ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 8 февраля 2019 г.

Хуршид Даврон ПАДАРКУШ

Xurshid Davron
Бундан роппа-роса 30 йил аввал, - 1988 йилда ёзилган ва бугун ҳам худди кечагина ёзилгандай "Падаркуш" шеърининг тўлиқ матни
Хуршид Даврон
ПАДАРКУШ
Самарқанд шаҳрининг бир чеккасида
Қабр бор – одамлар юз буриб ўтар.
Унда Абдуллатиф ётар, дейдилар,
Дейдилар: “Бу ерда падаркуш ётар”.

Билмайман, ростми бу,
Билмайман, ёлғон.
Аммо бу қабрнинг қошига келсам,
Бирдан совий бошлар томиримда қон,
Бирдан тиқилади бўғзимга ғуссам.
Гўдаклар ўйнаса бу ерга келиб,
Оталар қувади,
Оналар қарғар.
Бу ер тинч, чечаклар ўсади кулиб,
Қиш келса тўпланар бунда қарғалар.
Йўлчилар ўтаркан баъзан ярим тун
Дуолар айтади қўрқувдан абгор.
Мен бўлсам кимлигим англамоқ учун
Шу қабр бошига келаман такрор.
Мен уни ёдламоқ учун келмайман,
Келмайман ёдига ўқий деб оят,
Бу ғариб қабрнинг қошига мени
Етаклаб келади ўзга ҳикоят.
…Уч кеча Улуғбек тушимга кирди,
Бир қўлда китобу, бир қўлда шамшир.
“Ўғлим қани? – деди. – Китоб келтирдим…”
“Ўғлим қани? – деди. – Оҳ, уни яшир…
Яшир, ахир, ўғлим ўлдиролмайман,
Ўз гулимни ўзим сўлдиролмайман.
Ўз дилимни ўзим изтиробларга,
Ғаму-асратларга тўлдиролмайман.
Сўрагин, қандай қўл урди бу ишга,
Алдади қай худбин ўйлар дилини,
“Отамни ўлдиринг”, — дея айтишга
Оҳ, у қандай мажбур этди тилини.
Сўра, билармиди: иши келмас ўнг
Ким-ки отаси-ю оғасин сўяр.
Низомий битгандек:
Олти ойдан сўнг
Салтанат тахтини бой бериб қўяр.
Сўра, билармиди: отасин сўйган
Юртни ўлдирмоққа қодир бўлишин,
Душманлар юборган жосусдан баттар
Хўрланиб, зорланиб итдек ўлишин.
Сўра, билармиди: ҳамиша номард
Отаси, онаси, боласин сотар,
Дилини, тилини, элини сотар,
Ё ортдан тиғ санчар, ё ортдан отар.
Сўра, биладими эрка фарзандим,
Билмаса билгани яхши, кеч эмас.
Уни бу дунёда, у дунёдаям
Отасидан бошқа ҳеч ким кечирмас.
Сўрагин, агар у жавоб бермаса,
Ёшлар оқизмагин асло кўзингдан.
Қабрнинг бошида чекмагин ғусса,
Ўзингдан сўрагин, сўра ўзингдан…”
Сўнг жимиб зулматнинг қўйнига кирди…
Мен унинг ортидан чопдим ҳаприқиб,
“Ўғлинг қани?” – дея дилим қичқирди,
Унинг кўзларига боқишдан қўрқиб.
Ўша дам зулматдан келди бир садо:
“Бириси шаҳиддир, бириси қотил,
Учинчиси эса,
Учинчиси, воҳ,
Ҳамон ухлаб ётар, бу сенсан, ғофил!”
Мен шунда англадим
Уйғонмоқ керак,
Қорда унган гулдек тўлғонмоқ керак,
Адоқсиз тунларни ёритмоқ учун
Ўғиллар барчаси тўпланмоқ керак.
Аммо қичқирмайин қанчалар бўзлаб,
Товуш чиқармади бирор-бир одам.
Гўё қулоғи кар, жонини кўзлаб
Юрганлар юртига айланмиш олам.
Қанча бақирмайин дала-даштларда
Ҳуркитиб, толиқиб қўнган қушларни,
Учратдим Самарқанд, Қўқон, Тошкандда
Фақат тан қуллари – падаркушларни.
…Ватаним, кўксингга сўнгсиз аламлар
Оғусин қуйганлар кимлигини айт?
Оролни қуритган ким? – деб одамлар
Сўраса, кўрсатай уни ўша пайт.
Ерингни зўрлаган қай малъун кимса?
Билмасдан мен қандай ортимга қайтай,
Тупроқни ўлдирган ким? – деб сўраса,
Ўғлимга мен кимнинг номини айтай?
Падаркушлар даври бўлди бу даврон,
Диллар аламлару-оҳларга тўлди.
Дилингни ўлдирмоқ бўлган шум, нодон
Ўғилларинг сенга ҳукмдор бўлди.
Уларнинг кўксини тарк этгач ғусса,
Ғуссалар ўрнини олди нишонлар.
Нишонлар тақди-ю,
Аслида эса
Сенинг қўлларингга осди кишанлар.
Боболар ҳикматин тили кесилди,
Момолар сарвати қилинди ғорат.
Эркин дарёларнинг йўли тўсилди,
Нодонлар тарихинг қилди ҳақорат.
Сени деб жонини берган ўғлонинг –
Таробий мақбарин бузди падаркуш,
Янги Таробийлар чиқмасин, дея
Тарихинг қайтадан тузди падаркуш.
Падаркуш қор тушган пахтазорларга
Қувди дили хаста болаларингни,
Падаркуш ўт қўйди чаманзорларга,
Заҳарлаб ўлдирди далаларингни.
Ўзи қул бўлди-ю,
Сениям қулга
Айлантирмоқ учун эркингни сотди,
Виждону-имонни алмашди пулга,
Ватан деса сўйди, эрк деса отди.
Жоним, оғриқлардан чинқирган жоним,
Эй олис боболар нидоси – қоним,
Эй дардим, эй ерим, эй сен мозорим,
Юрагим озори – Ўзбекистоним.
Сени жондан суйган,
Дардингда куйган
Ўғилларинг номи аталди ҳаром.
Қодирий отилди, Чўлпон отилди,
Файзулла Хўжаев қилинди бадном.
Сени жондан ортиқ,
Жаҳондан ортиқ
Кўрганларнинг дили оғриққа тўлди,
Фитрату-Беҳбудий кўкрагида тиғ,
Усмон Носир совуқ Сибирда ўлди.
Куйинма, падаркуш зоти кўп, десам,
Марди йўқ уларнинг, ҳаммаси қўрқоқ.
Ватаним, сени деб юрганлар эса
Битта бўлгандаям улардан кўпроқ.
Ҳатто ёлғиз ўзи душманлар аро
Қолсаям, бошини ёвга қилмас хам,
Сени деб жанг қилар Нажмиддин Кубро,
Ҳазрат Алишердек ўлимдан сўнг ҳам…
Самарқанд шаҳрининг бир чеккасида
Қабр бор – одамлар юз буриб ўтар.
Бунда Абдуллатиф ётар, дейдилар,
Дейдилар: “Бу ерда падаркуш ётар”.
Билмайман ростми бу,
Билмайман ёлғон,
Аммо ғариб гўрнинг устига келсам,
Бирдан совий бошлар томиримда қон,
Бирдан тиқилади бўғзимга ғуссам.
Биз уни кечирмай яшаймиз, ҳатто
Биздан сўнг келганлар кечирмас уни,
Бу дунёда ёлғиз Улуғбекгина
Кечира олади қотил ўғлини.
Сен-чи, эй, Ватаним,
Нима қилгайсан,
Гапир, қай биримиз авф этарсан?
Нечун сочинг ёзиқ, йиғлаб кулгайсан,
Бошингни эгганча қайга кетарсан?..
1988
БОБОЛАРИМИЗГА ТУҲМАТ ҚИЛМАЙЛИК
Шеъримга муносабат билдирган айрим постларга жавоб
Хусусан мана бу постга:
Хафиза Саляхова: Адибахон, мен тарихчи эмасман. Лекин Абдулатиф падаркуш эмас, бу аллакандай Аббос исмли мальуннинг килмиши, деган тахмин бор экан.
Ва мана бу постга:
Икром Рузимов: Тугри гап.совет пропагандасида Абдуллатиф падаркуш боб колган.лекин ше'р яхш
Кейинги пайтларда матбуотда (масалан, Самарқанднинг "Зарафшон" газетасида, Сурхондарёнинг бир газетасида) бирин-кетин "Абдуллатифнинг Мирзо Улуғбекнинг ўлимида алоқаси йўқ" мазмундаги даъво-исботсиз мақолалар чиқди. Уларга жавоб беришга тайёргарлик кўриб юрибман. Ҳозирча қисқача тўхталиб, асосий саволни бераман. Асоссиз гапни кўтариб чиқаётганлар бу даъволари билан машъум фожиани яқиндан билган буюк боболаримиз ҳазрат Алишер Навоийни, темурийзода Мирзо Бобурни туҳматчи ва ёлғончига чиқармаяптиларми?
Навоий бобомиз "Нафоис ун-мажолис"нинг еттинчи мажлисида ёзган мана бу гапларини унутдингизми: "А б д у л а т и ф М и р з о — савдойи мизож ва васвасий табъ ва девонасор киши эрди. Мундин ўзга дағи ғариб бадфеъллиқлари бор эрдиким, зикридин беҳижоблиқ лозим келур. Ўтар дунё маслаҳати учун донишманд ва подшоҳ отасин ўлтурди. Ҳар ойинаким, салтанат Шируяға вафо қилғонча анга қилди..."
(Ёшлар билиши учун айтиб ўтаман: Шеруя ҳам тожу тахт учун отасини ўлдирган Эрон шаҳзодаси ва унинг номи падаркушлик тимсолига айланган. Демак, ҳазрат Навоийни Абдулатифни падаркушликда айблаяпти)
Ёки темурийлар хонадонидан бўлгани учун бутун сиру асрордан хабардор Мирзо Бобурнинг ҳаётномасида битилган мана гаплар ёдингиздан чиқдими: "...Шоҳруҳ мирзо жамиъ Мовароуннаҳр вилоятини улуғ ўғли Улуғбек мирзога бериб эди. Улуғбек мирзодин ўғли Абдуллатиф мирзо олди. БЕШ КУНЛИК ЎТАР ДУНЁ УЧУН АНДОҚ ДОНИШМАНД ВА ҚАРИ ОТАСИНИ ШАҲИД ҚИЛДИ, Улуғбек мирзонинг фавтининг тарихи тавре воқе бўлубтур.
Назм:
Улуғбек баҳри улуму хирад,
Ки дунёву динро азу буд пушт,
Зи Аббос шаҳди шаҳодат чашид,
Шудаш ҳарфи тарих "Аббос кушт".
(Яъни, "илоҳий ва дунёвий илмлар денгизига шўнғиган Улуғбек Аббос туфайли шаҳид бўлди. Абжад ёзувида битилган "Аббос кушт"дан у ўлдирилган сана келиб чиқади")
Агарчи ўзи (Абдуллатиф) ҳам беш-олти беш салтанат қилмади, бу байт машҳурдурким:
Падаркуш подшоҳеро нашояд,
Агар шояд ба шаш моҳаш напояд
(Яъни “Падаркуш подшоҳ бўлолмайди, бўлсаям (ҳукмдорлиги) олти ойдан ошмайди.)
Ўша Самарқанд газетасида чиққан мақола муаллифи айни шу хабарни келтириб ёзади: “Аммо манбада Абдуллатиф ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.” Бу ғирт саводсизлик ва фаросатлик. Бобур бир эмас, икки марта Абдуллатифни отасини ўлдиришда айблайди: 1. БЕШ КУНЛИК ЎТАР ДУНЁ УЧУН АНДОҚ ДОНИШМАНД ВА ҚАРИ ОТАСИНИ ШАҲИД ҚИЛДИ. 2. Падаркуш подшоҳеро нашояд...
(Аббос масаласига келсак, у Абдуллатифга тобе бир киши, ўрта мансабдаги ҳарбий киши бўлган, холос).
Мен бугун ҳужжат учун фақат икки муътабар манбани келтирдим. Абдураззоқ Самарқандийдан бошлаб ўнлаб манбаларни кейинроқ асосий мақолани ёзганда келтираман.
Хуллас, улуғ боболаримизга туҳмат қилмайлик. Ҳар қалай улар ўша даврда яшашган ва темурийлар хонадони тарихидан мукаммал даражада хабардор бўлишган.
************
Bundan roppa-rosa 30 yil avval, - 1988 yilda yozilgan va bugun ham xuddi kechagina yozilganday “Padarkush” she’rining to‘liq matni
Xurshid Davron
PADARKUSH
Samarqand shahrining bir chekkasida
Qabr bor – odamlar yuz burib o‘tar.
Unda Abdullatif yotar, deydilar,
Deydilar: “Bu yerda padarkush yotar”.
Bilmayman, rostmi bu,
Bilmayman, yolg‘on.
Ammo bu qabrning qoshiga kelsam,
Birdan soviy boshlar tomirimda qon,
Birdan tiqiladi bo‘g‘zimga g‘ussam.
Go‘daklar o‘ynasa bu yerga kelib,
Otalar quvadi,
Onalar qarg‘ar.
Bu yer tinch, chechaklar o‘sadi kulib,
Qish kelsa to‘planar bunda qarg‘alar.
Yo‘lchilar o‘tarkan ba’zan yarim tun
Duolar aytadi qo‘rquvdan abgor.
Men bo‘lsam kimligim anglamoq uchun
Shu qabr boshiga kelaman takror.
Men uni yodlamoq uchun kelmayman,
Kelmayman yodiga o‘qiy deb oyat,
Bu g‘arib qabrning qoshiga meni
Yetaklab keladi o‘zga hikoyat.
…Uch kecha Ulug‘bek tushimga kirdi,
Bir qo‘lda kitobu, bir qo‘lda shamshir.
“O‘g‘lim qani? – dedi. – Kitob keltirdim…”
“O‘g‘lim qani? – dedi. – Oh, uni yashir…
Yashir, axir, o‘g‘lim o‘ldirolmayman,
O‘z gulimni o‘zim so‘ldirolmayman.
O‘z dilimni o‘zim iztiroblarga,
G‘amu-asratlarga to‘ldirolmayman.
So‘ragin, qanday qo‘l urdi bu ishga,
Aldadi qay xudbin o‘ylar dilini,
“Otamni o‘ldiring”, — deya aytishga
Oh, u qanday majbur etdi tilini.
So‘ra, bilarmidi: ishi kelmas o‘ng
Kim-ki otasi-yu og‘asin so‘yar.
Nizomiy bitgandek:
Olti oydan so‘ng
Saltanat taxtini boy berib qo‘yar.
So‘ra, bilarmidi: otasin so‘ygan
Yurtni o‘ldirmoqqa qodir bo‘lishin,
Dushmanlar yuborgan josusdan battar
Xo‘rlanib, zorlanib itdek o‘lishin.
So‘ra, bilarmidi: hamisha nomard
Otasi, onasi, bolasin sotar,
Dilini, tilini, elini sotar,
Yo ortdan tig‘ sanchar, yo ortdan otar.
So‘ra, biladimi erka farzandim,
Bilmasa bilgani yaxshi, kech emas.
Uni bu dunyoda, u dunyodayam
Otasidan boshqa hech kim kechirmas.
So‘ragin, agar u javob bermasa,
Yoshlar oqizmagin aslo ko‘zingdan.
Qabrning boshida chekmagin g‘ussa,
O‘zingdan so‘ragin, so‘ra o‘zingdan…”
So‘ng jimib zulmatning qo‘yniga kirdi…
Men uning ortidan chopdim hapriqib,
“O‘g‘ling qani?” – deya dilim qichqirdi,
Uning ko‘zlariga boqishdan qo‘rqib.
O‘sha dam zulmatdan keldi bir sado:
“Birisi shahiddir, birisi qotil,
Uchinchisi esa,
Uchinchisi, voh,
Hamon uxlab yotar, bu sensan, g‘ofil!”
Men shunda angladim
Uyg‘onmoq kerak,
Qorda ungan guldek to‘lg‘onmoq kerak,
Adoqsiz tunlarni yoritmoq uchun
O‘g‘illar barchasi to‘planmoq kerak.
Ammo qichqirmayin qanchalar bo‘zlab,
Tovush chiqarmadi biror-bir odam.
Go‘yo qulog‘i kar, jonini ko‘zlab
Yurganlar yurtiga aylanmish olam.
Qancha baqirmayin dala-dashtlarda
Hurkitib, toliqib qo‘ngan qushlarni,
Uchratdim Samarqand, Qo‘qon, Toshkandda
Faqat tan qullari – padarkushlarni.
…Vatanim, ko‘ksingga so‘ngsiz alamlar
Og‘usin quyganlar kimligini ayt?
Orolni quritgan kim? – deb odamlar
So‘rasa, ko‘rsatay uni o‘sha payt.
Yeringni zo‘rlagan qay mal’un kimsa?
Bilmasdan men qanday ortimga qaytay,
Tuproqni o‘ldirgan kim? – deb so‘rasa,
O‘g‘limga men kimning nomini aytay?
Padarkushlar davri bo‘ldi bu davron,
Dillar alamlaru-ohlarga to‘ldi.
Dilingni o‘ldirmoq bo‘lgan shum, nodon
O‘g‘illaring senga hukmdor bo‘ldi.
Ularning ko‘ksini tark etgach g‘ussa,
G‘ussalar o‘rnini oldi nishonlar.
Nishonlar taqdi-yu,
Aslida esa
Sening qo‘llaringga osdi kishanlar.
Bobolar hikmatin tili kesildi,
Momolar sarvati qilindi g‘orat.
Erkin daryolarning yo‘li to‘sildi,
Nodonlar tarixing qildi haqorat.
Seni deb jonini bergan o‘g‘loning –
Tarobiy maqbarin buzdi padarkush,
Yangi Tarobiylar chiqmasin, deya
Tarixing qaytadan tuzdi padarkush.
Padarkush qor tushgan paxtazorlarga
Quvdi dili xasta bolalaringni,
Padarkush o‘t qo‘ydi chamanzorlarga,
Zaharlab o‘ldirdi dalalaringni.
O‘zi qul bo‘ldi-yu,
Seniyam qulga
Aylantirmoq uchun erkingni sotdi,
Vijdonu-imonni almashdi pulga,
Vatan desa so‘ydi, erk desa otdi.
Jonim, og‘riqlardan chinqirgan jonim,
Ey olis bobolar nidosi – qonim,
Ey dardim, ey yerim, ey sen mozorim,
Yuragim ozori – O‘zbekistonim.
Seni jondan suygan,
Dardingda kuygan
O‘g‘illaring nomi ataldi harom.
Qodiriy otildi, Cho‘lpon otildi,
Fayzulla Xo‘jayev qilindi badnom.
Seni jondan ortiq,
Jahondan ortiq
Ko‘rganlarning dili og‘riqqa to‘ldi,
Fitratu-Behbudiy ko‘kragida tig‘,
Usmon Nosir sovuq Sibirda o‘ldi.
Kuyinma, padarkush zoti ko‘p, desam,
Mardi yo‘q ularning, hammasi qo‘rqoq.
Vatanim, seni deb yurganlar esa
Bitta bo‘lgandayam ulardan ko‘proq.
Hatto yolg‘iz o‘zi dushmanlar aro
Qolsayam, boshini yovga qilmas xam,
Seni deb jang qilar Najmiddin Kubro,
Hazrat Alisherdek o‘limdan so‘ng ham…
Samarqand shahrining bir chekkasida
Qabr bor – odamlar yuz burib o‘tar.
Bunda Abdullatif yotar, deydilar,
Deydilar: “Bu yerda padarkush yotar”.
Bilmayman rostmi bu,
Bilmayman yolg‘on,
Ammo g‘arib go‘rning ustiga kelsam,
Birdan soviy boshlar tomirimda qon,
Birdan tiqiladi bo‘g‘zimga g‘ussam.
Biz uni kechirmay yashaymiz, hatto
Bizdan so‘ng kelganlar kechirmas uni,
Bu dunyoda yolg‘iz Ulug‘bekgina
Kechira oladi qotil o‘g‘lini.
Sen-chi, ey, Vatanim,
Nima qilgaysan,
Gapir, qay birimiz avf etarsan?
Nechun soching yoziq, yig‘lab kulgaysan,
Boshingni eggancha qayga ketarsan?..
1988
***************
BOBOLARIMIZGA TUHMAT QILMAYLIK
She’rimga munosabat bildirgan ayrim postlarga javob
Xafiza Salyaxova: Adibaxon, men tarixchi emasman. Lekin Abdulatif padarkush emas, bu allakanday Abbos ismli malunning kilmishi, degan taxmin bor ekan.
Va mana bu postga:
Ikrom Ruzimov: Tugri gap.sovet propagandasida Abdullatif padarkush bob kolgan.lekin she'r yaxsh
Keyingi paytlarda matbuotda (masalan, Samarqandning “Zarafshon” gazetasida, Surxondaryoning bir gazetasida) birin-ketin “Abdullatifning Mirzo Ulug‘bekning o‘limida aloqasi yo‘q” mazmundagi da’vo-isbotsiz maqolalar chiqdi. Ularga javob berishga tayyorgarlik ko‘rib yuribman. Hozircha qisqacha to‘xtalib, asosiy savolni beraman. Asossiz gapni ko‘tarib chiqayotganlar bu da’volari bilan mash’um fojiani yaqindan bilgan buyuk bobolarimiz hazrat Alisher Navoiyni, temuriyzoda Mirzo Boburni tuhmatchi va yolg‘onchiga chiqarmayaptilarmi?
Navoiy bobomiz “Nafois un-majolis”ning yettinchi majlisida yozgan mana bu gaplarini unutdingizmi: “A b d u l a t i f M i r z o — savdoyi mizoj va vasvasiy tab’ va devonasor kishi erdi. Mundin o‘zga dag‘i g‘arib badfe’lliqlari bor erdikim, zikridin behijobliq lozim kelur. O‘tar dunyo maslahati uchun donishmand va podshoh otasin o‘lturdi. Har oyinakim, saltanat Shiruyag‘a vafo qilg‘oncha anga qildi...”
(Yoshlar bilishi uchun aytib o‘taman: Sheruya ham toju taxt uchun otasini o‘ldirgan Eron shahzodasi va uning nomi padarkushlik timsoliga aylangan. Demak, hazrat Navoiyni Abdulatifni padarkushlikda ayblayapti)
Yoki temuriylar xonadonidan bo‘lgani uchun butun siru asrordan xabardor Mirzo Boburning hayotnomasida bitilgan mana gaplar yodingizdan chiqdimi: "...Shohruh mirzo jami’ Movarounnahr viloyatini ulug‘ o‘g‘li Ulug‘bek mirzoga berib edi. Ulug‘bek mirzodin o‘g‘li Abdullatif mirzo oldi. BЕSh KUNLIK O‘TAR DUNYO UCHUN ANDOQ DONISHMAND VA QARI OTASINI SHAHID QILDI, Ulug‘bek mirzoning favtining tarixi tavre voqe bo‘lubtur.
Nazm:
Ulug‘bek bahri ulumu xirad,
Ki dunyovu dinro azu bud pusht,
Zi Abbos shahdi shahodat chashid,
Shudash harfi tarix “Abbos kusht”.
(Ya’ni, “ilohiy va dunyoviy ilmlar dengiziga sho‘ng‘igan Ulug‘bek Abbos tufayli shahid bo‘ldi. Abjad yozuvida bitilgan ”Abbos kusht“dan u o‘ldirilgan sana kelib chiqadi”)
Agarchi o‘zi (Abdullatif) ham besh-olti besh saltanat qilmadi, bu bayt mashhurdurkim:
Padarkush podshohero nashoyad,
Agar shoyad ba shash mohash napoyad
(Ya’ni “Padarkush podshoh bo‘lolmaydi, bo‘lsayam(hukmdorligi) olti oydаn oshmaydi.)
O‘sha Samarqand gazetasida chiqqan maqola muallifi ayni shu xabarni keltirib yozadi: “Ammo manbada Abdullatif haqida hech narsa deyilmagan.”Bu g‘irt savodsizlik va farosatlik. Bobur bir emas, ikki marta Abdullatifni otasini o‘ldirishda ayblaydi: 1. BЕSh KUNLIK O‘TAR DUNYO UCHUN ANDOQ DONISHMAND VA QARI OTASINI SHAHID QILDI. 2. Padarkush podshohero nashoyad...
(Abbos masalasiga kelsak, u Abdullatifga tobe bir kishi, o‘rta mansabdagi harbiy kishi bo‘lgan, xolos.)
Men bugun hujjat uchun faqat ikki mu’tabar manbani keltirdim. Abdurazzoq Samarqandiydan boshlab o‘nlab manbalarni keyinroq asosiy maqolani yozganda keltiraman.
Xullas, ulug‘ bobolarimizga tuhmat qilmaylik. Har qalay ular o‘sha davrda yashashgan va temuriylar xonadoni tarixidan mukammal darajada xabardor bo‘lishgan.

Комментариев нет:

Отправить комментарий