ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 31 октября 2017 г.

Туркия мустақиллигининг 94 йиллиги Тошкентда тантанали равишда нишонланди

Туркия мустақиллигининг 94 йиллиги Тошкентда тантанали равишда нишонланди
Тадбирда турк халқининг миллий қўшиқлари, мусиқалари, ҳатто ўзбекистонликларга сериаллар орқали яхши таниш бўлган машҳур тароналар ҳам ижро этилди.
Ўзбекистон Республикаси дунё ҳамжамиятига ўзини мустақил давлат сифатида эълон қилганда, буни биринчилардан бўлиб Туркия тан олиб, дўстона ҳамкорлик қўлини узатган эди. Бугунги кунга келиб ҳам Туркия Ўзбекистоннинг энг ишончли ҳамкорларидан бири
саналади.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик самараси ўлароқ бир қатор лойиҳалар амалга оширилди.

2016 йилнинг ноябрь ойида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги даврни бошлаб берган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафтада Туркияга амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамият касб этиб, муносабатларни янада мустаҳкамлади.

29 октябрь куни Туркия Республикаси мустақиллигининг 94 йиллигини нишонлади. Бундан 94 йил аввал, Мустафо Камол Отатурк томонидан ташкил этилган Туркия давлати бугун жаҳонда ўз ўрни ва мавқеига эга.

Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси мамлакатимизда самарали фаолият олиб бормоқда. Кеча, 30 октябрь куни Туркия Республикаси ташкил топганининг 94 йиллиги муносабати билан Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида қабул маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмед Башар Шен, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, элчихоналар ва дипломатик корпуслар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, тадбиркорлар, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турклар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маросим Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Давлат мадҳиялари садоси билан старт олди. Тадбирда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмед Башар Шен сўз олиб, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг мамлакат мустақиллигининг 94 йиллиги муносабати билан тайёрланган нутқини ўқиб эшиттирди.

Тадбирда турк халқининг миллий қўшиқлари, мусиқалари, ҳатто ўзбекистонликларга сериаллар орқали яхши таниш бўлган машҳур тароналар ҳам ижро этилди.
Маълумот учун, Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2016 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг тўққиз ойида товар айирбошлаш ҳажми 29 фоизга ошди. Ўзбекистонда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари аккредитация қилинди.
Ҳозирда Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлиги янада кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланганини алоҳида қайд этиш лозим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий