Рўза: Аёл киши эридан берухсат нафл рўза тутмаслиги(8) Аёл киши эридан берухсат нафл рўза тутмаслиги Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аёл киши эри уйида экан ундан берухсат (нафл) рўза тутмасин»[1]. Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида шундай дейилади: «Аёл киши эри уйида экан, рамазондан бошқа пайтда ундан берухсат бир кун (ҳам) нафл рўза тутиши ҳалол бўлмайди»[2]. Ҳадисдан тушуниладики, аёл кишининг эри сафарда бўлса, ундан берухсат нафл рўза тутиши жоиз. Абу Зуръа роҳимаҳуллоҳ айтади: «Эр касаллиги ёхуд шу каби ҳолатлар сабабли аёли билан «кўнгилхушлик» қилишга имкони бўлмаслиги (аёл эридан берухсат нафл рўза тутиши борасида) мазмунан унинг уйда йўқлиги билан
баробардир». Эслатма: (1) Инсон бажариш вақти бемалол ёки тиғиз бўлишидан қатъий назар, фарз амални бузиши жоиз эмас. Айтайлик, биров фарз намозни дастлабки вақтида бошлаб, сўнг кейинроқ ўқиш ниятида намозни бузиши жоиз эмас. Рўза ва бошқа фарз амаллар ҳам шундай. (2) Нафл рўзани бошлаган инсонга уни охиригача давом эттириш вожиб бўлиб қолмайди. Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунлардан бирида аёлларининг (Ойша розияллоҳу анҳонинг) олдига кириб: «(Ейишга) бирон нарса борми?», деб сўрайдилар. Улар: «Ҳа, уйда ҳайс[3] бор», дейишади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша розияллоҳу анҳога: «Кўрсатингчи? Мен эрталаб рўза тутишни ният қилувдим», дейдилар. Ойша розияллоҳу анҳо таомни кўрсатади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ейдилар»[4]. Шунга қарамай, инсон нафл рўзани бирон жўяли сабабсиз бузмаслиги лозим. (3) Рожиҳ фикрга кўра, нафл рўзани бузган киши қазосини тутиб бериши вожиб эмас, валлоҳу аълам. [1] Бухорий (5192), Муслим (1026), Абу Довуд (2458), Термизий (782), Ибн Можа (1761) ривояти.
[2] Доримий (1720) ривояти. Ҳадисни шайх Албоний «Ас-силсилатус саҳиҳа»да (395) саҳиҳ деган.
[3] Ҳайс – хурмо, пишлоқ ва сариёғ омухтасидан тайёрланган таом номи.
[4] Муслим (1154), Абу Довуд (2455), Термизий (734), Насоий (4/195) ривояти.
Комментариев нет:
Отправить комментарий