ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 7 января 2018 г.

Юлдуз Орипова укасини айбдор қилиш нияти йўқлигини гапирди

Абдулла Орипов мероси талашми? Ёхуд Юлдуз Орипова укасини айбдор қилиш нияти йўқлигини гапирди
Орипова шоирнинг қизи, у билан боғлиқ нарсага қўл урганда, бегона одам сифатида иш қилолмайди, унинг зурриёти экани ёзган ҳар сатрида сезилиб туради. Шу сабаб укаси ва отаси ҳақидаги воқеаларни қоғозга тушираётиб, бироз ҳаяжонга берилган бўлиши ҳам мумкин

Аввалоқ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипова отаси билан боғлиқ хотираларини қоғозга тушириб, “Отамга мактублар” номли китоб чоп этиш арафасида тургани ҳақида хабар
берган эдик.

Биз шоирнинг қизи билан боғланиб, ушбу китобдан парчаларни “Qalampir.uz” сайтида бериб боришини сўрадик. Хотиралар ҳали берилмай, Юлдуз Орипованинг китобидан жой олажак айрим воқеалар сайтимизда берилгач, одамлар орасида катта шов-шувларга сабаб бўлди.

“Qalampir.uz”да берилган мақолада Юлдуз Орипова отаси ва укаси ўртасида кичик келишмовчилик бўлгани, укаси отасини ранжитгани ҳақида ёзилган эди. Аслида бундай воқеалар қайси оилада бўлмайди дейсиз? Шоир ё ўқитувчи, шифокор ё технолог – ҳар бир оилада ўзига яраша келишмовчиликлар учрайди. Фақат кимникидир тўрт девор ичида, кимникидир ўртада, халқ кўз ўнгида.

Юлдуз Орипованинг хотиралари “Qalampir.uz” сайтида анонс сифатида берилганиданоқ, одамлар опа-уканинг муносабатларига дарс кетган, ўртада мерос талашиш бошланган деган тахминларга боришди. “Юлдуз Орипова иқрори: “Отам зурриёти ҳаётига нуқта қўйишини сезгандилар” номли мақолани “Юлдуз Орипова отасининг ўлимида укасини айблади” деб ёзиб чиққан ОАВлар ҳам бўлди. Бу ҳолат эса халқ ичида обрў-эътиборга эга бўлган оила вакиллари учун жуда катта ва исботсиз айблов.

Ёзувчи бирор асарни ёзаётганида бадиий тўқималардан фойдаланади, ижод намунасини турли образлар билан бойитмоқчи бўлади. Қаҳрамонларнинг бирига ижобий, иккинчисига салбий характер беради. Тўғри, Юлдуз Орипованинг китоби бадиий асар эмас, эссе жанрида ёзилмоқда. Бироқ, Орипова шоирнинг қизи, у билан боғлиқ нарсага қўл урганда, бегона одам сифатида иш қилолмайди, унинг зурриёти экани ёзган ҳар сатрида сезилиб туради. Шу сабаб укаси ва отаси ҳақидаги воқеаларни қоғозга тушираётиб, бироз ҳаяжонга берилган бўлиши ҳам мумкин. Юлдуз Орипованинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида шундай ёзади:

“Азиз дўстларим! Сизларга маълумки, шу кунларда мен Отажонимга бағишланган китобимдан парчаларни ёзиб, сизларга тақдим этмоқдаман! Лекин айрим сайтлар мени ёзганларимни ўзлари чоп этиб, “Юлдуз Орипова отасининг ўлимида укасини айбламокда” деган сарлавҳа билан қўйишибди! Бу қанчалик худбинлик! Ахир бу менинг хотираларим, китобда албатта бадиий тўқималар ҳам бўлади, фалсафий ёндашилади! Давомини ўқимасдан, билмасдан туриб, бундай ёмон сарлавҳа билан айрим журналистлар пиар орқасидан қувиб, ўзларини кўрсатиши шартмикан!

Хар бир инсоннинг хаётида, турмушида яхши ва ёмон кунлар бўлади, чиройли хотиралар қолади! Раҳматли Отажоним жуда чиройли ҳаёт кечирдилар, афсуски, бу Яратганнинг иродаси – бизни ёшлатиб, бу дунёни тарк этдилар!

Айрим ўқувчиларимга ҳам шуни маълум киламанки, оиламизда мерос талашиш можароси чиққан деб ўйлаган инсонларга, бу ҳакикатдан йироқ, албатта! Отамдан қолган бебаҳо мерос, бойлик – бу падаримнинг бетакрор шеърлари ва ижодидир! Отамни мероси халққа ва келажак авлодларга тегишли!

Китобимдаги хотираларим – бу меники, у ерда кимнидир айблаб, оиламизни, шахсан укамни кимгадир ёмон кўрсатиш ниятидан йироқман! Қалбимдаги айрим оғриқли дақиқаларни ҳам китобимда ёзганман ва бу билан кимдир мени айблашга хам ҳаққи йўқ деб биламан!

Бир нарсани аниқ айтишим мумкин: биз Отажонимни қадрлаб яшаганмиз ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Улар ҳамиша калбимизда мангу яшайдилар! Илоҳим, жойлари жаннатдан бўлсин отагинамнинг!

Мени тўғри тушунасиз, деган умиддаман”.

Абдулла Орипов – элнинг буюк шоири, ўзбек адабиётидаги нодир асарлар, шеърий сайланмалар муаллифи. У умри давомида эл-юрт эъзозида бўлди. Шоир Ўзбекистон мадҳиясини ғурур билан айтаётган ўғлонлар, юрт келажаги учун илм-фан, маърифат йўлини тутган қизлар кўксида. Бизнингча, мадҳиямиз янграган заҳот кўксимизга қўл қўйишимиз, нафақат давлат мадҳиясига, балки унинг муаллифига бўлган ҳурматимиз намунасидир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий