Мен, Жалолиддин Румий асарларини таҳлил қилишга, тасниф қилишга, таърифлашга ожизман. Унинг асарлари менинг ақлий қобилиятим, тафаккур салоҳиятим, идрок этиш хосиятимдан юқори даражадаги чеки йўқ уммонки, аввалбошданоқ бу заифлигимни ошкор этишга мажбурман. Шул сабабдан, ушбу рисолани Жалолиддин Румий
асарлари оламига зиёрат деб эмас, бор йўғи Жалолиддин Румий яшаган, ижод қилган, ҳаёти кечган улуғвор шаҳар – Кўнёга сафар, дея қабул қилишларингизни сўрайман.
Жалолиддин Румий ҳазратларини зиёрат қилиш, қўл етмас орзудай туюлган эди. Аммо, Худога осон экан. Мени, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият мудири Жосим Чалабей жаноблари билан дўстлаштирди. Жосим Чалабей ўзбек ва турк халқларининг қадим қадимдан битта миллат, бир отанинг икки фарзанди, ака-ука, қон қардош, қавму-қариндош эканлигини яхши билганидан, Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларини севганидан истакларимни рўёбга чиқишида олийҳимматлик изнини тутди ва мен сафарга отландим.
Кўнё, эрамиздан 7500 йил аввал Ер юзида пайдо бўлган шаҳар экан. Айтишларича, Ер шарида ҳеч қачон ҳаёт чироғи сўнмаган ягона шаҳар, Кўнё экан. Энг қадимги битикларда Кўнё шаҳри бот бот эсланиб турилади. Ҳатто у муқаддас китоб Библияда ҳам бир неча бор эслатиб ўтилади. Шарқ халқларида Афлотун дея эҳтиром кўрсатилувчи буюк донишманд Платон ҳам Кўнё шаҳрида яшагани кўп тарихий манбаларда таъкидланади.
Лекин биз учун энг муҳими бу ерда Жалолиддин Румий ҳазратларининг яшаб ўтганидир.
Жалолиддин Румий Хоразмшоҳлар пойтахти Балх шаҳрида 1207 йил 30 сентябрда уламолар султони шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида таваллуд топди. Унинг онаси Муҳаммад алайҳиссалом авлодларидан, хоразмлик саййида, Балх амири Руҳиддиннинг қизи Мўмина Хотун эди. Баҳоуддин Валад 1212 йил Мўғуллар истилосидан сўнг Балхни тарк этиб, хаж сафарига отланади, сўнгра Ироқу Ажам шаҳарларини кезиб, туркий қавм салжуқ султонлари томонидан юксак иззат икром билан кутиб олингач, Салжуқ салтанатининг пойтахти Кўнё шаҳрида қўним топади. Ҳазрат Баҳоуддин Валад бир неча йил Кўнё шаҳрига бош мударрис бўлиб хизмат қилади, унинг вафотидан сўнг бу олий мартабага зукко Жалолиддин Румий лозим топилади.
Бугунги кунда Кўнё шаҳрида икки миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Йил давомида Жалолиддин Румий ҳазратлари хоки туробини тафов этиш учун дунёнинг бешта қитъасидан келувчи зиёратчилар оқими тўхтамайди. Аммо ҳар йили декабрь ойида бу оқим бир неча баробарга кўпаяди. Чунки, 17 декабрь, аллома вафот этган кунда бу ерда улкан анжуман бўлиб ўтади. Шабъи арус деб номланувчи бу олий издиҳомда Туркия Президентининг шахсан ўзи қатнашади. Сўфийлик рақслари ижро этилади. Мавлононинг шеърлари ўқилади, қўшиқлари ижро этилади. Шунингдек, Қуръони карим тиловат қилинади. Олис юртлардан келган олим-у уламолар, шоир-у фузалолар бир нуқтада бирлашишади.
Менинг ҳам сафарим 2017 йил 17-декабрга тўғри келди.
Кўнё шаҳри денгиз сатҳидан минг метр баландликда жойлашган бўлсада декабрь ойи бўлишига қарамай, ҳаво совуқ эмас эди. Шаҳарга яқинлашиб борар эканмиз, эътиборимни тортган биринчи нарса, осмоннинг мусаффолиги-ю, булутларнинг гўзаллиги, само кенгликларида оппоқ булутларнинг жилоланиши, кўк ва оқ рангларнинг одамнинг баҳри дилини ёзиб, товланиши эди. Ҳа, шаҳар ростдан ҳам осмонларга туташиб кетган эди.
То шаҳарга кириб боргунимизча қоронғу тушди. Мен Жалолиддин Румий мақбарасини зиёрат қилишга шошилар эдим. Меҳмонхонага жойлашиб олдимда кеч бўлишига қарамай, мақбара сари ошиқдим.
Муҳташам сарой улкан ва ранг баранг чироғлар ёғдуси қуршовида салобат билан қад кериб турарди. Тилимда беихтиёр Қуръони шариф калималари айлана бошлади. То ҳолдан тойиб йиқилар даражага келгунча сарой атрофида юрдим. Қуръони каримни тўхтатмадим... Худодан кўп нарсани сўрадим. Ва шу ерда билдимки, Худодан сўрамайдиган нарсамизнинг ўзи йўқ экан. Ўзбекистонга тинчлик сўрадим, халқимизга фаровонлик, юртбошимизга адлу-инсоф, онамга соғлик, фарзандларимизга баркамоллик, ишларимизга файзу-барака, ёру-биродарларимизга омонлик, ижодимизга парвоз, ҳаётимизга тўкин сочинлик, беморларимизга шифо, йўқсилларимизга бо-ю бадавлатлик, эҳтиёжмандларимизга молиявий ёрдам, маънавий қашшоқларимизга донишмандлик, бошпанасизларга мустаҳкам уй, фарзандсизларга серфарзандлик, кам таъминланганларга сердавлатлик сўрадим...
Жалолиддин Румий Оллоҳ суйган, Оллоҳ иқболини баланд қилган, Оллоҳ ўз марҳаматини аямай берган улуғ аллома. Қиёматда шу бандангни мушкулини осон қил, шу суюкли банданг қаторида бизларни ҳам мағфират айла, карамингни аяма, азиз авлиёларингни руҳини шод қил, азизларингни сийлаганингда биз гуноҳкорларингни ҳам унутма, тавбаларимизни қабул қил.. – дея сўрадим.
Жалолиддин Румий қабри Қуръон оятлари тилла ҳарфлар билан ёзилган зар қубба билан ўралган ҳашаматли қабр экан. Қабрнинг энг юқори қисмига иккита салласимон яшил соққа, кийгиздан тикилган бош кийим қўйилган. Қабрнинг атрофи зиёратчилар билан ҳамиша гавжум. Зиёратчилар тинмай Қуръон ўқиб, дуо қилишади. Чет эллик зиёратчилар ҳам дуога сомъе туришади. Кўзларида ёш қалқийди. Мавлоно ҳаққига дуо қилар эканман, ўпкам тўлиб, ўзимни йиғидан базўр ушлаб қолардим. Лабларимда, Жалолиддин Румий ҳазратларининг ушбу сатрлари бот бот такрорланарди:
“Саховатда, ҳимматда
Оқар дарё каби бўл.
Шавқат ва марҳаматда
Ёруғ қуёш каби бўл.
Ўзгалар айбини ёп,
Қоронғу тун сингари,
Жаҳлу ғазабинг келса,
Бўлгин ўлик сингари.
Камтар камсуқумликда,
Майин тупроқ каби бўл,
Меҳр ва муҳаббатда,
Чексиз денгиз каби бўл,
Аслинг сингари кўрин,
Ё кўринганинг каби бўл.”
Кўнё шаҳрида етти кун бўлдим. Шаҳарнинг қайси қисмида бўлишимдан қатъий назар пешинни Жалолиддин Румий мақбарасига девор дармиён турган Азизийа жомъе масжидида ўқидим. Кўнёликлар имом Аъзам мазҳабида номоз ўқир эканлар. Шунинг учун, номоз ўқишда ҳеч бир фарқни кўрмадим. Жалолиддин Румий ҳазратларининг руҳи мени оҳанграбо билан чорлайверарди. Зотан у зоти бабарокотнинг шундай сатрлари тилимдан ҳеч нари кетмас эди:
“Яна кел, кел...
Ким бўлсанг – ўша бўл,
Хоҳ кофир, хоҳ маъжусий, хоҳи бутпараст.
Майли, юз карра тавба қилган бўл,
Майли, юз карра бузган бўл тавбани.
Умидсизлик даргоҳи эмас бу даргоҳ,
Қандай бўлсанг – шундайича келавер.”
Мавлононинг зиёратига келган турли миллат вакилларини, русларни, корейсларни, инглизларни кўриб, Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романидаги Мавлоно вафоти муносабати билан ёзган бир лавҳаси хаёлимга келди: Турклар ва форслар, юнонлар ва яҳудийлар, арманлар ва славянлар – ҳамма шоир билан видолашишга келган, ҳар ким ўз русумида видолашарди. Шу чоғ амирул умаро: “Ўз шайхини дафн этаётган аҳли мўмин ичра насроний ва яҳудийлар не қилур?”, - деб уларни ҳайдашни сўради. Бироқ бу бефойда эди. “Қуёш Ер юзини ёритгандек, мавлоно ҳақиқат нури ила бутун башариятни мунаввар этмиш. Қуёш ҳамманинг мулки!” – деди насронийлар руҳонийси. “Мавлоно – нон кабидирлар. Нон ҳаммага зарур. Амирим, очларнинг нондан юз ўгириб кетганини қайда кўргансиз?”- деди яҳудийлар раввини.”
Ҳа, токи Мавлононинг асарлари мавжуд экан, Ер юзида барча халқлар тенг мақомда тураверади, дўстлик, аҳиллик, тинчлик тотувлик куйланаверади, барча инсоният Оллоҳ яратган бандалар эканлиги таъкидланаверади.
Шу ўринда, Жалолиддин Румий ҳазратлари айтган ибратли сўзлардан бир иккита намуна келтиришни лозим топдим: “Ғайратинг қанотингдир”, “Гўзал кунлар келишини кутма. Унга томон бормоқни ҳеч унутма”, “Аччиқ гапирган инсон дўст эмас, аччиқни ширин қилиб гапирган инсон, дўстдир”, Ҳар ишни хайр, ҳар кечани қадр, ҳар келган кишини Хизр деб, бил”, “Кўнглингни покламабсан-ку, тинмай таҳорат олганинг нимаси?”, “Ҳар ака ука дўст бўлмаслиги мумкин, аммо ҳар дўст ака укадир”.
Кўнёга борганимнинг учинчи куни ўн мингга яқин одам йиғилган улкан иншоотда Шабъи Арус оқшоми бўлиб ўтди. Оқшомда муҳтарам Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон жанобларининг ўзлари қатнашди. Президент кириб келганларида муҳташам сарой бирдан жонланди. Ҳамма ҳаракатга тушиб қолди. Мен ҳам Президент жанобларининг эътиборини ўзимга қаратиш учун жоним борича қўлимни силкитдим. Бир қўлимда Бухоро амирлари киядиган қимматбаҳо зарбоф тўн бор эди. Имкон топсам Президентнинг елкасига ташламоқчи эдим. Аммо, Президент ўзига белгиланган жойга чиқиб кетди. Мухбирлар ҳар томонга тарқалди. Мен Президент қаршисида бир ўзим қолдим ва яна унга қараб қўл силкитдим. Шунда Президент жойидан силжидида, менга қараб қўл кўтарди ва қўлини кўксига қўйиб, бошини қимирлатди, саломимга алик олди. Мен миллат дарғасининг эътиборига тушганимдан хурсанд бўлиб, қўлимни кўксимга қўйдим ва таъзим қилдим. Президент қоғозга қарамай 30 минутга яқин нутқ сўзлади. Қуръони каримдан беш марта араб тилида оят мисол келтирди, Мавлоно Жалолиддин Румий маснавийларидан ёд айтди, Қуддус, Макка ва Мадинадан кейин тургувчи мусулмонларнинг энг муқаддас шаҳри эканлиги, Қуддусни яҳудийларга ҳеч қачон бериб қўймаслик кераклигини, Қуддуси шариф Пайғамбаримиз илк бор меърожга кўтарилган жой эканлиги, мусулмонлар илк бор Қуддусга қараб номоз ўқишганлари, токи танда жон бор экан, ҳеч қачон Қуддусни яҳудийларга топшириб қўймаслигини, агар яҳудийлар, бугун Қуддусни олса, эртага Истанбулни, индинга Кўнёни олишни истаб қолишини айтди ва бундай разолатга Туркия ҳеч қачон жим қараб турмаслигини шиддат ва шижоат, кишиларни ўзига ром этувчи юксак воизлик маҳорати билан айтдики, унинг жуда катта иқтидор ва ақл идрок эгаси эканлиги яққол кўриниб турарди. Президент сўзини тугатгач гулдурос қарсаклар, олқишлар, ҳайқириқлар янгради. Президент сўзини тугатгач барчадан узр сўраб даврани тарк этди. Шундан сўнг мусиқа янграб Шабъи Арус бошланди.
Аввалига узоқ вақт най навоси янгради. Айтишларича Румий ҳазратларининг ўзлари ҳам най чалишни маромига етқазган, най сеҳри орқали одамлар юрагини мумдай эритиб, бу дунё ғам ташвишларидан бутунлай озод этар, юракларида Ҳақ таолога муҳаббатдан ўзга ҳеч нарса қолдирмас эканлар.
Кейин саҳнага Ҳақ таолога зикр қилувчи мавлавийлар аста секинлик билан чиқиб кела бошлади. Қуръон тиловат қилинди. Яна соҳир мусиқа наволари янграй бошлади. Мусиқа садолари кўҳна тарих қаъридан янграб келаётгандай эди-ки, агар менга ҳозир кимдир бундан саккиз юз йил аввал Жалолиддин Румий ҳазратлари даврасида ҳам ушбу мусиқа садолари худди шу оҳанг, шу наво, шу жилоларда янграб турган деса, ҳеч шубҳа қилмай ишонган, даврани тўлдириб зикр тушаётганлар, худди шу бугунгидай ўша даврда ҳам само рақсларини ижро этишган деса, ҳа, шундай дея жавоб берган бўлар эдим. Рақс тушувчилар, Ҳақ таолога зикр тушаётганлар, саҳна ўртасида, ўн минг иштирокчи кўз олдида, усти ёпиқ улкан саройнинг қоқ марказида дилларни ларзага келтириб, оҳиста оҳиста тебранаётган, майинлик ва пардай енгиллик билан ҳаракатланаётган бўлсалар-да, негадир улар менга пастда, саҳна ўртасида эмас, кўк тоқида рақсга тушаётган оппоқ фаришталардай туюлаётганди. Гўёки кўк тоқига оппоқ чойшаб тўшалган-у, шу чойшаб узра ўттизта фаришта мавлавийлар либосида мусиқа садосига тўлғонаётгандек. Қулоқларимизга селдай оқиб кираётган мусиқа садолари қалбларимизни кирлардан, гуноҳлардан, дарду-аламлардан, ташвишу ўкинчлардан, кек-у ўчакишлардан халос этаётгандай, юрагимизни юваётгандай эди.
Бу мусиқа садолари бир неча кун идрокимни қаеригадир жойлашиб олиб акс садо бериб турди.
Ниҳоят орадан етти кун ўтиб Кўнё билан, Жалолиддин Румий ҳазратлари яшаган, ижод қилган азим шаҳар билан видолашиш фурсатлари етиб келди. Шу ўринда, ҳурматли ўқувчи Мавлоно ҳазратларининг авлодлари бугун ҳам бормикин деган ҳақли саволни беришлари табиий. Ҳа, бор экан.
Мавлоно Жалолиддин Румий икки бор уйланганлар. Биринчи бор, 1225 йилда, Шарофиддин Лоланинг қизи Гавҳар Хотунга уйланган, бу хотиндан икки ўғли бўлиб, ўғилларининг исми Султон Валад ва Алоуддин Чалабийдир. Иккинчи хотинларининг исми Керра Хотун бўлиб, бу хотинидан Музаффариддин ва Амир Олим Чалабий исмли икки ўғил ва Малика Хотун исмли бир қиз фарзанд кўрганлар.
Мана бир неча асрлардан буён Чалабийлар авлоди Кўнёда истиқомат қилиб келади. Шулардан бири Эҳсон Чалабий хоним билан суҳбатлашиш бахтига мушарраф бўлдим. Хонимга узоқ Ўзбекистондан, бугунги кунда Хоразмшоҳлар Ватани бўлган, яъни Хоразмшоҳлар авлоди бўлган хонимнинг боболари юртидан келганимнинг, унга юртдошларимизнинг алангали саломини келтирганимни айтдим ва учрашувимиздан бениҳоя хурсандлигимни билдирдим. Хоним учрашувимиздан шодумонлигини, Ўзбекистон уларнинг ота-боболарининг муқаддас юрти эканлигини кўзида ёш, қалбида қувонч билан таъкидлади. Юртдошларимизга етқазиш учун видео тасмага унинг дил изҳорларини муҳрладим. Эҳсон хоним жуда оқила, зукко ва фасоҳатли аёл экан. Анча пайтгача мириқиб суҳбатлашдик. “Жалолиддин Румийга авлод бўлиш мен учун Оллоҳнинг инояти, юксак шараф, катта маъсулият ва бахт” деди, - Эҳсон хоним. Эҳсон хоним билан бир бирларимизга совғалар ва ҳадялар улашдик. Хонимни Ўзбекистонга таклиф этдим, хоним таклифимни бажонидил қабул қилди.
Ҳар хайрли ишнинг боши бўлганидай, сўнгги ҳам бор. Қайноқ меҳру-муҳаббат билан Кўнёдан узоқлашар эканман, бу шаҳардан нафақат улкан таассуротлар билан қайтдим, балки бир қанча дўстлар орттирдим, қалби пок ва идроки юксак инсонлар билан танишдим, Шамси Термизий мақбарасини зиёрат қилдим, минг йиллар нарисидан ҳикоя қилувчи қалъаларни бориб кўрдим, савлат тўкиб турган улуғвор қўрғонларни суратга олдим, неча юз йиллар аввал қурилган жомъе масжидларида номоз ўқидим, ўтганларни ва бугун яшаб турган инсонларни ҳаққига дуои фотиҳа қилдим. Китоблар олдим. Шаҳардан чиқиб кетар эканман, кўнглимда бир таскин бор эди. Бу сўзни бир неча бор овоз чиқариб такрорладим. Бу сўз Жалолиддин Румий ҳазратларининг ушбу сўзлари эди: “Ўлимимиздан сўнг қабрларимиздан бизни изламанг. Биз ориф кўнгилларда яшармиз. Бизни донишмандлар қалбидан изланг!”
Комментариев нет:
Отправить комментарий