АНЪАНАНИ
ДАВОМ ЭТТИРИБ
“Нафосат” клуби ижодкорларининг навбатдаги, хайрли, оқибатли учрашуви
кекса шоир, ёшлари тўқсонни қоралаётган Ҳошимжон Завроқийни йўқлаш бўлди. Бир
ҳафта илгари Ҳошимжон ака менга телефон қилиб жуда соғинганини, кўзи яхши
кўрмагани учун кўчага чиқолмаётганини айтган эди. Шунинг учун бу сафарги
тадбирни уникида ўтказиш таклифини охирги
анжуманда эълон қилдим. Завроқий
анчадан бери гурунгга келмай қўйган ва шунинг учун янги келган ижодкорларнинг
кўпчилиги уни танимас эди. Бу нарса мени кекса шоир уйига боргани уч-тўрт киши
келса ноқулай бўлармикин, деган андиша билан қийнар эди. Бунинг устига ярим
кечадан бошлаб ёғаётган ёмғир ҳали ҳам тинмаган эди. Уни танийдиган кекса
шоирларнинг келолмаслик эҳтимоли жуда катта эди. Эрталаб учрашув жойига
кетяпману хаёлимни юқоридаги муаммолар туфайли жуда кам одам келиши ўйлантирар
эди. Ҳошимжон акага бир кун аввал телефон қилиб уйда бўлиб туришини айтган
эдим. Учрашув жойига келдиму одатга кўра совға салом олиш учун бозорга йўл
олдим. “Нима бўлса ҳам бориш керак” деган ўй менда ҳоким эди.
Майла-чуйдаларни олиб айтилган жойга келдим. Не кўз билан кўрайки,
ўндан ортиқ ижодкорлар шу жойда кутиб турарди. Қувониб кетдим. Ҳатто Завроқийни
танимайдиган янги ижодкорлар ҳам келишгани қувонарли эди.
Ҳошимжон аканинг уйига келганимизда у ҳам қачондан бери кўрмаган
дўстларини кўриб хурсандлигидан меҳмонларни ўтказгани жой тополмас, гапларини
топиб гапиролмас эди. Уйга кириб ўтирганимизда Комилжон хожи Ҳакимов дуо
қилгандан кейин Ҳошимжон ака ҳам суюнганидан яна бир бор қўлини дуога очиб
тилакларини айтиб узундан-узоқ дуо қилди.
Дуодан кейин ижодкорлар ичида Завроқийга бағишлаб шеър ёзганлар бир-бир
ўқий бошлашди. Бу шеърлар ичида Суҳайлийнинг шеъри кўпчиликка маъқул бўлди. У
кўзи яхши кўрмагани учун шеърни мен ўқиб бердим:
ҲОШИМЖОН АКА ЗАВРОҚИЙГА
Ҳошимжон ака
билан мушоира қилайлик,
У одамнинг ҳолини
қандайлигин билайлик.
Тоби қочиб мобода
беморлик тортган бўлса,
Кўнгилларини олиб
бошларини силайлик.
Ўзи соппа-соғ
бўлиб кайфияти чоғ бўлса,
Биргаликда
барчамиз ижодга интилайлик.
Бизнинг
гурунгимизга бориб турсин албатта,
Барча
анжуманларда доим бирга бўлайлик.
Соғлом танда соғ
ақл деганлари рост эрур,
Аския пайров
қилиб ҳазиллашиб кулайлик.
Хурсандчилик
яхшидир, беморликдан сақласин,
Шодон бўлиб
кулишиб, шавқу завққа тўлайлик.
Биродардик ва
дўстлик барчамизга муносиб,
Завроқийга
Суҳайлий узоқ умр тилайлик.
Ундан кейин шеър ўқиган Комил хожи Ҳакимов, Иброҳим Аҳмедов, Абдунаби
Абдураҳмоновлар ҳам Завроқийни ўз шеърлари билан уни соғинганини изхор қилишди.Шунданг
сўнг профессор Абдукодир Саттаров ўзи билан олиб келган янги китобидан шоирга
совға қилди. Мен аввалги анжуманда Завроқийни кўргани боришни эълон қилганимда
унга атаб шеър ҳам ёзиб келишни айтиш ёдимдан чиққан экан, буни кейин эслаб
анча ўйланиб қолган эдим. Ижодкорларимизнинг бу камчилигимни тузатгани мени
қувонтириб юборди.
Анжуманда навбат билан янги ёзган шеърларимиздан ўқидик. Ҳошимжон ака
эса икки шеъри қўшиқ бўлган экан, уни телефонда қўйиб берди. Мен ҳам ўзимнинг
шу кун саҳар ёзган шеъримдан ўқиб бердим:
СОҒИНГАН ИНСОНЛАРГА
Соғиндим дебсиз
сиз, минг бор ташаккур,
Сўзингиз дилимни
ўртаб юборди.
Сизнинг
ҳолатингиз этдим тасаввур,
Учрашган чоғимиз
хаёлим олди.
Бекорга инсонни
соғинмас инсон,
Демакки, юраклар
бир-бирга яқин.
Юраклар яхшини
унутмас ҳеч он,
Хотирда яшайди
ўтса ҳам лекин.
Акангми, укангми,
синглингми, опанг,
Сени соғинмаса
эмас меҳрибон.
Ҳаттоки узоқда
яшаган ҳоланг,
Соғинмаганлардан
билгин қадрдон.
Дўстингман деб
юрган қанча улфатлар,
Сиз айтган шу
сўзни айта олмайди.
Бошга тушганида
қанча кулфатлар,
Ҳолинг қалай дея
хабар олмайди.
На акам, на укам,
дўстим эмассиз,
Соғинган дилингиз
этдингиз ошкор.
Юрагим талпинар
сизга билмассиз,
Сизнинг бир
сўзингиз менга мададкор.
Соғинган дилларга
этай жон фидо,
Дўстлардан
азиздир соғинган зотлар.
Умрим етганича
этайин адо,
Уларнинг ҳар сўзи
берар қанотлар.
Сизга талпинаман
умрим бор экан,
Сиз учун яшайман
қолган умримни.
Мен ҳам
ўтказяпман бир соғинч билан,
Бугун яшаётган
ҳар бир кунимни.
Ҳошимжон Завроқийнинг уйидаги анжуманимиз тугаб ташқарига чиқдик. Бу унутилмас дамларни хар
доимгидек профессор Абдуқодир Саттаров расмга тушириб қўйди. Машина келгунча
кўчада турар эканмиз яна мушоира ва мулоқот давом этар, хотиралар такрор ва
такрор эсланар, кекса шоиримиз ўз хурсандчилигини айтиб тугатолмас эди.
Ғани Мажид
Комментариев нет:
Отправить комментарий