддавла ва Абулқосим Бобурга қарши жангларида қатнашган. Сўнг, тож-тахтни эгаллаш мақсадида отасига қарши Абулқосим Бобур билан иттифоқ тузган. Улуғбек Абдулатифга қарши қўшин тортган ва Амударё бўйида икки томон қўшини 3 ой муқобил турган (1449).
Самарқандда қолган беклар исёни туфайли Улуғбек пойтахтга қайтишга мажбур бўлган, натижада Абдулатиф Амударёдан ўтиб Термиз, Шаҳрисабзни эгаллаган. Самарқанд яқинидаги Дамишқ қишлоғи ёнида отасини енгиб, тахтни эгаллаган (1449). 
Жуда ҳам ачинарли ҳолат юз берди Абдулатифнинг розилиги билан Улуғбек ва укаси — Абдулазиз Мирзо қатл этилган. (Гавҳаршод бегимнинг томонидан асос солинган форспарастларнинг хийласи иш бердиими ёхуд, бошқа сирли кучлар ишга киришдими, буниси ёлғиз Аллоҳга аён)
Абдулатиф олти ойлик ҳукмронлигидан сўнг, Улуғбекнинг хос навкарларидан Бобо Ҳусайн баҳодир томонидан ўлдирилган (1450 йил 8-май). Абдулатиф ўжар, худбин ва шуҳратпараст бўлсада, отаси Улуғбек каби илм ахлига ихлосманд эди. У ўзи ҳам фалакиёт ва тарих илми билан шуғулланар, шеърлар битарди.

Абдулла Мирзо
 (1433-1451) (1450-1451)
Мовароуннаҳр ҳукмдори (1450-1451). Темурийлардан. Улуғбекнинг укаси Иброҳим Мирзонинг кенжа ўғли. Отаси вафотидан сўнг, Форс вилоятига ҳоким қилиб тайинланган. Бироқ у ҳали ёш бўлгани сабабли давлат ишларини онаси Руқия бегим билан отабек Шамсиддин Шерозий бошқарган. 1447 йил амакиваччаси Султон МуҳаммадМирзо Форс вилоятини босиб олгач, Ҳиротга қочиб келган. 1448 йилда эса амакаси Улуғбекнинг хизматига кириб, унинг қизига уйланган. Абдуллатифдан кейин Мовароуннаҳр тахтига ўтирган. Аммо тожу тахт даъвогари Султон Абу Саид Мирзога қарши жангда ҳалок бўлган.

Султон Абу Саид
Султон Абу Саид Мирзо ибн Султон Муҳаммад
(1424-1469) (1451-69)
Темурийлардан бўлган Мовароуннаҳр (1451-69) ва Хуросон (1458-69) ҳукмдори. Мироншоҳнинг набираси. Шоҳруҳ ва Улуғбек вафотидан сўнг Темурийлар давлатида бошланган тахт учун кураш чоғида Улуғбекнинг ўғли Абдулатиф томонидан Бухоро зиндонига ташланган. Абдулатифнинг ўлимидан сўнг (1450) озод қилинган. Абу Саид Мовароуннаҳр тахтига ўтирган Мирзо Абдуллага қарши Абулхайрхон ёрдамида қўшин тортган ва 1451 йил Булунғур жангида уни тор-мор келтириб, Самарқанд тахтини эгаллаган. У миннатдорчилик сифатида Улуғбек мирзонинг қизи Робия Султонбегимни Абулхайрхонга хотинликка берган. Сўнг Абу Саид Тошкентдан ўз пири Хожа Аҳрорни чақиртириб олган. Хуросон ҳокими Абулқосим Бобур вафоти (1458)дан сўнг Ҳирот, Астробод, Мозандарон Абу Саид қўлига ўтиб, марказий ҳокимият тикланган. Бироқ мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари нотинч эди, хусусан Ғарбий Эрон темурийлар тасарруфидан чиқиб, қора қўюнлилар сулоласи қўлига ўтиб қолганди. Абу Саид 1468 йил кузида уларга қарши қўшин тортади, лекин 1469 йил қишида Муғон даштида оқ қўюнлилардан Узун Ҳасан билан бўлган жангда енгилиб, ҳалок бўлади. Абу Саид даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланган, қўшни мамлакатлар билан элчилик муносабатлари яхши йўлга қўйилган. У Ҳиротда сарой, камончилар машқгоҳи, кўприклар, кўшклар, шаҳар дарвозалари қурдирган, ариқ ва ҳовузлар қазитиб, боғ-роғлар бунёд этган.
Султон Аҳмад Мирзо
 (1451 йил, Самарқанд – 1494 йил, Оқсув мавзеси, Ўратепа) (1469-1494)

Abduqadir Sattarov, [14.04.20 08:00]
Темурийлардан бўлган Мовароуннаҳр ҳукмдори (1469-1494). Абу Саид Мирзонинг катта ўғли. Онаси – Ўрда Буға Тархоннинг қизи. Отаси унга Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимлигини берган. Кейинчалик Тошкент, Шоҳруҳия ва Сайрамни ўз тасарруфига киритган. Тошкент ва Сайрамни укаси Умар Шайх Мирзога топширган. Хўжанд билан Ўратепа ҳам бир неча муддат унинг тасарруфида бўлган. 1493 йил Султон Аҳмад Мирзо куёви, Тошкент хони Султон Маҳмудхон билан иттифоқ тузиб Андижонга – Умар Шайх Мирзога қарши юриш бошлайди, улар Андижон, Ахси ва Марғилонни қамал қиладилар. Шу пайтда Ахсида Умар Шайх Мирзо тўсатдан вафот этиб, тахтга 12 ёшли Бобур ўтирган. Бек ва амирлар халқни душманга қарши сафарбар этадилар. Султон Маҳмудхон Тошкентга қайтиб кетган. Султон Аҳмад Мирзо Бобурга Фарғона ҳукмронлигини “инъом” этиб Самарқандга қайтган, бироқ Ўратепага етганда вафот этган. Султон Аҳмад Мирзо Мовароуннаҳрда нуфузи ниҳоятда баланд бўлган Хожа Аҳрорни ўзига пир тутган. Ойша Султон бегим ва Маъсума Султон бегим исмли қизлари Бобурнинг хотинлари бўлган.
Davomi bor...boshini o'qish uchun oldingi sahifaflarga qarang...

Комментариев нет:

Отправить комментарий