ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 7 апреля 2020 г.

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИДА БУРИЛИШ ЯСАГАН КАШФИЁТ


Abduqadir Sattarov, [08.04.20 05:19]
Мадрахим Сафарбаев
6 апреля в 22:07 · 
Ғалабанинг 75 йиллигига
ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИДА БУРИЛИШ ЯСАГАН КАШФИЁТ
Фан – табиат, жамият ва тафаккурнинг тараққиёт қонуниятларини очиб берувчи ҳамда ўзи эришган натижалар билан атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи билимлар тизими. Фан миллат ва динни, ирқ ва ҳудудни танламайди. Фан арбобларининг мероси ҳам қайси миллат вакили бўлишидан қаъий назар инсоният мулкидир. Ал-Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий маънавий мероси бутун инсониятга бирдай хизмат қилгани каби, Аристотель, Ньютон, Ломоносов, Шекспир, Гёте маънавий мероси ҳам барчага бирдай дахлдордир. Буюк ғалабага катта ҳисса қўшган олимлар ҳам қайси миллат вакили-ю, қайси эътоқодга мансублигидан, сиёсий тўсиқлардан қатъий назар, тинчликсевар инсоният томонидан фахр билан эсга олинаверади...
Фашистлар Германияси собиқ СССР билан тинчлик тўғрисидаги сулҳни бузиб иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетгач, 1941 йилнинг ноябрь ойида Москва хавф остида қолди. Мамлакатнинг Европа ҳудудидаги муҳим ташкилотлар ва ҳарбий заводлар Узоқ Сибирга, Марказий Осиёга ва бошқа жойларга кўчириб ўтказилди. Мамлакат армияси кузга келиб халокат ёқасида турар эди. Армияда “снаряд етишмовчилиги” («снарядное голодание») вужудга келди. Чунки, мамлакатнинг Европа қисмидаги қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган заводлар тўхтаб қолди, қурол-яроғ омборхоналари немисларнинг қўлига ўтди. Қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган заводларнинг атиги 40% шарққа кўчириб ўтказилди, холос. Бунинг устига 71% чўян, 60% пўлат заҳиралари немислар босиб олган ҳудудларда қолиб кетган эди. Қолаверса, стволдаги снарядларнинг портлаш ҳисоб-китоблари маънавий эскириб қолган, у стволдаёқ ёрилиб кетар ва яроқсиз ҳолга келиб қолар эди. Ҳарбий техниканинг кўпгина ҳисоб-китоблари фандаги янги кашфиётлар асосида янгиланишга муҳтож эди. 
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши биланоқ Ўзбекистонда 200 та йирик завод ва кархоналар армияга хизмат қилиш учун қайта ислоҳ қилинди. Мамлакатнинг Европа ҳудудида жойлашган ҳарбий мақсаддаги 100 та завод ва кархоналар Ўзбекистонга кўчирилиб ўтказилди. Шундан, 55 таси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 14 таси Самарқанд шаҳрида, 22 таси Фарғона водийсида, 2 таси Бухоро вилоятида жойлаштирилди. Завод ва корхоналарда иш вақти 11соат қилиб белгиланди, ишга 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркаклар, 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар, баъзида 12 ёшдан катта ўсмирлар ҳам жалб қилинди. Ўша пайтдаги Ўзбекистон аҳолисининг катта ёшдагиларининг 50% фронтга кетгани, қолган ишга яроқли эркаклар фронт ортига – “ишчи батальони”га жўнатилгани учун бу завод ва корхоналарда асосан, аёллар ва ўсмирлар ишлар эди. Ўзбек аёллари шахсий турмушидан ортиб, мислсиз матонат кўрсатдилар.
Ўзбекистоннинг саноати ривожланган биргина Самарқанд шаҳрига Қизил Армиянинг 5 та академияси: С.М.Киров номидаги Ҳарбий тиббиёт академияси, Ҳарбий-химия академияси, Ҳарбий-денгиз академияси, Ҳарбий-ветеринария академияси ва Ф.Э.Дзержинский номидаги Артиллерия академияси эвакуация қилинган. Бундан ташқари 3 та ўрта ҳарбий билим юрти: Воронеж алоқа билим юрти, 2-Харков танк билим юрти ва автомактаб Самарқанд шаҳрига жойлаштирилган. 1941 йил ноябрь ойида Новороссийскдан “Красный двигатель” заводи кўчирилиб, “Колхозчи” заводига жойлаштирилган. Бу завод 1942 йилнинг июнида тракторларга эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш билан биргаликда фронт учун снарядлар ишлаб чиқарган. Самарқандлик кексаларнинг хотирлашича, бу завод сиртдан ўраб олинган бўлиб, у ерга рухсат этилган ишчилардан ташқари ҳеч кимни киритмаган. Поезд фақат кечалари келиб, ҳарбий қурол-яроғларни олиб кетган. Яна кўплаб завод ва фабрикалар кўчириб келтирилганки, улар тез фурсатда фронт учун керак бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқара бошлаган. Ўша пайтда “Ҳамма нарса – фронт учун!” шиори остида Академия ходимлари илмий-тадқиқотлар билан бир қаторда маҳаллий халқни урушга тайёрлаган, қурол-яроғларни ишлатишни ўргатган, ишчилар эса фронт учун зарур кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришган.

Abduqadir Sattarov, [08.04.20 05:19]
Уруш пайтида собиқ СССР ФА Механика институти ҳам Қозон шаҳрига кўчиб ўтди. Бу институтда XX асрнинг даҳо механик олими Алексей Антонович Ильюшин ишлар эди. Икки оғиз сўз А.А.Ильюшин ҳақида. 
У 1911 йил 20 январда Қозон шаҳрида таваллуд топган. 1928 йилда Алексей Ильюшин Қозоннинг энг яхши мактабларидан бирини битказди ва Қозон университетига ўқишга кириш учун ариза берди, аммо ўқишга қабул қилинмади. Ўқишга кириш учун ижтимоий келиб чиқиши савдогар эмас, балки пролетар ишчиларидан бўлиш керак эди ёки ишчи меҳнат стажига эга бўлиши лозим эди. Шунинг учун бўлғуси олим бир ярим йилча “Қизил металлист” кема-ремонт заводида станокчи-ишчи бўлиб ишлади ва 1929 йилда Қозон университетининг физика-математика бўлимига ўқишга қабул қилинди.
1930 йилнинг январида Ильюшин ўқишни Москва давлат университетининг физика-математика факультетига ўтказиб олади ва илм олишга шўнғиб кетади. Кейинчалик Москва давлат университетида кечган талабалик йилларини эслаб Ильюшин шундай ёзади: “Дастлабки икки йилда физика ва математикадан назарий машғулотлар тиғиз олиб борилди. Кейинги икки йилда ўқишлар қуйидаги тартибда давом этди: ҳафтада тўрт кун математика, бундан ташқари, аналитик динамика, аэродинамика, гидродинамика, эластиклик назарияси, гидравлика ва материаллар қаршилиги, яна лаборатория машғулотлари ва махсус курслар (винт ва қанот назарияси, иншоотлар динамикаси ва статика, амалий механика) ҳамда икки кун иш ҳақи тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти. 1930-31 йилларда заводнинг қуйув, чилангарлик, механика цехларида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаганлиги учун физмат факультети талабаларига “механик” унвони берилди” ( См.: А.А.Ильюшин – выдающийся механик современности. – М.: МАМИ, 2013. С.43-44).
А.А.Ильюшиннинг инженерлик ва илмий фаолияти талабалик даврида – 1932 йилнинг баҳорида Марказий аэрогидродинамика институтида (СЛИ ЦАГИ) бошланган. Бу институтга 1918 йил декабрда Н.Е.Жуковский асос солган эди. Бўлғуси олим Жуковскийнинг ғояларига асосланиб самолет тензор инерциясини экспериментал аниқлашнинг янги услубини ишлаб чиқди. Шундан сўнг Ильюшиннинг ўзига хос қобилиятини пайқаган институт маъмурияти уни “Махсус конструкциялар” бўлимига ўтказишди ва 1933 йилда ЦАГИ инженери деган унвон берди.
А.А.Ильюшин талабаликнинг барча даврида фақат талабалар ётоқхонасида яшади. У ерда қувноқ ва шафқатсиз баҳслашадиган Володя Токарев, Митя Мацицкий ва Халил Рахматулиндан иборат “илмий давра” шаклланди. Бу даврага баъзида ижарада яшайдиган Муҳаммад Ўрозбоев ҳам келиб қўшилар эди. Улар умрининг охиригача ҳамфикр, оилавий дўст бўлиб қолдилар, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келдилар. Ушбу талабаликдаги “дўстлик эффекти” механика фанига инқилобий ғояларни ҳадя этиб, янги-янги таълимотларга асос бўлди. Талабаликдан кейин Ильюшин ва Рахматулин Москвада қолиб ҳамкорликда ишлаган бўлсалар, Ўрозбоев йўлланма билан Тошкентга келиб, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтида фаолият олиб борди. Аммо, уларнинг ўртасидаги илмий ҳамкорлик доим давом этиб келган ( Бу ҳақида қаранг: Механиклар учбурчаги. //Механика муаммолари Ўзбекистон журнали. 2016. № 4. 94-97 бетлар).
1933 йилда Ильюшин аэрогидромеханика ихтисослиги бўйича ёзган диплом ишини “аъло”га ҳимоя қилди ва аспирантурага қабул қилинди. Бир вақтнинг ўзида МГУ механика-математика факультети “Эластиклик назарияси” кафедрасида ассистент бўлиб иш бошлади. 1935 йил Механика-математика факультетида “Амалий эластиклик назарияси” курсидан лекциялар ўқиб бошлади. Бир вақтнинг ўзида у “Материалларни синаш” лабораторияси мудири қилиб тайинланади ва мамлакат мудофа саноати корхоналарига маслаҳатчи сифатида ишга жалб қилинади.
1936 йилнинг баҳоридан бошлаб Ильюшин ҳарбий техниканинг янги авлодини яратиш бўйича НИИ-24, ОКБА-46, ОКБ-16, НИИ-13 ва НИИ-45 лойиҳалари устида самарали ишлади. Шу йилларда мамлакат мудофаси учун энг муҳим аҳамиятга эга бўлган ва ҳеч қаерда эълон қилинмаган тадқиқотларни амалга оширди. Ушбу ишлари учун кейинчалик 1940 йил март ойида биринчи “Ҳурмат белгиси” ордени билан мукофотланади.

Abduqadir Sattarov, [08.04.20 05:19]
1937 йил январь ойида “Ёпишқоқ пластик оқим назарияси масалалари” мавзуси бўйича номзодлик, 1938 йил октябрь ойида “Ёпишқоқ пластик жисм деформацияси” мавзуси бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва физика-математика фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. Шу йили унга “Профессор” унвони ҳам берилади.
Уруш бошланган пайтда А.А.Ильюшин ҳарбий техниканинг сир-асрорларини яхши эгаллаган, ҳарбий саноат ходимларининг эътиборини қозонган иқтидорли ёш олим эди. 1941 йил ноябрь ойида А.А.Ильюшин бир қатор ташкилотлар ва мутахассислар билан, жумладан, қурол-яроғ ишлаб чиқариш саноати раси Б.Ванников билан шахсан суҳбатлашгандан кейин “снаряд етишмовчилиги” муаммоси билан икки ойдан кўпроқ кечаю-кундуз шуғулланди.
Аслида “снаряд етишмовчилиги” муаммосини ҳал этиш фикри немислар Донбасс, Запорожье, Днепропетровск ва Мариуполни босиб олганда Ильюшиннинг миясига келган эди. Шу мақсадда ФА Металлургия институти директори Иван Бардин билан пўлатни бошқа металлга алмаштириш ҳақида суҳбатлашди. У эса олимга французлар тажрибасини гапириб беради, мавзуга оид адабиётлар билан танишиб чиқиш учун бир умр етмаслигини тушунтириб, ўзининг иқтидорли шогирди – Челябинск металлургия заводининг цех бошлиғи Алексей Кислицин ушбу масалада ёрдам бериши мумкинлигини айтади.
А.А.Ильюшин “снаряд етишмовчилиги”ни ҳал этишда ёрдам сўраб А.Кислицинга хат йўллайди. Орадан бир ой ўтиб, Челябинскдан А.Кислицин юборган 9 та монографиянинг рўйхатини олади ва Б.Ванниковнинг махсус топшириғи билан бир кун ичида бу адабиётлар олимнинг иш столи устида бўлади. Адабиётлар ичида И.Бардин айтган француз инженери Е.Ронцеренинг “Оддий ва пўлат қоришмали чўян снаряд ишлаб чиқаришга нисбатан изоҳлар” («Заметки относительно производства снарядов из обыкновенного и сталистого чугуна») деб номланган монография ҳам бор эди.
А.А.Ильюшин икки кун ичида бу адабиётларни диққат билан ўқиб, ўзининг қилган тадқиқотлари билан қиёсий ўрганиб чиқди, математик ҳисоб-китобларни қилди ҳамда хулоса сифатида қурол-яроғ ишлаб чиқариш саноати раиси Б.Ванниковга “Техник маълумотнома” тайёрлади. Маълумотноманинг тагида шундай сарлавҳа бор эди: “Пўлат қоришмали чўян маҳсулоти: таркиби, асосий хусусиятлари ва саноатда уни олиш бўйича тавсиялар” (“Продукт СЧ: состав, основные особенности и рекомендации по получению в промышленном масштабе”). Ушбу маълумотнома бор-йўғи 23 саҳифадан иборат эди. Б.Ванников ушбу маълумотномани олиши биланоқ мутасадди раҳбарлар билан Кенгаш ўтказади ва уни ишлаб чиқаришга жорий қилиш бўйича кўрсатмалар беради.
А.А.Ильюшин шу 23 саҳифада пўлат қоришмали чўян олиш 
ва ундан снаряд ишлаб чиқаришнинг янги, ҳар бир деталигача ниҳоятда аниқ ҳисоб-китобларини яратди. Бу кашфиётнинг 1942 йил бошида саноатда ишлаб чиқаришга жорий қилиниши фанда ҳам, урушда ҳам ҳақиқий бурилиш бўлди. Чунки, бу кашфиётда бешта муҳим жиҳат бор эди: Биринчидан, пўлат қоришмали чўян снаряд олдингиларига қараганда ниҳоятда арзон эди. Иккинчидан, бундай хом ашёни собиқ иттифоқнинг шарқий ўлкаларидан етарлича топса бўларди. Учинчидан, пўлат қоришмали чўян снарядлар олдингиларига қараганда механик ишлов беришга жуда қулай эди. Тўртинчидан, Ильюшин ҳар хил калибрли снарядларнинг чўян учун ниҳоятда аниқ химиявий таркибини кўрсатиб берди. Бешинчидан, бу ҳисоб-китобларда илгари яроқсиз ҳолга келиб қолган снарядларни қайта ишлатиш йўллари кўрсатиб берилган эди.
1942 йилнинг бошида ушбу кашфиётнинг ишлаб чиқаришга жорий қилиниши “снаряд етишмовчилиги”ни бартараф қилибгина қолмай, “Сталинград артиллерия ҳалқаси”, “Курск ёйи” учун асос бўлиб хизмат қилди. Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, ушбу 23 саҳифалик ҳисоб-китобларда иккинчи жаҳон урушида ғалабанинг моддий асоси бўлиб хизмат қилган янги типдаги снарядларни ишлаб чиқариш назарий жиҳатдан кашф қилинган эди.

Abduqadir Sattarov, [08.04.20 05:19]
Қизиқ бир факт. Пўлат қоришмали чўяндан ясалган снарядлар Сталинград артиллерия ҳалқаси ва Курск ёйида ўзини оқлагандан кейин, ВКП(б) Марказкоми биринчи котиби И.В.Сталин Ильюшинни чақириб табриклайди ва Фанлар академиясига академикликка конкурс учун ҳужжат топширишни сўрайди. Олим ўзининг ёшлигини – ҳали энди 30 ёшга тўлганини сабаб қилиб, академикликдан воз кечади ва шаҳар ташқарисидан дала ҳовли беришни сўрайди. Шу-шу дала ҳовлисини қуриб олади-ю, бир умр СССР ФА академиги бўлолмай армонда ўтиб кетади. Гарчи, 60 дан зиёд фан доктори, академиклар, 100 дан зиёд фан номзодларини тайёрлаб етиштирган бўлса ҳам!
А.А.Ильюшин ўз ҳисоб-китобларига ниҳоятда пишиқ, снаряд тайёрлаш жараёнларини заводларга бориб, текшириб кўрар эди. Олим шогирди Т.Рашидовга (ҳозирги кунда ЎзР ФА академиги, Ўзбекистон давлат мукофоти совриндори) ҳикоя қилишича, 1942 йил бошида Қозон шаҳридан Тошкентга келаётган юк поездига миниб, Тошкентга келган ва ундан Самарқанд шаҳрига бориб пўлат қоришмали чўяндан ишлаб чиқарилаётган снарядларни шахсан ўзи текшириб кўрган, ўша пайтда Самарқанд шаҳрида жойлашган ҳарбий Артиллерия академияси мутахассислари билан суҳбатлашган. А.А.Ильюшин кашфиёти бўйича уруш йилларида Ўзбекистонда 560000 снаряд ишлаб чиқарилиб фронтга жўнатилган. Эҳтимолки, ўзбек олимлари билан, жумладан, талабалик дўсти М.Т.Ўрозбоев (кейинчалик ЎзР ФА академиги, Ўзбекистон давлат мукофоти совриндори) ва ўша пайтда Ўзбекистонда илмий-тадқиқот олиб бораётган рус олимларига яратилган шароитлар билан танишган ҳамда Ўзбекистонда мустақил Фанлар академиясини ташкил этиш ҳақида суҳбатлашган бўлиши мумкин.
А.А.Ильюшиннинг ҳикоя қилишича, 1943 йилда И.В.Сталин Ўзбекистон ВКП(б) Марказкоми биринчи котиби Усмон Юсуповни Москвага чақириб, фронт учун зарур давлат топшириқларини бажаришни буюрган. У.Юсупов Кремлдан чиқиб кетаётганда, И.В.Сталин сўраган:
- Ўзбекистон учун ҳеч нарса сўрамадинг-ку?
У.Юсупов ўйланиб турмай жавоб берган:
- Ўзбекистоннинг ўз мустақил Фанлар академияси бўлса, барча муаммоларни ўз вақтида ва илмий асосда ҳал қилардик!
Шундан сўнг Ўзбекистон ФА сини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори чиққан. Иккинчи жаҳон уруши авж паллага чиққан (1943 йил 4 ноябрь) бир пайтда Ўзбекистонда ФА ташкил этилди. Бунда А.А.Ильюшинга ўхшаган ва Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган рус олимларининг ҳам муайян ҳиссаси борлиги, шубҳасиз. Афсуски, ушбу фактларни тасдиқлайдиган далилларимиз ҳозирча етарли эмас. 
Энди иккинчи жаҳон урушида бурилиш ясаган кашфиётга қайтайлик. А.А.Ильюшин амалга оширган математик ҳисоб-китобларда механика фанида янги бир назарияга – “Чексиз кичик эластик-пластик деформация назарияси”га асос солинган эди. Олимнинг бу кашфиёти армияда “Артиллерия – уруш худоси!” деган машҳур иборанинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Шунингдек, ушбу аҳамиятга молик натижада қадрдон шаҳриимиз, шарқ гавҳари ҳисобланган Самарқанд шаҳри ва унинг заҳматкаш халқининг, А.Ильюшинга ҳаммаслак бўлган ўзбек зиёлиларининг ҳам самарали ҳиссаси борлиги ҳаммамизга фахр-ифтихор туйғусини бағишлайди.
Қурол-яроғ ишлаб чиқариш саноатининг йирик раҳбарларидан бири, генерал Н.Д.Иванов 1942 йилнинг ўрталарида 30 ёшлик олимга қараб шундай тарихий ибора ишлатади: “Уруш ва ғалаба учун нима иш қилганингизни сиз ҳеч қачон тушуниб етолмайсиз!” (См.: А.А.Ильюшин – выдающийся механик современности. М.: МАМИ, 2013. С.23).

Abduqadir Sattarov, [08.04.20 05:19]
Ҳа, чиндан ҳам бу кашфиётнинг амалий аҳамияти инсон тасаввуридан юқори туради. 23 саҳифалик математик ҳисоб-китобларда пўлат қоришмали чўяндан снаряд ишлаб чиқариб иккинчи жаҳон урушининг тақдирини ҳал этиш, ўз номини мангуликка дахлдор қилиб қўйиш, механика фанида янги назарияга асос солиш ҳар қандай олимга насиб қилавермайди, балки ўз соҳасининг даҳо олими, Ватан ҳимояси – иймон белгиси деб билган чинакам ватанпарвар инсонгагина насиб қиладиган илоҳий неъматдир. А.А.Ильюшин ана шундай бахтга сазовор бўлган олим эди. Унинг ушбу кашфиёти механика фанида янги назарияга асос солганлиги учун 1943 йил собиқ Иттифоқ (ҳозирги Россия) ФА мухбир аъзоси қилиб сайланди. Унинг уруш йилларидаги илмий-тадқиқотлари 1947 йилда Иттифоқ мудофа вазирлигига қарашли Артиллерия фанлари академиясининг академиги, I – даражали Сталин (Давлат) мукофотига сазовор бўлди.
А.А.Ильюшин урушдан кейин Ўзбекистонда замонавий механика фанининг турли соҳаларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди. Айниқса, 1966 йилдаги Тошкент зилзиласидан кейин зилзилабардошлик муаммоси билан жиддий шуғулланди. Кўплаб фан докторлари – Т.Рашидов, Т.Бўриев, Ғ.Хожметов, К.Бобомуродов, Ё.Мубораков, А.Абдусаттаров, Т.Мавлонов ва бошқаларни тарбиялаб етиштирди, шулардан учтаси – Т.Рашидов, Т.Бўриев, Ё.Мубораковлар ЎзР ФА академигидир.
Ильюшинни эслаб...
Олимлар бор, тиллари бийрон,
Олимлар бор, сўзи жарангдор.
Олимлар бор, гапга чечанмас –
Жаранглаб турувчи иши бор.
Олимлар бор, унвони судрар,
Иши эса орқага тортар.
Олимлар бор, ишлари доим
Эгасига шарафлар ортар.
Йигирма уч саҳифада у,
Этди уруш тақдирини ҳал.
Ўз номини қолдирди мангу,
Снарядни қилиб мукаммал.
Маънавий эскирган ҳисобни,
Рад этди у яратиб дастур.
Артиллерия – уруш худоси!
Деганлари бежиз эмасдур.

Ислоҳ қилди қурол-яроғни,
Улуғ ғалабада хизмати бисёр.
Бугун унинг ғояларининг
Давомчиси – шогирдлари бор.
Олимлик – қалбга нур бахш этмоқ,
Олим яшар – ўз ғояси билан.
Олимлардан худо асрасин –
Гар яшаса ўз сояси билан!
***
ЎзР ФА академиги Турсунбой Рашидов,
техника фанлари доктори, профессор Ғойибназар Хожметов,
доцент Муҳаммад Раҳим.
.

Комментариев нет:

Отправить комментарий