ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

понедельник, 17 декабря 2018 г.

МУЛК СУРАСИ ФАЗИЛАТИ.

МУЛК СУРАСИ ФАЗИЛАТИ.
Мулк (таборак) сураси фазилати (сўраган эдингиз) 
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, (ушбу сура у банданинг) гуноҳлари мағфират қилингунича шафоат
қилади. У “табаарокаллазий бийадиҳил-мулк” (сураси)дир” (Абу Довуд, Термизий, Насоий[1], Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Ҳадис лафзи Ибн Можага тегишли ва унинг ривояти санади саҳиҳ). 



Таборак сураси мусулмон орасида “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб аксарият диёрларда, хусусан бизнинг юртда маййит дафн қилингандан кейин унинг ҳаққига Таборак сураси қироат қилинади. 

Саҳобалар ҳам бу сурасин “қутқарувчи, асровчи” деб атаганлар. Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида жуда кўп ривоятлар келган. 



Анас розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини ривоят қилади: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат бир сура соҳибини жаннатга киритгунча у ҳақида тортишади. У Таборак сурасидир” (Табароний ва Зиё Мақдисий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). 

“Тортишади” деганда, ҳужжат келтиради, уни ҳимоя қилади, шафоат қилади каби маънолар кўзда тутилади. 

“Соҳиби” эса Таборак сурасини доим тиловат қилувчи, уни тадаббур билан ўқувчи қоридир. 

Уламолар Таборак сурасининг шафоатини замон жиҳатидан иккига бўлганлар: 

1. Бандани қабрда шафоат қилиши; 

2. Қиёмат куни шафоат қилиши. 



Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таборак сураси қабр азобидан тўсувчидир”, деб айтганлар” (Ибн Мардавайҳ ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ). 

Бу ерда айтилишича, Таборак сураси бандани қабр азобидан сақлайди. Демак, мазкур сура бандани қабрда ҳам, охиратда ҳам шафоат қилади, уни азобдан ҳимоя қилади. Шу сабаб қабристон зиёратига борганлар у ерда Таборак сурасини ўқишлари мустаҳабдир. 



Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бири чодирини қабр устига қўйди. Лекин у ўша ер қабр, деб ўйламаганди. Шунда қабр ичида бир инсоннинг Таборак сурасини охиригача ўқиганини эшитди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб, “эй Расулуллоҳ, мен чодиримни қабр устига қурдим, лекин у ер қабр, деб ўйламагандим. Мен у ерда бир инсоннинг Мулк сурасини охиригача ўқиганини эшитдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У тўсувчидир, у қутқарувчидир. У (сура бандани) қабр азобидан сақлайди”, дедилар” (Термизий, Байҳақий ва Баззор ривояти. Ривоят санади заиф). 

Бу ривоятда Таборак сураси бандани қабр азобидан сақлаши айтилмоқда. Мазкур ривоятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Таборак сурасини ўқиш қабрда ётган маййит учун манфаат келтиради. Бунга шубҳа йўқ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий