ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 3 февраля 2019 г.

Abduqadir Sattarov, [04.02.19 05:41] Каъба неча марта қайта қурилган?
Тарихий маълумотларга қараганда Каъба 12 марта қайта қурилган. Қуйида уни кимлар томонидан қурилгани ҳақида маълумот бериб ўтамиз:
Фаришталар томонидан.
Одам Алайҳис салом томонидан.
Шис ибн Одам Алайҳис салом томонидан.
Иброҳим ва Исмоил Алайҳимас салом
томонидан.

Умолиқа томонидан.

Журҳум томонидан.

Қусай ибн Килоб томонидан.

Қурайш қавми томонидан.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розийаллоҳу анҳума томонидан (65 ҳижрий – 685 мелодий санада).

Ҳажжож ибн Юсуф ас Сақафий томонидан (74 ҳижрий – 694 мелодий санада).

Султон Мурод ал Усмоний томонидан (1040 ҳижрий – 1631 мелодий санада).

Ходим ал Ҳарамайн Подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ томонидан (1417 ҳижрий – 1997 мелодий санада).

Каъбатуллоҳнинг умумий ҳажми ҳақида

“Каъба” сўзи араб тилидан ўзбекчага таржима қилинганда куб, кубга ўхшатиб, яъни тўрт бурчаклик қилинган бино маъносини англатади.

“Каъбатуллоҳ” эса Аллоҳнинг каъбаси, кўчма маънода “интилинадиган нарса, ўзига тортувчи марказ” маъноларида қўлланилади.

Араблар ҳар қандай тўртбурчак уйни “Каъба” дейишади. Яна бошқа сабаб эса, унинг баландлиги ва бошқа бинолардан ажралиб турганлигидир.

Ҳажарул асвад.

Каъба эшиги.

Мийзоб.

Шозиравон.

Ҳажар Исмоил. (Ҳатим)

Мултазам.

Мақоми Иброҳим.

Ҳажарул асвад бурчаги.

Яманий бурчак.

Шомий бурчак.

Ироқий бурчак.

Каъбапўш.

Мармар чизиқ.

Юқорида биз Каъбатуллоҳни тўртбурчак уй дедик. Табийки унда тўртта бурчак мавжуд, улар: “Рукнул асвад”, “Рукнул ироқий” “Рукнуш шомий” ва “Рукнул яманий” лардир.[1]

“Ҳажарул асвад” турган бурчак Каъбанинг жанубий шарқий томонида жойлашган.

Шимолдан, яъни Ироқий бурчакдан Ҳатим бўйлаб юрадиган бўлсак, тўхтаган бурчагимиз ғарбга қараган “Шом бурчаги” ва Шом бурчагидан кейин эса “Яманий бурчак” жойлашган.

Каъбанинг “Ҳажарул асвад” томони 10 метр 10 см.га тенг. Демак унинг муқобили ҳам шу ўлчамда. Каъбанинг эшик томонидаги кенглиги эса 12 метр, шу жумладан унинг муқобили ҳам шундай кенгликда. Унинг баландлиги эса 14 метрга тенг.

Ҳажарул асвад

“Ҳажарул асвад” Каъбанинг жанубий шарқий бурчагида 1,5 метр баландликда ўрнатилган 17см х 30 см ўлчамдаги қора тошдир.

Унинг атрофи эса кумуш билан ўраб қўйилган. Уни илк бор Абдуллоҳ ибн Зубайр розийаллоҳу анҳу кумуш билан ўраганлар. Сўнг зарурат бўлганда бу ишни халифалар амалга оширганлар. Унинг охирги таъмири бундан 9 йил илгари (1422ҳ—2001м) Саудия Подшоҳлиги томонидан амалга оширилди.

Мултазам

“Ҳажарул асвад” ва Каъба эшиги оралиғидаги икки метрлик жойни “Мултазам” деб номланади. Мултазам, дуолар ижобат бўладиган ўрин ва бу жойда дуо қилиш суннатдир. Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу тавоф қилиб намоз ўқидилар, сўнг икки ёноқлари, кўкрак ва қўлларини унга ёпиштириб истилом қилиб: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай ҳолатда кўрганман” – дедилар.[2] Абдуллоҳ ибн Амр, Ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розийаллоҳу анҳум ҳам шундай қилардилар.

Каъба эшиги

Ердан 2,5 метр баландликда 1,68 х 3,06 метр ўлчамдаги Каъбанинг эшиги ўрнатилган. Подшо Холид ибн Абдулазиз томонидан ҳадя қилинган бу эшикка 280 кг олий (99,99 пробалик) сифатлик олтин ишлатилганидан ташқари, унинг ясалиш ва безак ишлари учун сарфланган харажатлар қиймати 1 млн 420 минг Саудия риёлига тенг.[3]

Ҳатим

Каъбанинг шимолий бурчагидан ғарбий бурчак ўрталиғида ярим ой шаклидаги (умумий узинлиги 21 метр 57 см, баландлиги 1 метр 32 см, эни 1 метр 55 см бўлган) бино бўлиб, уни “Ҳатим” деб аталади.

Мийзоб

Каъбанинг эшик томонида ёмғир сувлари учун “Мийзоб” яъни нов ўрнатилган бўлиб, уни биринчи бўлиб Қурайшликлар, Каъбани шифтлик қилиб қурганларида ўрнатган эдилар.

Мийзоб, Каъбадан 1 метр 95 см ташқарига чиқиб туради. Унинг эни 26 см га бўйи эса 23 см га тенгдир. Қушлар қўнганида эгилиб кетмаслиги учун, Каъбага қаратиб юқори қисмидан олтин занжир билан тортиб қўйилган.

Абдулмажидхон Усмоний номидан ҳадя қилинган нов, 1996 йилда Каъбада янгилаш ишларини олиб борган подшоҳ Фаҳд бин Абдулазиз томонидан ясатилган новга алмаштирилган.

Каъбанинг ички кўриниши

Abduqadir Sattarov, [04.02.19 05:41]
Аввало Каъбага кирган киши димоғига унинг ичидаги мушку-анбарлар ҳиди урилади. Бу эса йил бўйи унинг тозалиги учун ишлатиладиган катта миқдордаги хушбўй атирларнинг бўйидир.

Эшикдан кираверишда меҳроб бўлиб, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бунёд қилинган. Эшикдан кираверишда ўнг томонда яна бир эшик бўлиб, уни тавба эшиги дейилади.

Ички саҳнанинг ўрта қисми оқ, атрофи қора мармар билан қопланган. Деворнинг 4 метрлик қисми қизғиш мармар, ундан юқориси ва шифти эса яшил ипак мато билан ўралган.

Бу матолар ҳар уч, беш йилда янгиланиб турилади. Каъба ичига бундай матоларни илиниши 1403 ҳижрий санадан бошланган.

Ривоятларда келишича илк бор Каъбани Исмоил алайҳис салом мато билан ўраган эканлар. Ислом келгач эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба устига Каъбапўш ёпгандилар. Ўша даврлардан бери бу анъана халифалар томонидан амалга оширилиб келар эди. 1258 мелодий санага келиб Каъбапўшни Ямандан ёки Мисрдан Маккага келтириладиган бўлди. Бу ҳолат 1924 йилгача давом этди ва шу йили Саудия подшоси Абдулазиз Ол Сауд, Маккаи мукаррамада Каъбапўш ишлаб чиқарадиган корхона қуришга буйруқ берди. Орадан уч йил ўтиб Маккаи мукаррамада ишлаб чиқарилган Каъбапўш Каъба устига ёпилди.

Каъбапўшлар ҳар йили Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида янгиланади. Каъбапўшнинг узунлиги 14 метрча келади. Уни ўрта қисмидан озроқ юқорисида энига 95 см келадиган кенгликда Қурон Карим оятлари тилла-зар иплар билан ёзилган. Бу белбоғнинг узунлиги Каъбани бутун қисмини айлантириб 47 метрга етади.

Каъбапўш ўз ичига Каъба эшиги пардасини ҳам олган. Бу парданинг узунлига 5-7 метрлар келади. Эни эса 3,30 см га тенг. Каъбага бир марта ёпиладиган Каъбапўшнинг оғирлиги 670 кг бўлиб, тоза-соф ипакдан ишланган. Каъбапўш ишлаб чиқарадиган корхонада эса 240 дан зиёд хизматчилар меҳнат қиладилар.

Каъбанинг ичида учта бир биридан 2 метр 35 см масофада жойлашган баландлиги 9 метрлик тилло билан безак берилган ёғоч устумлар бўлиб, улар Каъбанинг томини кўтариб туради.

Юқорида, Усмонийлар даврида мис, кумуш ва шишадан ясатилган қандиллар бўлиб, уларга Қуръон оятлари туширилган.

Каъба ичида, шифтга чиқишлик учун алюминдан ишланган нарвон ҳам қўйилган.

Каъбанинг ичи бир йилда бир маротаба сув ва тозалаш воситалари ила ювилади, сўнг унинг ички деворлари ва саҳни катта миқдордаги хушбўй атирлар билан артиб чиқилади.

Имом Бухорий халқаро маркази, Манбашунослик бўлими бошлиғи Олимхон Исахон ўғли

Комментариев нет:

Отправить комментарий