ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 26 января 2019 г.

Ҳабиб СИДДИҚ,

Ҳабиб СИДДИҚ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
ИЖАРАГА ОТА КЕРАКМАСМИ?..
 (Тўқилмаган  ҳангома)
  Талабалар етти ухлаб тушингизга кирмайдиган ҳангомаларни ҳам, афсунгарларни-да лол қолдирадиган найрангларни ҳам ўйлаб топишади. Ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз воқеа ҳам ана шундан яна бир далолат. 
...Аёлнинг кўз ёшини кўриб ректорнинг ҳам кўнгли юмшади. Бўлмаса-ку шунча вақт дарсларда қатнашмаган талабани ҳеч
қачон кечирмаган бўларди. Муштипарнинг юракни эзиб юборувчи ҳасрату нолаларидан кейин факультет деканини койиди - талабасининг ҳолидан хабар олмаганлиги учун. Ахир бечора тўрт ойдан буён оғир аҳволда ётган бемор отасига қараш билан овора экан. Оиласи ҳам ночорлигини билишмабди. Муҳокама-ю мунозара анча чўзилиб кетди. Йигит қайта-қайта тавба қилди. Онаизор йиғисини тўхтатолмай ҳиқиллаб-ҳиқиллаб дуо қилган бўлди. Бу орада котиба қиз кириб ректорга қўшни вилоятдан келган бир киши учрашмоқчилигини ва бироз шошилаётганлигини айтди. Ректор “меҳмон кираверсин”, деб муҳокамага қисқа якун ясади.
  Аёл ташқарига чиқиши билан меҳмон кирди. Ректорнинг шогирдларидан бўлган бу одам кирибоқ йигитга кўзи тушиб,
-Ие, Содиқ, сен ҳам шу ердамидинг? –деб сўради.
Талаба ярқ этиб меҳмонга қаради, саросимага тушиб ранги оқариб кетди. Нимадир демоқчи бўлди. Бироқ, тили калимага келмади. Ҳиёл бош силкиб, шошганича ерга боқиб чиқиб кетди.
  Ректор салом-аликдан кейин ҳайрон бўлиб сўради: 
  -Нима, сиз бу талаба йигитни танийсизми?
   -Ҳа, бу, тоғамнинг ўғли-ку!
  -Шундай-ми? Тоғангиз тузукмилар ишқилиб?
  -Э, зўр. Тоғамни танийсиз, Эшбоев-да. Қўшма корхона директори. 
  -А-а?... Ҳалиги чиқиб кетган аёл келинойингиз экан-да.
  -Йўғ-э, у аёлни танимайман.
  Ректор ҳайратдан қотиб қолди.
  -Ахир, у аёл бир соатдан буён бечора боласининг оғир аҳволда ётган бемор отасига  қараб дарсларга келолмаганини, эри ўлиб ўлолмай, тузалиб тузалолмай бехуш ётганини, ўзи ҳам қийналиб адои тамом бўлганини айтиб йиғлади-ку!
 – Йўғ-э!... Тоғам кеча Японияга учиб кетди. Ҳорижлик ҳамкорлар билан шартнома имзолаши керак экан. Бир айланиб келсин деб, келинойимни ҳам олиб кетди.
  Тезда йигитни ва аёлни топиб қайтариб келишга буйруқ бўлди. Йигитни “ёлланган она”си билан қаҳвахонада чақ-чақлашиб ўтирган еридан топишди ва ҳар иккисини зинғиллатиб институтга олиб келишди. 
  Жиддий суриштирув чоғида сир очилгач аёл яна йиғлади. Йигитнинг илтимосини рад этолмаганини, кўнгли бўшлигини, вақтинча “она”си бўлиб туришга розилик бериб хато қилганлигини айтиб йиғлади. Лекин, бу гал йиғиси сал ишончсизроқ чиқди. 
Талаба йигит эса тўқликка шўхлиги боис боши деворга урилганини англади, энди ҳаммаси тамом бўлганлигини тушуниб, бутунлай бошини кўтаролмади. 
  Қизиғи шундаки, бу ҳол биринчиси эмас экан. Муайян ҳақ эвазига вақтинчалик “муштипар она”, “бечора ота” ролларини ўйнайдиганлар, ўйнатадиганлар ҳам онда-сонда бўлса-да учраб тураркан. 
  Шундан кейин ҳангоматалаб талабалар ва ўқитувчилар орасида буюртмалар қабул қилинаётганлиги ҳақида ҳазиломуз эълонлар пайдо бўлди: “вақтинчалик она” ҳар соати – 50 минг сўм”, “вақтинчалик ота” ҳар соати – 100 минг сўм”. 
📌 🌷 ☝🏻 Мақола ёққан бўлса Дўстларингиз билан бўлишинг
 - Фойдали ва саломатлигиз учун керакли канал😻💞. Ранг баранг хабарлар ,турли касалликлар ва уларни олдини олиш.  Яқинларингизга улашинг ,Сизлар билан доим Каналга уланиш учун линкни устига босинг👇👇👇 

телеграмда 👉  @malhamuz  ёки cайтда👉👇👇

www.malhamuz.blogspot.com
🌹
🌿🥀🌹🌺 💞

Комментариев нет:

Отправить комментарий