ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 19 декабря 2018 г.

СУВ “ГАПИРАДИ”, “ЭШИТАДИ” “КЎРАДИ”

СУВ “ГАПИРАДИ”, “ЭШИТАДИ” “КЎРАДИ”  
Ўз моҳиятидан чекинмаган ҳар қандай илм, шубҳасиз, комилликка етаклайди. Бундай илмларга нисбатан диний ёки дунёвий истилоҳини қўллаш ўринсиз чамамда. Негаки, моҳиятига муносиб илм бундай чегараларни билмайди. Ва, айнан, моҳиятига мослиги билан муайян тузум, жамият, миллатга эмас, умуминсониятга хизмат қилади.

Бундан бир неча йил муқаддам  япон олими Масару Эмото томонидан амалга оширилган кашфиёт ХХI асрга қадам қўймиш башарият келажаги учун ўта муҳим феноменал кашфиёт бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Олим тадқиқотлари ҳар сония, ҳар дақиқа фойдаланаётганимиз, биз учун оддийгина ичимлик тушунчасини англатадиган сув ва унинг моҳиятида яширин сир-синоатларни очишга қаратилган. Унинг узоқ йиллик изланишлари натижасида сувнинг борлиқ  ҳаракати ва инсон ҳаёти учун ўта муҳим аҳамият касб этиши, ичимлик, ёинки, ер ости захираси бўлиш сингари зоҳирий  функцияларидан ташқари, кўплаб ўта нозик ботиний функцияларга ҳам эга экани маълум бўлди. Бундай тажрибалар Ер шарининг турли бурчакларидан олинган сув намуналари асосида ўтказилган. Бир томчи сув 100 та идишга бўлиниб, икки соат мобайнида музлатилган. Сўнгра улар махсус музлатувчи камерали идишларга жойлаштирилган. Микрокристалл шаклини олган сув молекуласи микроскопик фотоаппаратлар ёрдамида суратга олинганда ғайриоддий мўъжизалар намоён бўла бошлаган.

200 дан 500 мартагача катталаштириб, нашр этилган микрокристалларнинг шакл-шамойили, дарҳақиқат, кишини ҳайратга солади. Япониянинг Фуживара ҳудудидан олинган сувнинг микрокристалл шакли йиртқич бир махлуққа ўхшайди: ранги қора, кўзлари ўт сочиб турган қоронғи ўрани эслатади. Шаҳардан йироқ покиза тоғ жилғаларидан олинган микрокристалл намунаси эса нафис гуллар билан безатилган олтибурчак шаклида.

Эмото тажрибаларидан келиб чиқадиган хулосага кўра, сув ташқаридан бўладиган ҳар қандай таъсирга ўз муносабатини билдиради. Аниқроқ айтганда, сув “гапиради”, “эшитади”, “кўради”. Турли хас-хашаклар, чиқинди-ахлатлар, кимёвий заҳарлардан сувнинг зоҳири ифлосланса, одамларнинг ёмон фикрлари, шайтоний ҳис-туйғулари, дилозор сўзларидан унинг таркиби бузилиб, ўзгача тус олади. Оқибатда бундай сувни истеъмол қилган инсонлар феъл-атвори, ахлоқи, кайфияти, бир сўз билан айтганда, руҳиятида тубанлашув юз беради.

Бугун заҳарли микроблардан сақланишнинг ягона йўли деб тақдим қилинаётган турли идишлардаги газланган сувга ружу қўйиш русумга кирмоқда. Ҳолбуки, австриялик табиатшунос олим Алоис Грубернинг “сувни тирилтириш” тизими хулосаларига кўра “Газланган сув, бу – ўлик мавжудот демакдир, уни бирон усул билан тирилтириш мумкин эмас”.     

Япон олими М.Эмото, австриялик олим А.Грубер, рус олими С.Зенин хулосаларини умумлаштирадиган бўлсак, сув одам ва олам муносабатининг муҳим воситаси экан. Ер ва коинот аро муносабатлар сув (ёмғир, қор, буғ) орқали амалга ошганидек, одам танасида аниқ ҳаётий вазифани ўтайдиган юрак, мия, ўпка, жигар, буйрак ва ҳоказолар ўртасидаги алоқа ердаги денгизу дарёлар мисол жойлашмиш қон томирлари воситасида амалга ошади. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, инсон танасини ҳаёт энергияси билан таъминлайдиган аъзоларнинг аксарият қисми айнан сувдан иборат. Масалан, инсон миясининг 90 фоизи, қонининг 81 фоизи, мускулларининг 75 фоизи, териси ва жигарининг 70 фоизи, суякларининг 20 фоизи сувдан ташкил топган экан. Камолга етган одам танасининг 70 фоизи, бир ярим ойлик чақалоқ танасининг 97,8 фоизи сувдан таркиб топган.

Шунингдек, мутахассислар чақалоқ танасидаги ҳужайраларнинг яшовчанлиги, курашувчанлиги катталарникига нисбатан бир неча баробар кучлироқ бўлишини аниқлашган. Бунинг сабабини эса танада сув миқдорининг нисбатан кўплиги билан изоҳлашган.

Инсон учун ҳаёт манбаи бўлган қон 15 кунда бир марта, одамнинг бутун танаси эса муайян даврларда 70 фоизгача янгиланаркан ва қизиғи бундай янгиланишлар сув воситасида амалга ошади. Айнан сув воситасида инсон умр бўйи борлиқ билан циркуляр муносабатда яшайди. Бу муносабат ижобий ёки салбий моҳият касб этиши мумкин. Сув устида жиддий тажрибалар олиб бораётган япон олими Эмото, рус олими Зенин тажрибалари айни муаммони илмий асослаш имконини беради.

Маълумки, сув молекуласи (Н2О) 2 та водород, 1 та кислород атомидан ташкил топган. Тадқиқотлар натижасига кўра, шу икки кимёвий унсур реакцияга киришганда иккита ижобий зарядли (+), иккита салбий зарядли (-) бўш “қўл”лар ортиб қолади. Худди шу бўш “қўллар” воситасида сув бошқа зарядлар билан муносабатга киришади. Бунда, албатта, ҳар қайси бўш заряд ўзига зид бўлган, яъни иккита мусбат, иккита манфий заряд билан боғланиб, янги моҳиятни юзага келтиради. Биргина сув молекуласининг ўзида, рус олими Зенин ҳисоб-китобига кўра, 44 минг ахборот қутичалари мавжуд бўлади. Олимлар бу қутичаларни ўзига хос “биокомпьютер” дея изоҳлашади. Шу 44 минг қутичадан бирортаси ташқаридан хоҳ салбий, хоҳ ижобий ахборотни қабул қилиб олса, ундан нусха кўчириб, лаҳза ўтмай  бошқа қутичаларга етказади. Бунинг натижасида сувнинг молекуляр тизими, ҳолати ўзгаради. Юқорида айтганимиздек, бу ахборот нафақат ахлат, чиринди, кимёвий заҳарлар шаклида, балки айнан сўз, фикр, ҳис-туйғулар шаклида бўлади.

Эмотонинг микроскопик тасвирга асосланган тажрибалари шуни кўрсатадики, эзгу сўз, эзгу туйғу, эзгу фикрни “эшитган”, “кўрган” сувнинг кристалланган (музлатилган) шакли ўта гўзал кўриниш ва рангга эга бўлади. Аксинча бўлганда қорайиб, хаотик шаклга киради. Эмотонинг “Сувнинг айтганлари” (“Послания воды” - The Mеssаges of Water)  китобида муайян ахборотлар натижаси ўлароқ юзага келган кристалл  шаклларнинг 200 дан 500 мартагача катталаштирилган фото тасвирлари чоп этилган. Унда маълум бўлишича, “фаришта” сўзини “эшитган” сув кристали гулчамбар шаклини, “шайтон” сўзини “эшитган” сув кристали қоронғи ўра шаклини, “муҳаббат” сўзини “эшитган” сув кристали олтибурчакли гул шаклини, “жонимга тегдинг” сўзини “эшитган” сув кристали қақроқ чўлда қочиб бораётган одам шаклини намойиш қилган. Бир идишдаги сувга ҳам эзгу (“раҳмат”), ҳам ёмон (“кармисан!”) сўзлари эшиттирилганда сувнинг асоси фақат яхши томонга ўзгарган. Яъни Яратганнинг буюк неъмати бўлган сув эзгуликнинг ёвузлик устидан ҳамиша ғолиб эканини ўзига хос тарзда исботлаган.

Тадқиқотлар натижасида “муҳаббат” ва “миннатдорлик” сувни энг гўзал шаклга келтирадиган сўзлар, “нафрат” ва “лоқайдлик” эса уни энг хунуклаштирадиган сўзлар экани аниқланган. Демак, 70 фоизидан кўпроғини сув ташкил этган одам ўзига нисбатан кўрсатилган меҳр-муҳаббат боис яйраб-яшнайди.  Фаолиятидан миннатдор бўлса, қалби қувончга тўлади, яшаради,  соғлиги яхшиланади, руҳи кўтарилади. Бундан келиб чиқадики, инсон нафақат руҳий-маънавий жиҳатдан, балки  кимёвий тузилиши нуқтаи назаридан ҳам эзгуликка, эзгу ниятга мойил қилиб яратилган. Ёвузлик инсонни қаритади, қуритади, эзгулик эса яшнатади. Бир қарашда ўзгаларнинг ёмонликларидан жабрдийда инсон, айни пайтда жафокор ҳам. Демакки, инсоният таназзули ҳам, камолоти ҳам маълум даражада сув воситасида амалга ошади. Аниқ айтганда, сувга Яратган томонидан шундай вазифа юкланган. 

Шундай экан, эзгулик ҳам, ёвузлик ҳам, у қайси шаклда бўлмасин, сувнинг “нигоҳи”дан қочиб қутула  олмайди. Сув эса фақат бундай ахборотни англаш, хотирасида сақлаб қолиш билангина чекланмайди. У барча ахборотларни одамнинг ўзига, коинотга узатади.

Олтой политехника институти профессори Павел Госьков лабораториясида қизиқ бир тажриба ўтказилган: 60 литр водопровод сувига 10 миллилитр дуо ва яхши сўзлар билан покланган сув аралаштирилганда натижа ўта ижобий бўлиб чиққан. 10 миллилитр покиза сув таъсирида 60 литр сув тўла покланган.

Австриялик табиатшунос олим Алоис Губернинг EWO тозалаш системаси қуйидаги тамойилга асосланади: “Табиат қўйнида тошдан-тошга сакраб, эркин юрган сув EWO спиралига йиғилиб, янада ижобий ахборотлар билан бойитилади. Сўнгра мегаполис аҳолисини таъминлайдиган водопровод сувига етарли миқдорда аралаштирилади. Натижада ўлиш даражасига келган водопровод суви эзгу зарядлар билан тўйинган ҳолда ўз йўлида давом этади. Асаблари таранг, цивилизациядан чарчаган шаҳар аҳолисига эзгулик энергиясини олиб боради”.

Тадқиқотчилар эътирофига кўра, яхши сўз ва таъсир ёрдамида том маънода покланган покиза сув кўплаб жиддий касалликларга шифо бўлади. Бундай сув таъсирида ошқозон-ичак фаолияти яхшиланади,ҳужайралар турли заҳарли унсурлардан тозаланиб, кексайиш жараёни секинлашади, иммунитет кучаяди, уйқуда хотиржамлик пайдо бўлади, тери ва соч таркиби яхшиланади, бош оғриғи кетади, қон босими мўътадиллашади, қанд касали билан оғриганларда қанд миқдори меъёрга тушади, меҳнат фаолияти яхшиланади...

Буларнинг бариси бир қарашда афсона бўлиб туюлади. Бироқ боболаримиз, момоларимизда сақланиб қолган олтин, кумуш, мис асосли ҳадис ҳикматли сўз, шеър, лоақал бирор нақш зарб этилган сув идишларнинг сири нимада? Шарқ подшолари саройларидаги ҳовузлар ҳам бундай безаклардан холи бўлмаган. Улар фақат безак вазифасини ўтаганмикан? Йўқ, шубҳасиз, улар сувни ҳар хил манфий унсурлардан поклашга хизмат қилган.

Ўзбекнинг никоҳ маросимларида келин-куёв ўртасига, албатта, нафис безакли идишда сув қўйилади. Никоҳда икки қалб Оллоҳ номи билан боғлангач, ушбу аҳдга гувоҳ бўлган сув уларга ичирилади. Ислом оламида Қуръон оятларини ўқиб сувга  дам солиш,  шу сувни ҳожатмандга ичириш анъанаси бор. Бундан ташқари, кенг чинни лаганларнинг ичкари томонига заъфарондан тайёрланган сиёҳ билан турли  сураларни ёзиш, ёзув қуригач, шу идишга сув қўйиб, бир, уч, етти ёки қирқ кун ўтказиб беморга ичириш орқали муолажа усуллари ҳозир ҳам учрайди. Менимча, буларнинг барчаси сувга шифобахш, ижобий зарядларни сингдириб, бемор танасини, тубан ахлоқни, беором руҳни даволашдан бошқа ҳеч нарса эмас. Фақат биз сўз юритган поклаш ва даволаш усулларининг биринчиси тажриба билан, иккинчиси эса иймон билан англанган илм эканини қайд этиш жоиз.

Узоқ ЖЎРАҚУЛ.


Комментариев нет:

Отправить комментарий