ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 1 июня 2018 г.

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в) қарамоғларидаги бола эдим ва мен овқатланаётган пайтимда қўлларимни овқат идишнинг ҳар қаёғига чўзар эдим. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в) менга шундай дедилар: «Эй болакай! Овқат еяётганингда Аллоҳ номини тилга ол (яъни, “Бисмиллаҳ” билан бошлагин) ва ўнг қўлинг билан егин ва (овқат идишининг) сенга

яқин бўлган жойидан егин». Ўшандан буён мен овқат еяётганимда шу кўрсатмаларга амал қилиб келдим.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз саллоллаҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Мўмин одам бир ичакда овқат ейди (яъни, оз овқатга қаноатланади) ва кофир одам эса етти ичакда ейди (яъни, жуда кўп овқат ейди).
Очкўзлик ҳам бир иллат. У дангасаликни, қалби қораликни, руҳий чарчоқни келтириб чиқаради. Бундан ҳам аянчлиси саломатликка жиддий хавф туғдиришидир.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Мен (бирор нарсага) суянган ҳолда овқат емайман», дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳеч қачон таклиф қилинган бирор бир овқатни танқид қилмаганлар. Агар (таклиф қилинган) овқатни ёқтирсалар уни ер эдилар ва агар ёқтирмасалар у овқатни емай қолдирар эдилар.

Кўпчилик таомнинг тузи кўп ёки кам бўлса, мазаси бироз бошқача туюлса, дарров таомнинг камчилигини айтишга тушиб кетишади. Аммо мўмин киши бундай қилмаслиги лозим, бу борада ҳам Расули акрам чиройли ўрнак кўрсатганлар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в) ширин егуликларни ва асални яхши кўрар эдилар.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Ким ҳар куни эрталаб Ажва ҳурмосидан етти донасини эса, у одам ўша куни сеҳрдан ва заҳарланишдан омонда бўлади», дедилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбармиз (с.а.в): «Ким саримсоқ ёки пиёз еган бўлса, у биздан нари турсин (яъни, масжидга кирмасин)», дедилар.

Саримсоқ ва пиёз сингари сабзавотлар ўзидан ўткир, нохуш ҳид чиқаришади. Гарчи уларнинг саломатликка фойдаси кўп бўлсада, уни истеъмол қилиб, масжидга кирилмайди. Чунки жамоат жойида одамларни безовта қилиб қўйишлари мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: «Сизнинг хизматкорингиз сизга таом келтирган пайтда, сиз уни бирга ўтириб шу овқатдан тановул қилишга чорламасангиз ҳам, энг камида шу овқатдан озгина олишликка буюринг. Чунки у шу овқатни таёрлаш вақтида иссиғидан қийналган ва шу овқатни чиройли қилиб пишириш учун машаққат чеккан».

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Агар (ҳуфтон) намозига қомат айтилса ва ўша пайтда кечки овқат сузилса, сиз биринчи овқатингизни тановул қилинг», дедилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий