ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 18 ноября 2017 г.

КАТАРАКТА ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК

КАТАРАКТА ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК
Катаракта қандай касаллик эканлиги, унинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари, даволаш усуллари, керакли даво чоралари, туғма катаракта ва шу каби бошқа кўринишлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун мутахассис шифокор, профессор Абдуқодир САТТОРОВга мурожаат қилдик.
Сочларга оқ тушиши, терининг ўз таранглигини йўқотиб, осилиб қолиши каби кўзлар ҳам йилдан-йилга турли ўзгаришларга дуч келади. Уларнинг аксарияти ёшга боғлиқ оддий жараён бўлишига қарамай, шу билан бир қаторда умуман бошқа омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бундай нотабиий ўзгаришлар кўз нурига таъсир кўрсатувчи жиддий муаммоларнинг ривожига

асос бўлиши мумкин.

Тўғри, кўпчилик одамлар кўз касалликларига дуч келиш-майди. Уларга келажакда фақатгина ўқиш учун кўзойнак ва янада кучли ёруғлик керак бўлади халос. Бироқ, бу кўз шифокори кўригидан ўтиш мажбуриятидан халос этади дегани эмас, албатта. Бугунги кунда кенг тарқалган кўз касалликлари глаукома ва катаракта ҳисобланади.
КАТАРАКТА ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?
Катаракта-кўз касаллиги бўлиб, унда кўз гавҳарининг хиралашиши, яъни кўз кўриш қобилиятининг пасайиши кузати-лади. Дунёда катаракта касаллигига аҳолининг 3 % и учрайди.

Бугун катаракта лазер жарроҳлик йўли билан олиб, ташланади, бошланғич даврда эса ультратовуш билан даволаш усули қўлланилмоқда. Катаракта олиб ташлангандан сўнг, кўз нурини тиклаш мақсадида сунъий гавҳар-интроокуляр линза қўйилади. Суньий гавҳар қаттиқ ва юмшоқ бўлади. Юмшоқ линзалар бутун умрга ўрнатилади. Улар табиий гавҳар каби яқин ва узоқ масофани кўзойнаксиз кўра олиш имкониятини беради.
Катаракта: Агар кўзни фатоаппарат деб тасаввур қилсак, демак гўз гавҳари абъектив вазифасини ўтайди. Қачонки гавҳар яхши ишласа, биз атрофдаги нарсаларни яққол кўра оламиз. Бироқ гавҳар хиралашиб қолса кўриш қобилияти ёмонлашади. Айнан шу ҳолат катаракта дейилади.
КАТАРАКТА КАСАЛЛИГИНИНГ САБАБ
ВА ОҚИБАТЛАРИ
Катаракта ҳақида сўз юритилганда, одамлар одатда кўзнинг юза қисмида ўсаётган ва кўз нурининг ёмонлашувига олиб келадиган парда кўз олдиларида акс этади. Бироқ катаракта кўзнинг юзида эмас, балки ички қисмида пайдо бўлади. Умуман олганда, катаракта қарилик белгиси, оддий жараён ҳисобланади. Бу касаллик кўз касалликлари орасида кўп учрайдиган тури бўлиб, 40 ва ундан ортиқ ёшга кирган одамларда кўриш қобилияти пасайишининг сабабларидан ҳисобланади. Ёшга боғлиқ катарак-тадан ташқари, гавҳарнинг бирор шикаст етганлиги натижасида хиралашиши ҳам кузатилади.

Катарактанинг юзага келишида қуйидаги моддалар етишмовчилиги ҳам сабаб бўлади: витамин С таъсирини оширувчи кальций, аминокислоталарнинг манбаи-протеинлар сир эмаски, кўп қари одамлар таркибида керакли аминокислаталарнинг комплекси мавжуд бўлган гўшт ва оқсилларни деярли истеъмол қилишмайди.

40 ёшга келиб пресбиопия (яқинни кўра олмаслик) ривожланиб, бирор нарсани ўқиш учун “+” кўрсаткичли кўзойнакдан фойдаланилади. Агар кўзойнакнинг кучи 3Д (яъни +3) дан ошмаса, бу кўз нурининг ёш билан боғлиқ ўзгариши ҳисобланади, ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Узоқни эса илгаригидек яққол кўра олади.

Гавҳарнинг хиралашиши катарактадан далолат берар экан, одамда уни кўзнинг узоқ ва яқин масофани кўра олмаслигида ва кўз ойнакнинг умуман фойда бермаётганлигида аниқлаш мумкин бўлади. Ўз вақтида олдини олмаслик хиралашиш даражасининг ўсиши ва кўзнинг ёрқин ёруғликдан бошқа ҳеч нарсани кўра олмаслиги даражасигача олиб келиши мумкин.

Кўз нурининг 30 % га пасайиши кузатилган катарактанинг илк босқичларида кансерватив даволаш усули, яъни таркибида маҳсус витаминлар мавжуд бўлган томчилаб ишлатиладиган суюқ дориларни томизишдан фойдаланилади. Бироқ бу муолажа кўзнинг кўриш қобилиятини тикламайди, касалликнинг ривожланиш жараёнини секинлаштиради халос. Кўз нури 30 % дан пасайиб борганидагина жарроҳлик усули қўлланилади.
КАТАРАКТА БЕЛГИЛАРИ:
* 1 ёки иккала кўзингизда парда ҳосил бўлиши, яъни терлаган шиша ортидан кўраётгандек белгилар сезилиши.
* Узоқни кўра олмаслик даражасининг ошиши ёки пайдо бўлиши (агар катаракта аввалам бор гавҳарнинг маркази-ядросида пайдо бўлиш билан боғлиқ бўлса).
* Гавҳарнинг хиралашишига олиб келиши мумкин бўлган турли омилларнинг мавжудлиги.
Бу белгилар кўз шифокори томонидан махсус аппарат орқали текширилгандан сўнггина аниқланади.
КАТАРАКТАНИ ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ:
Катарактани даволашининг турли усуллари мавжуд бўлиб, кўз томчилари билан даволаш ва жарроҳлик йўли шулар жумласидандир. Барча жарроҳлик амалларининг мақсади ўта хиралашган гавҳарнинг олиб ташланиши ва ўрнига сунъий гавҳар қўйишдир.

Консерватив даволаш усули (кўз томчилари томизиш) эса одатда касаллик ривожланишини тўхтатиб қўйиши мумкин, лекин бутунлай даволай олмайди. Шунинг учун консерватив даволаш катаракта ривожланишининг бошланғич даврида қўлланилинади. Баъзан жарроҳлик амалини қўллаб бўлмайдиган ҳолатлар ҳам бўлади. Шунда лазер даволашнинг асосий усулига айланади. Катаракта узоқ давом этувчи касаллик ҳисобланганлиги учун томчилар билан даволаш усули давомий қўлланилиши керак. Катарактани даволаш учун турли хилдаги кўз томчилари мавжуд, бироқ айнан сизга керак бўлганини фақатгина мутахасис-офтаьмолог (кўз шифокори) кўригидан сўнг тавсия этиши мумкин.
Даволаш жараёнидаги катта танаффуслар катарактанинг етилишига сабаб бўлади. Бундай ҳолларда бугунги кунда замонавий усулларидан бири ҳисобланган-ультратовуш факоэмуль-сифакациядан фойдаланилади. Унда сунъий гавҳар ҳеч қандай чораларсиз кичик кесиш орқали қўйилади.
АТКИНСОННИНГ ҒАРОЙИБ ТАЖРИБАСИ
Америкалик шифокор Дональд Т. Аткинсон 11 йил давомида катарактага учраган 450 нафар беморни кузатди. Унинг текширувлари натуропат-шифокорларнинг фикрини тасдиқлади, яъни уларнинг айтишича, катарактанинг ривожланиши гавҳарнинг сувсизланиши билан боғлиқ. Гап шундаки, кўз гавҳарида эмас, уни кўз шоҳ пардаси ва гавҳар орасида жойлашган камера суюқлиги таркибидаги озуқавий моддалар билан таъминлаб туради. Шу сабабли, сувсизланиш жараёнида гавҳар керакли озуқани ололмайди.

Аткинсон катарактаси бор одамларнинг овқатланиш тартибини ўрганиб чиққанида, уларнинг аксарияти янги узулган мева-сабзавотлардан кам истеъмол қилганлиги, консерваланган маҳсулотлар ва оқ нонни кўп еганлигига эътибор қаратди. Оқибатда, улар табиий маҳсулотлар таркибида мавжуд витамиларни деярли истеъмол қилмаган. Витаминларсиз эса, аллақачон фан билан исботланганидек нафақат катаракта, балки турли касалликлар келиб чиқиши мумкин.
КЎЗ НУРИ УЧУН ҚАНДАЙ ДАРМОНДОРИЛАР КЕРАК?
Кўз нури учун витамин С, айниқса, фойдали. У эркин радикаллар шикаст етказиш ҳаракатининг олдини олади. Қари одамларга бу витамин жуда зарур. Улар ёшларига нисбатан бу витаминни анча кўп истеъмол қилиши керак. Кўз саломатлигида витамин ретинол (лотин тилидан retina-тўр парда, судралиб юрувчилар тўр пардасида топилгани сабабли шу номга сазовор бўлган), рибофлавин, яъни витамин В2 ҳам жуда муҳимдир
Аткинсон катарактанинг бошланғич босқичида бўлган беморларига мана шу озуқавий моддаларини ўзида мужассам этган парҳезни тавсия қилган эди. Натижада, парҳезга амал қилган беморларда катарактанинг кучайиши тўхтайди ва баъзиларда ҳатто кўз гавҳарининг тиниқлашиши кузатилади.
ТУҒМА КАТАРАКТА:
Бу касаллик чақалоқда туғилиши билан аниқланади умуман олганда бу она қорнидаги эмбрион (муртакка) таъсир этувчи патологик жараёнлар асоратидир. Қизилча каби касаллик бунга мисол бўла олади. Эмбрионологик ривожланиш даврида катаракта фақатгина гавҳарнинг ядросида жойлашиб, вақт ўтиши билан ривожланиши ва баъзи ҳолларда бутун гавҳарни қамраб олиши ҳам мумкин.

Агар янги туғилган чақалоқнинг кўзи катаракта туфайли ёмон кўриши аниқланса, бунда ҳеч қандай фожеа йўқ. Замонавий жарроҳлик воситалари ёрдамида боланинг кўз нурини тиклашга ёрдам бериш мумкин.

Болани ўз вақтида мутахасис қўлига топшириш жуда муҳим. Чунки амални иложи борич тезроқ (бола 1 ёшга тўлганига қадар) ўтказиш даркор. Бу тўр парда ва кичкина беморнинг кўр бўлиши, касалланган кўзнинг етарли даражада фаол эмаслиги натижасида кўриш нерв марказлари дегенерациялашуви хавфининг олдини олишда қўл келади.

Бироқ агар хиралашув кенг қамровли ва деярли бутун гавҳарни қоплаётган бўлса, зудлик билан жарроҳлик амалииётини ўтказиш зарур.
УЛЬТРАБИНАФША НУРЛАРИДАН
ҲИМОЯЛАНИНГ

Замонавий тиббиётда аниқланишича ҳаддан зиёд қуёшда юриш тери саратонига учраш эҳтимолини оширади, бундай пайтда ультрабинафша нурларидан ҳимояланиш керак, бироқ бу нурларнинг зарари терига нисбатан кўзларимизга тезроқ ва кучлироқ таъсир ўтказади. Ультрабинафша нурларининг давомий таъсири катарактанинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, тери саратони юзага келиши учун анча вақт талаб этилса, кўзларга зарар етказишда эса ультрабинафша нурларининг оз миқдори ҳам етарли.

Шунинг учун қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак харид қилишдан аввал, унинг ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилиш-қилмаслигини аниқланг. UV-фильтр (ульрабинафша нурларига қарши) бўлмаган кўзойнак ёхуд линзалар зарар етказиши мумкин. Бу айниқса, тўқ рангдаги линзаларга тегишли, чунки улар ёруғлик нурини тўхтатади, қорачиқни кенгайтиради ва бу билан ультрабинафшанинг кучли ҳужумига имконият яратади.

Ҳа, азизлар, бу ҳолатларга жиддий эътибор бериш кераклигини унутманг. Ана шундагина кўзларингизни ҳимоя қила оласиз.

Саломат бўлинг!
Зулфизар ИСОҚОВА ёзиб олди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий