ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 9 января 2018 г.

Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш мумкинми?

Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш мумкинми?
Савол: Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш мумкинми? Масалан, кўзи касал бўлган инсон Аллоҳнинг Басир (кўрувчи) исмини кўзига ўқиши ва ҳоказо… Жавоб: Алҳамдулиллаҳ;
Охирги вақтларда одамлар ўртасида Аллоҳ таолонинг исмлари билан даволаниш кенг тус ола бошлади. Халқ орасида Аллоҳ таолонинг исмлари, ёнида эса шу исм орқали даволанадиган касаллик ёзилган варақалар тарқалди. Аллоҳ таолонинг исмлари орқали даволашни кашф қилганини даъво қилаётган шахснинг исми Иброҳим Карим. У биогеометр илмининг ихтирочиси. Иброҳимнинг даъвосига кўра, Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари бир қанча касалларни даволаш хусусиятига эга. Унинг кашфиётича, Аллоҳ таолонинг ҳар бир гўзал исми иммунитетни инсон танасидаги
маълум бир аъзода кучайтириш хусусиятига эга. Иброҳимнинг айтишича, у частота қонунини татбиқ қилиш орқали Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бирини айтишнинг ўзи инсон жисмидаги ҳужайраларнинг ҳаракат тизимини яхшиланишига сабабчи бўлишини ихтиро қилган. У уч йил давом этган изланишидан сўнг хулосасини бир жадвал шаклида инсонларга тақдим этди. Жадвалда муайян касаллик ва шу касалликни даволайдиган Аллоҳ таолонинг исми берилган. Масалан, қулоқ касалликлари учун Аллоҳ таолонинг Самеъ исми такрорланади. Раззоқ исми ошқозонни, Жаббор исми умуртқа поғонасини, Роуф исми йўғон ичакни, Нофеъ исми суякларни, Ҳай исми буйракни, Бадеъ исми сочни, “Жалла жалолуҳ” соч кепагини, Нур, Басир ва Ваҳҳоб исмлари кўзни даволар экан. Даволаш услуби қуйидагича, мазкур исм ёхуд исмлар муносиб аъзога ўн дақиқа муддат ўқилади. Иброҳимнинг айтишича, у шуни ҳам кашф қилган: Аллоҳ таолонинг исмини ўқигандан сўнг ортидан шифо оятлари ўқилса, даволаниш жараёни янада тезлашар экан. Шифо оятлари қуйидагилардир:
1) “Ва мўмин қавмнинг қалбига шифо беради” (Тавба: 14);
2) “Ва у (яъни Қуръон) қалбдаги дардларга шифодир” (Юнус: 57);
3) “Унда (яъни асалда) инсонларга шифо бор” (Наҳл: 69);
4) “Биз шифо ва раҳмат бўлган Қуръони нозил қиламиз” (Исро: 82);
5) “Агар мен касал бўлсам, У менга шифо беради” (Шуаро: 80);
6) “Айтинг, бу Қуръон иймон келтирганлар учун ҳидоят ҳамда шифодир” (Фуссилат: 44). Кашфиётга раддия Биринчидан: даволаниш ё ҳиссий сабаблар билан бўлади, ё шаръий сабаблар воситасида бўлади. Ҳиссий ва моддий сабаблар билан даволанишда тажрибага таянилади. Шаръий сабабларда эса қайси нарса даво бўлиши, даволаш услуби қандай бўлиши ҳамда у қандай касалликларга даво бўлиши шариатда баён қилинган бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг исмларини ўқиш даволанишнинг шаръий сабабларидан саналади. Иброҳим Карим ўзининг бу кашфиётига бирон бир шаръий далил келтирмаган. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг муайян исмларини ўқиш маълум касалликларга даво бўлишига сабаб экани асоссиз гап бўлади. Иккинчидан: мазкур жадвалда Аллоҳ таолонинг исмларидан деб саналган баъзилари Аллоҳ таолонинг исмларидан эмас. Масалан, “жалла жалолуҳ” Аллоҳ таолонинг исми эмас. Агар шу сўз ҳам муайян касалликка даво бўлган бўлса, демак, Аллоҳ таолонинг исмларидан бошқаси ҳам маълум касалликларга даъво бўларкан, деган хулоса чиқади. Қолаверса, Рашид, Рофеъ исмлари Аллоҳ таолонинг исми эканига далил йўқ. Тўғри, имом Термизий ривоят қилган ҳадисда мазкур исмлар Аллоҳ таолонинг исмлари қаторида саналган. Бироқ у ҳадис заиф. Бу сўзлар Аллоҳ таолонинг исми эмас, сифати десак янада тўғрироқ бўлади. Учинчидан: бирон далилга асосланмаган ҳолда Аллоҳ таолонинг муайян исми маълум бир касалликка даво бўлади деб, даволаш услубини ҳам ихтиро қилиш Аллоҳ таоло ҳақида илмсиз гапириш остига киради. Бу эса ҳаромдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Раббим ички ва ташқи барча ёмон ишларни, гуноҳларни, ноҳақ зулм қилишни, Аллоҳга далил нозил қилмаган нарсани шерик қилишингизни ва Аллоҳ ҳақида илмсиз – билмасдан гапиришингизни ҳаром қилди, – деб айтинг” (Аъроф: 33). Тўртинчидан: Доимий фатво қўмитасидан мазкур жадвал ҳақида сўралганида унга амал қилиш жоиз эмас, Аллоҳ таолонинг исмларини бу услубда ўқиш уларни оёқ ости қилишнинг бир кўриниши деб фатво берганлар. Хулоса шуки, мазкур жадвалга асосан амал қилиш ва одамлар ўртасида жадвални тарқатиб, бошқаларни ҳам унга тариб қилиш ҳаром. Ушбу жадвални тарқатаётганларни бу ишдан огоҳлантириш лозим, валлоҳу аълам. Фатвони тайёрлашда IslamQA саҳифаси маълумотларидан фойдаланилди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий