ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 9 апреля 2020 г.

Abduqadir Sattarov, Шоҳрух Абу Наср Шоҳрух Баҳодир султон

Abduqadir Sattarov, [10.04.20 08:10]
Шоҳрух
Абу Наср Шоҳрух Баҳодир султон
(таваллуди, 1377 йил 20-август, Самарқанд... вафоти – 1447 йил 19-март, Рай шаҳри.. ҳозирги Эрон)
Амир Темурнинг 4-ўғли, Темурийлар ҳукмдори. Ёшлик йиллари Самарқандда ўтган, шу ерда дунёвий ва диний таълим олган. Амир Темур 1390-91 йиллар Дашти Қипчоққа ва 1392 йил ҳарбий мамлакатларга 5 йиллик юришлари чоғида Шоҳрухни мамлакатни бошқаришга тайинлаб қолдирган. Кўп ўтмай, Амир Темур Шоҳрухни ўз ёнига чақириб олади ва 17 ёшли Шоҳрух жанговар ҳаракатларда қатнаша бошлайди. Амир Темур уни лашкарнинг манғлай ва жуванғар қисмларига тайинлайди, кейинроқ эса, Самарқандга қайтариб, пойтахтни бошқариб туришни топширади. Амир Темур 1396 йил Шоҳрухга Хуросон ўлкасини суюрғол қилади ва тегишли қўшин ҳамда элат билан бирга уни ўз мулкига жўнатади. Шоҳрух Амир Темурнинг 7 йиллик юришида, хусусан, Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашган, лашкарнинг илғор, манғлай, жуванғар қисмларини бошқарган; жангларда шахсий дов-юраклик ва маҳорат намойиш этган. Уни адолатпарвар, раият тинчлигини кўзловчи шахс сифатида билганлар; қамалда қолган шаҳарлар аҳолиси аксари ҳолларда сулҳ таклифи билан Шоҳрухга мурожаат қилганлар ва у ҳам ўз ёрдамини аямаган. Баъзи ҳолларда, Амир Темур Шоҳрухни лашкарнинг ўғруқ қисмини қўриқлашга мутасадди қилган. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома”да ёзишича, Амир Темур ҳаётининг кейинги йилларида Шоҳрухнинг давлатдорлик сифатларига алоҳида эътибор берган. Чунончи, Хитойга юриши чоғида, салтанат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, ҳарбий ўлкаларни идора этиш каби катта масъулиятни Шоҳрух зиммасига юклайди ва уни Хуросонда қолдиради. Соҳибқирон 1391-92 йиллар мўғуллар босқини даврида бутунлай хароб қилинган Банокат шаҳри ўрнига янги шаҳар барпо этиб, у ерга атроф ерлардан аҳолини кўчириб обод қилади ҳамда уни Шоҳрухга суюрғол қилади ва бу шаҳар Шоҳрухия номи билан шуҳрат топади.
Амир Темур вафотидан сўнг, Шоҳрух ҳукмдорлигининг дастлабки йилларида Темурийлар салтанатида кучли тарқоқлик юзага келиб, салтанатнинг турли қисмларида яккаҳокимлик учун кураш бошланиб кетди. Мовароуннаҳрда Самарқанд тахтини Халил Султон эгаллади, Озарбайжон ва Ажам Ироқини Қора Юсуф, Араб Ироқи ҳудудини Султон Аҳмад ўз қўлига киритди. Эронзаминда темурий шаҳзодалар ўзаро низолашардилар, Мозандарон, Балх, Ғур ва бошқа вилоятларда ҳам исёнлар юзага келди. Шоҳрух салтанатда вужудга келган низолар, исёнлар, яккаҳокимлик учун чиқишларни теран қобилияти, маҳорати, тафаккури, олиб борган сиёсати туфайли бирин-кетин бостиришга муваффақ бўлди.
1405 йил мартда Шоҳрух расмий равишда Темурийлар салтанати ҳукмдори сифатида Хуросон тахтига ўтирди ва ўз номидан хутба ўқитиб, пул (танга) зарб қилдирди.
Шоҳрух ўз ҳукмдорлиги чоғида Темурийлар салтанатининг ҳудудий кенглиги, ҳарбий салоҳияти, кучли иқтисодий мавқеини сақлашга интилди. Бунинг учун Мовароуннаҳр, Эронзамин, ва ҳозирги Озарбайжон ҳудудларига юришлар қилиб ғалаба қозонди; 1429 йил Шоҳрух Озарбайжонда хавфли кучга айланган амир Искандар ибн Қора Юсуф устига деярли бутун салтанати ҳудудидан лашкар йиғиб юриш қилади. Салмос чўлида иккала томон ўртасида қаттиқ жанг бўлади; Шоҳрух ўғиллари Мирзо Бойсунғурни лашкарнинг жуванғарини, Иброҳим Султонни баранғарини бошқаришга белгилайди; Муҳаммад Жўгийни эса ўзига тегишли бўлган ғул қисмда қолдиради. Шиддатли жангдан сўнг Шоҳрух лашкари зафар қучади. Шоҳрух Сейистон ва Бадахшонга лашкар жўнатиб, у ерлардаги исёнларга чек қўяди. 1405 йилдан 7 йил давомида Хоразмни забт этиб турган Дашти Қипчоқ амирларига қарши Шоҳрух катта лашкар жўнатади ва ғолиб келиб, Хоразмни Темурийлар салтанати таркибига киритади ҳамда вилоятни бошқаришга саркарда амир Шоҳмаликни белгилайди. Шоҳрух кўпгина низоларни сулҳ йўли билан бартараф қилган ва бунда таниқли давлат арбоблари ва шайхлар хизматидан кенг фойдаланган. Умуман, Шоҳрух ҳукмронлиги даврида шарқда Мўғулистондан тортиб ғарбда Миср ва Рум ерларигача, жанубда Ҳиндистоннинг марказий қисмидан бошлаб шимолдан то Дашти Қипчоқ чегараларигача бўлган жойлар Темурийлар салтанати таркибига кирган.

Abduqadir Sattarov, [10.04.20 08:10]
Салтанатни суюрғол тизими бўйича бошқарган; мамлакат ҳудудини ўғиллари, неваралари, қариндошлари, хизмат кўрсатган садоқатли амирларига суюрғол қилиб берган. Тарихчи Ҳофизи Абрунинг “Зубдат ат-таворих” асарида ёзилишича, Шоҳрух 1443- йил Миср подшосига элчи йўллаб Каъба уйига ёпинчиқ кийгазишни сўрайди ва розилик олади. Шу асосда 1444-1445 йил каъбапўш тайёрлатиб, уни шайх Нуриддин Муҳаммад ал-Муршидий ва мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Абҳарий воситасида Маккага жўнатади; улар каъбапўшни муқаддас Каъба уйига ёпиб қайтадилар. Шоҳрух подшоҳлик девонида кундалик ишларни доим назорат қилиб борган; қарорлар қабул қилишда кенгаш ва маслаҳатга кенг ўрин ажратган, кўпчилик фикрини инобатга олган ҳолда адолатли ҳукмлар чиқарган. Шунингдек, девонда диний ва дунёвий масалалар юзасидан етук алломалар иштирокида суҳбатлар, фиқҳ, тиб, нужум, география, тилшунослик ва бошқа фан соҳалари бўйича баҳс-мунозаралар ташкил қилган, ўзи ҳам уларда фаол қатнашган. Шоҳрух салтанати ҳудудида бунёдкорлик фаолияти учун катта имкониятлар юзага келди. Шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, савдо, деҳқончилик, илм-фан, маданият тез суръатлар билан ривожланди. Шоҳрух бунёдкорлик ишларига, хусусан, шаҳарлар ободончилиги ва суғориш тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб Ҳирот (1405 йил), Балх (1407 йил) шаҳарларини тиклашга олий фармон берган. Чингизхон юриши чоғида хароб қилинган (1220 йил) Марв шаҳрини қайта барпо этилиб, унга Мурғоб дарёсидан ариқ қаздириб сув келтирилди. Суғориш тизими яхшиланди, янги ерлар ўзлаштирилди, экин майдонлари кенгайди. Шаҳарларда ҳунармандчилик ва савдо ривожланди, кўплаб маданий-маънавий муассасалар — мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар қурилди. Шоҳрух илм-фан ривожига алоҳида эътибор берди. Ҳирот, Самарқанд, Бухоро, Машҳад, Шероз ва бошқа шаҳарларда илм-фан кенг ривож топди. Самарқандда Мирзо Улуғбек расадхона барпо этиб аниқ фанлар ривожланди; Нақшбандия таълимоти ёзма мерос тарзида шаклланди ва шу йўналишда бир қанча асарлар ёзилди. Ҳирот ва Шероз шаҳарларида тарихнависликка катта эътибор қаратилди. Амир Темур ва темурийлар тарихига оид бир қанча йирик асарлар яратилди. Темурийлар салтанатида китобат ва миниатюра санъати юксалди. Ҳиротда Мирзо Бойсунғур ва Шерозда Иброҳим Султон бу соҳаларнинг ривожига катта ҳисса қўшдилар.
Шоҳрух ҳукмронлиги даврида Темурийлар салтанатининг халқаро миқёсдаги нуфузи ортди; давлатлар ўртасидаги элчилик муносабатларига Шоҳрух жуда катта эътибор берган. Унинг ҳузурига Хитой, Ҳиндистон, Миср, Шом, Рум, Европа, Дашти Қипчоқ ҳукмдорларидан элчилар келгани ва Шоҳрух ҳам ўз элчиларини жўнатгани ҳақида Темурийлар даври тарихий манбаларида маълумотлар қайд этилган ва иккита элчилик ҳақида мукаммал кундалик ҳам ёзилган. 1419-1422 йиллар Хитойга бориб келган сафар хотиротлари, унда бевосита қатнашган Ғиёсиддин Наққошнинг кундалиги ҳамда 1442-1444 йиллар Жанубий Ҳиндистонга бориб қайтган элчиларнинг сафар тафсилотлари, уни бошқарган Абдураззоқ Самарқандийнинг сафарномасида акс этган. Шоҳрухнинг элчилар воситасида йўллаган мактубларида савдо йўллари хавф-сизлигини таъминлаш ва халқаро савдо-сотиқни ривожлантириш алоҳида таъкидланган. Буюк ипак йўли орқали савдо ва элчилик карвонлари мунтазам қатнаб турган. Шоҳрух ўзининг халқаро сиёсатида давлатлараро тинч-тотувлик ва дўстона муносабатлар таъминланишини устувор йўналиш деб билган. Шоҳрухнинг давлатчилик сиёсатида бунёдкорлик ишларига катта эътибори натижасида илм-фан ва маданият ривожида ўзига хос уйғониш бўлади ва бу ХV асрнинг 2-ярмида Алишер Навоий даврида Хуросонда илм-фаннинг юксак ривожланиши бунга мисол бўла-олади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий