ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 11 апреля 2020 г.

синов

СИНОВ

Оқибат кўтарилди одам наслида,
Кўринди  гўзаллик шайтон васлида,
Кирланиб кетганди дунё аслида,
Шу он келди юртга мушкул бир Синов.


Кибр худбинликлар авж олган палла,
Она боласига айтмасди алла,
Бутун олам тўла найранг ва ҳийла,
Шу он келди юртга мушкул бир  Синов.

Ота боласини танимаган чоқ,
Бола отасига кўтарган пичоқ,
Ноҳақлик авжига чиқиб турган чоқ,
Шу он келди юртга мушкул бир Синов.

Қизларга кор қилмас ўгитлар ҳатто,
Аёллар юзида қолмади ибо,
Ҳатто, кўплар ўзин санади Худо
Шу он юртга келди мушкул бир Синов.

Яхши кийсам дейди хотин тушмагур,
Пул топайин дейди эр шўрлик қурғур,
Занглаб қолганида бизда тафаккур,
Шу он юртга келди мушкул бир Синов

Кўтарилиб кетди юртдан барака,
Одамлар бир бирин қилар калака,
Намоз ўқиш учун етмас малака,
Шу он юртга келди мушкул бир  Синов.

Қондошлар бир бирин хабар олмади,
Роббим буни бекор бошга солмади,
Халол ва ҳаромнинг фарқи қолмади, 
Шу он юртга келди мушкул бир Синов.

Бутун дунё узра билдириб борин
Бугун тинглаяпти бандалар зорин
Шунда ҳам баъзилар ўйлайди "қорин"
Шу он юртга келди мушкул бир  Синов

Аршни титратгизиб урчиди гуноҳ
Бандаларнинг кўпи бўлдилар гумроҳ
Бугун бутун дунё айтяпти, эй воҳ
Шу он юртга келди мушкул бир Синов

Қўрқув ваҳимадан кўнгиллар ҳалак
Кузатиб турибди осмону фалак, 
Тангрим Қиёматдан берибон дарак
Юборди биз учун мушкул бир Синов.

                      ******
Мана энди ҳамма уйига қочар, 
Қўлларин бетиним дуога очар, 
Савоб ишлар билан яхшилик сочар,
Бошга келганичун мушкул бир Синов.

Энди ҳамма ҳар он ювар қўлини,
Савоб билан очсам дейди йўлини,
Ҳатто сотса буюм, олмас пулини
Бошга келганичун мушкул бир Синов.

Бир бирини қўллаб, ҳозирги дамлар,
Тўғри босмоққа шай энди қадамлар,
Эҳ, олдинроқ қайда эдик одамлар,
Бошга келгунича мушкул бир Синов.

Комментариев нет:

Отправить комментарий